“Ақлли бошлар” четга чиқиб кетмоқда(ми?) ёхуд хорижга интилаётган ёшлар ассоциация нигоҳида

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши қошида Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташкил этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Ассоциация ўтган қисқа вақт давомида хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган ёшлар ҳамда ўзбек диаспоралари билан ҳамкорлик қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш борасида салмоқли қадамларни қўйди. Ассоциация раиси Муродилла Алимбоев билан суҳбатимиз айни мавзуда бўлди.

—Муродилла, аввало, хорижда таъ­лим олаётган, меҳнат қилаётган ёшларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бошқа турдаги амалий ёрдамлар кўрсатиш борасида ассоциация томонидан қилинаётган ишлар тўғрисида фикрлашсак.

— Ҳозирги кунда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг юзга яқин вакили Германия, Япония, Туркия, Миср, Жанубий
Корея, Хитой, Россия, Қозоғистон каби давлатларда фаолият юритмоқда.
Волонтёрлар сафи кундан-кунга кенгайиб, айни пайтда минг нафардан ошганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ва ассоциациямиз ўртасида имзоланган меморандум хорижда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар муаммоларини кўриб чиқиш, ўрганиш, диплом нострификацияси билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.
Халқаро Person Hunters consulting компанияси директори — Юлия Яковлева билан ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзолаганмиз. Мақсадимиз Ўзбекис­тондаги компанияларнинг Россия,
Хитой, Япония, Германия, Туркия, Латвия давлатлари вакиллари билан бевосита ҳамкорлигини йўлга қўйиш, хорижда таълим олаётган ҳамда ишлаётган ёшларимиз ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятини яратиш.

— Ассоциация қандай лойиҳаларни амалга оширмоқда?

— Ўтган йилнинг ноябрь ойида Германия Федератив Респуб­ликасининг Берлин шаҳрида “Хорижий ин­новацион ғоялар ва технологиялар ҳамда уларни Ўзбекистонда татбиқ қилиш истиқболлари” мавзуида илмий-­амалий анжуман ўтказдик. Мақсадимиз Германия ва Европа давлатларидаги ватандош­ларимиз турли йўналишларда ишлаб чиққан инновацион ғоялар, ноу­-хау, ишланмалар ва янги технологик лойи­ҳалар билан яқиндан танишиш ҳамда бу лойиҳаларни Ўзбекистонда амалга оширишнинг маъмурий, қонуний асос­лари ва молиялаштириш масалалари юзасидан фикр алмашиш эди.
Анжуман жуда қизиқарли ўтди. Унда ўзбекистонлик иқтидорли ёш олимлар билан бирга хорижлик мутахассисларнинг Ўзбекис­тон Республикасида қиш­лоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, инновацион технологияларни жорий қилиш, энергетика, молия ва суғурта, шаҳарсозлик, туризм ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган тақдимотлари намойиш этилди. Анжуманда саралаб олинган инновацион лойиҳа ва маърузалар тўплам сифатида чоп этилиб, тегишли вазирлик ва ташкилотлар эътиборига ҳавола этилади.
Ўзбекистон фуқароларини меҳнат қилиш ва таълим олиш учун хорижга кетиш жараёни билан таништириш, чет элдаги муҳитга интеграциялашувига кўмаклашиш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, юз бериши мумкин бўлган хавф-хатарлар (фирибгарлик, товламачилик ва ҳоказо)дан огоҳ этиш мақсадида “Life Abroad” — “Хориждаги ҳаёт” лойиҳасини амалга оширдик. Шу йилнинг
15-18 апрель кунлари Қашқадарё вилоятининг Касби, Деҳқонобод, Миришкор ва Ғузор туманларида, ­29-31 май кунлари Самарқанд вилоятининг Нарпай, Оқдарё, Каттақўрғон туманлари ва Каттақўрғон шаҳрида ўтказилган мазкур лойи­ҳада 300 дан зиёд ёш иштирок этди. Тадбирда ватандош­ларимизнинг ҳуқуқий манфаатлари ва саводхонлиги, четда яшаш ва ишлаш учун зарур ҳужжатларни тайёрлаш, миг­рация қоидалари ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Яна бир лойиҳамиз “Career Bridge” — “Кар­ера кўприги”деб номланади. Лойи­ҳанинг мақсади — Ўзбекистондаги вазирлик, идора ва ташкилотлар, хусусий сектордаги бўш иш ўринлари ҳақида маълумот тарқатиш, хориждаги нуфузли университетларда таҳсил олаётган ўзбек ёшларини мутахассислигидан келиб чиққан ҳолда ишга таклиф этиш, икки томонлама фикр ва маълумот алмашиш учун шароит яратишдан иборат.
Чет элда таҳсил олаётган талабанинг олдида бир муаммо бўлади: “Ўзбекис­тонга қайтсам, иш топа оламанми?” Шу боис февраль­ ойида барча ижтимоий тармоқлар орқали онлайн видео­конференция ўтказдик. Конференцияда ахборот технологиялари, туризм, маркетинг, молия ва иқтисодиёт, тиббиёт йўналишида Япония, Хитой, Туркия, Латвия ва Россиянинг етакчи университетларида таҳсил олаётган 2000 дан зиёд битирувчи қатнашди. Ўзбекистондаги бўш иш ўринлари ҳақида тақдимот қилдик. Жами 60 та ташкилот (7 та давлат идораси ва 53 та хусусий сектор) бўш иш ўринлари ҳақида ­онлайн маълумот берди. Ёшларимиздан 20 нафари
Ўзбекистонда ишлаш истагини билдирди. Улар “British American Tobacco”, “Лукойл”, “Артел”, “Акфа”, “Акфа медлайн” каби компания­ларда фаолият юритмоқчи. Айни пайтда уларни расман ишга қабул қилиш жараёни кетмоқда. Аммо 20 нафар битирувчининг ишга қабул қилиниши катта натижа эмас! Келгусида лойиҳани давом эттириб, бўш иш ўринлари ҳақида тез-тез тақдимот қилмоқчимиз.

— Ностандарт, янгича фикрлайдиган кўплаб ёшлар юртимизда ўз ўрнини тополмай, хорижга интилмоқда. Қизиғи, улар ўша ерда униб-ўсмоқда. Буни қандай изоҳлайсиз?

— Тан олиш керак, кўплаб интеллек­туал салоҳиятли ёшлар хорижга чиқиб кетган. Ўзим чет элда ўқиганимда катта муваффақиятларга эришган илмли, ақлли ёшларимизнинг кўпини кўрдим. Уларнинг
Ўзбекистонда эмаслигидан афсусландим. Аммо аччиқ ҳақиқат шуки, биздаги шароит уларни қониқтирмаяпти.
Келинг, буни иккита йўналиш мисолида кўрамиз. Давлат иши ва хусусий сектор. Давлат идораларида кўпроқ автократик бошқарув шакли ҳукмрон бўлгани учун ёшларимиз ишлай олмаяпти. Чунки иш вақти соат 9 да бошланиб, баъзан ходимлар тунги 22-23 га қадар ишдан чиқиб кета олмаяпти. Раҳбарларнинг авток­ратик қараши, жамоадаги ёшларнинг фикри билан қизиқмаслиги, ўзининг дунёқарашидан келиб чиқиб иш олиб бориши янгича фикрлайдиган, тизимга янгилик киритмоқчи бўлган истеъдодли кадрларни қониқтирмаяпти.
Раҳбар қўл остидагилар фикрига қулоқ солса, улар билан кенгашиб иш тутса, ривожланиш бўлади. Айниқса, ёшлар креатив ғоялар, ҳар қандай масалага ноодатий ёндашув, шижоат ва ғайрати билан жамоага кўтаринкилик бағиш­лайди. Афсуски, бир қолипга тушиб қолган, эскича фикрлайдиган раҳбарларнинг таъсири ҳали кучли бўлиб турибди.
Хусусий секторда эса келажак мавҳум. Чунки бу соҳада қонунлар тўлиқ ишлаяпти, деб бўлмайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам маош масаласи бироз оғриқли.
Интелектуал салоҳиятли ёшларни ўзига тортаётган яна бир жиҳат, акса­рият­ чет эл олий ўқув юртларига ўқишга кириш осон. Ишлаш учун ҳам худди шундай шароит яратилган. Масалан, Жанубий Кореяга ўқишга борган талаба 6 ойдан кейин иш фаолиятини бошлаши мумкин. Бунда маълум бир соатларда ишлаш имкониятига эга бўлади. Шу соат­лар учун унга пул тўланади. Ўқишдаги шароитлар ҳам тубдан фарқ қилади. Талаба ўрганиши лозим бўлган фанларни ўзи танлайди. Ҳеч қандай қолипга тушишга мажбурланмайди. “Ўзинг учун ўқийсан” тамойили устун туради. Таълим тизими қизиқарли ишлаб чиқилган. Талаба шахс сифатида ривожланиш учун ҳаракат қилади. Ўз устида ишлайди. Турли йирик компаниялар билан амалиёт яхши йўлга қўйилган, барча тузилмалар яратилган.
Аммо ўқишга кетиб, асосий мақсадини унутиб, ўзини пул топишга урганлар ҳам йўқ эмас. Буларнинг барчаси йўқчиликдан. Айни шу жиҳатлар устида иш олиб боришимиз керак. Бизда потенциал катта. Ёшларимиз жуда зукко. Уларнинг бутун саъй-ҳаракатини ватанимиз гуллаб-яшнаши учун йўналтириш асосий вазифамиз.

— Ўзга юртларда ҳақ-ҳуқуқи топталган ёшларимизнинг муаммолари билан қандай тартибда ишлаяпсизлар?

— Шу йил 12 апрель куни Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг расмий почтасига Туркиядаги вакил ­Эргаш Жумаев томонидан мурожаат келиб тушди. Унда Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган консальтинг фирмаларидан бири 5 нафар юртдошимизга Истанбул шаҳридаги университетга шартнома асосида ўқишга қабул қилинганини айтиб, улардан
15 минг АҚШ доллари олган. Аммо фуқароларимиз Истанбулга келиб, бу университетда улар ҳақида ҳеч қандай маълумот қайд этилмагани, университетнинг бу фирма билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини кўриб, алданганини тушуниб етган. Бу иш ассоциациямиз томонидан ўрганиб чиқилди ва Ички ишлар вазирлиги жиноят қидирув бош бошқармасига қонуний чора кўриш учун юборилди.
Ҳозир бешта консальтинг компания устидан жиноий иш қўзғатилган. Ўқишга деб кетган ёшларимизга Туркияда қурол ўқталган, Кореяда депорт билан қўрқитганлар, минг афсус, ўзимизнинг миллатдошларимиз. Адлия ёки Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу ҳолатни назоратга олиши керак.
Хориж­га чиқиб кетаётган ёшларга ўзимизни таништириш учун ҳаракат қиляпмиз. Хорижий блогерлар билан ишлаяпмиз. Ёшларимизга керакли маслаҳат бериб, ҳақ-ҳуқуқларини танитяпмиз. Турли мамлакатлардаги консуллик идораларимиз ҳам фаол ишлаяпти.

— Хориждаги ўзбек диаспоралари билан ҳамкорлик ишлари ҳақида ҳам маълумот берсангиз.

— Барча мамлакатлардаги ўзбеклар рўйхати шакллантириляпти. Маълумотларга кўра, 2016 йили Россияда жами 289 минг 862 нафар этник ўзбек истиқомат қилган. Бугунги кунда уларнинг сони ортган. Россияда 33 та ўзбек миллий маданий маркази ва жамиятлари фаолият юритади. Астрахань, Владимир, Мурманск областлари ва Красноярск шаҳрида меҳнат миг­рантларини ҳимоя қилиш ва мослашишга кўмаклашиш марказлари, Смоленск,
Новосибирск, Пенза областларида эса
ўзбек ва келиб чиқиши Марказий Осиёдан бўлган диаспораларни ҳимоя қилиш марказлари фаолият олиб бормоқда.
Қозоғистонда қарийб 550 мингга яқин, АҚШда эса 2013 йилги маълумотларга кўра, 56 мингга яқин ўзбек умргузаронлик қилган. Улардан 12 мингга яқини Нью-Йорк­да истиқомат қилиши ҳақида маълумотлар тўп­ланди. Биз шу ва бошқа мамлакатлардаги турли ташкилотлар билан алоқа ўрнатиб, ҳамкорликда иш олиб боряпмиз.
Жорий йилнинг май ойида Ўзбекис­тон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси делегация­си Афғонистоннинг Ҳайратон ва Мозори Шариф шаҳарларида бўлди. Балх вилояти ҳокимлиги, ёшлар ташкилотлари раҳбарлари билан биргаликда Ғулом Муҳаммади
Майманаги номидаги хусусий мактабга бордик. Мактаб ўқувчилари дуч келаётган муаммолар, яъни ўқув қуроллари етишмовчилиги, дарслик китоблар умуман йўқлиги, таълим олиш учун шароитлар мавжуд эмаслиги маълум бўлди. Камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.Ўзбекистон делегацияси аъзолари хизмат сафари доирасида Балх давлат университетида фаол миллатдошларимиз
Нурулло Олтой, Муҳаммад Ёқуб Қуёш, Акик, Зия Қайсари ва талабалар билан учрашиб, Балх ва Жавзон олий билим юртидаги ўзбек тили ва адабиёти кафедрасида таълим олаётган ўзбекларга
358 дона ўзбек адабиёти намуналарини тақдим этдик.

Рисолат МАДИЕВА суҳбатлашди.