“БЕРУНИЙ”ДА БАРЧАСИ БОШҚАЧА БЎЛАДИ

Техника асрида яшаётганимизни ҳисобга олсак, ҳаётимизда компьютер технологияларининг аҳамияти катта. Ўтирган еримизда дунёнинг нариги четидаги инсон билан юзма-юз тургандек гаплашаётган бир пайтда орамизда ҳали компьютерни ўчириб-ёқишни ҳам билмайдиган ёшларнинг бўлиши ачинарли.

Беш ташаббуснинг учинчи йўналиши айни шу соҳага бағишлангани бежиз эмас. Бугун “Беруний” маҳалласида компьютер ва интернет хизматларини, компьютер саводхонлиги ва дастурлашга оид тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш учун барча шароитлар яратилмоқда. Жумладан, ҳудуддаги 48-умумтаълим мактабида “Рақамли технологиялар ўқув маркази” очилиб, 20 та компьютер келтирилди. Ҳозир уларни интернетга улаш чораси кўрилмоқда.
— Ёзги таътил жуда мазмунли ўтяпти. Мактабимизга компьютер келтирилгани бизни жуда хурсанд қилди. Кунига икки маҳал ишлайдиган тўгаракка акам иккаламиз навбат билан қатнаймиз. Тушгача мен, сўнгра акам келади, — дейди 48-мактабнинг 8-синф ўқувчиси Алимардон Мирзакаримов. — Ҳозир “Paint”, “Word” дастурларини ўрганиб, компь­ютерда тез ёзишни машқ қиляпмиз.
“Ўзбекистон” маҳалласидан “Беруний”гача 12 километр масофада жойлашган инфратузилма объектлари, корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳаллий аҳолини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш мақсадида оптик толали алоқа линияси тортилиб, интернетга уланди. 48-мактабда Wi-Fi ҳудуди ташкил этилди.