Ўқитувчиларни 6 ёшида лол қолдирган бола

Шомурод Шопўлатов 6 ёшга тўлиб, мактаб остонасига илк қадамини қўйганида 2-синф математика дарслигидан берилган мисолларни осонгина ечган ва имтиҳон олаётган ўқитувчиларни лол қолдирган эди.
Бугун у “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони ва “Мард ўғлон” давлат мукофоти соҳиби.
– Ота-онам математик амалларни ечишдаги қобилиятимни тўрт ёшимда пайқаган экан, – деди Ш.Шопўлатов. – Улар шу соҳа бўйича таҳсил олишимда барча шароитни яратиб берди. Мактабни “аъло“ баҳоларга тугатиб, академик лицейда ўқиб юрганимда математика фанидан халқаро олимпиадада, форум ва конференцияларда қатнаша бошладим. Устозларимнинг ўгитлари, биргаликдаги меҳнатимиз натижасида “Мард ўғлон” давлат мукофоти совриндори бўлдим. Давлатимиз раҳбарининг бу эътиборидан бошим кўкка етди.
Шомурод Шопўлатов 1995 йили Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида туғилган. 2016 йили Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг бакалавр, 2018 йили магистратура босқичини тугатган. Президент Давлат стипендияси ва бошқа номли стипендиялар совриндори, Трой университетининг (АҚШ) масофавий ўқув курси битирувчиси. Қатор халқаро фан олимпиадалари ғолиби.
Ҳозир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Математика институти таянч докторанти, Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ математик анализ кафедраси ўқитувчиси.
– Кўпчилик математика фанини ўта мураккаб деб билади, – деди Ш.Шопўлатов. – Лекин ундай эмас. Ҳаммаси меҳнатга боғлиқ. Ҳар бир инсон танлаган соҳасини севиб, тинмай изланса, албатта, ўз мақсадига эришади. Ўқувчиларимизга хориж тажрибаси асосида билим берамиз. Мавзуларни содда ва ҳаётий мисоллар билан тушунтирамиз.
Президентимиз юртимизда технопаркларни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Уларда турли соҳа мутахассислари биргаликда фаолият олиб боради. Бу барча соҳа тараққиётига хизмат қилади.
Ўрни келганда айтиш жоизки, мамлакатимиз олий таълим муассасаларида иккинчи, учинчи босқич талабалари учун мутахассислигидан ташқари бошқа фанларни ўқитишга ҳам кўп дарс соати ажратилган. Хорижда эса иккинчи, учинчи курс талабалари асосан ўз соҳасига оид фанлардан таҳсил олади. Бундан ташқари, соҳамиздаги айрим дарсликлар янги нашрда чоп этилмаган. Анча йиллар аввал чоп этилган дарсликлардан фойдаланишга мажбур бўлаяпмиз. Бунга ҳам эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Албатта, илм йўли машаққатли эканини англаб бораяпмиз. Бу йўлда давлатимиз раҳбарининг алоҳида ғамхўрлигини сезиб турганимиз эса бизга катта куч-ғайрат, илҳом бермоқда.
Хуршид ҚОДИРОВ, ЎзА