Барча имкониятлар ёшлар учун

Олий ўқув юрти ёшларнинг шахс сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Шу боис Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиалида
таълим сифатини ошириш, илғор ғоя ва ташаббусларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Низомий номидаги ТДПУнинг ўқув-услубий кўмаги, тажрибали профессор-ўқитувчиларнинг замонавий талаблар асосида илмий-тадқиқотлар олиб бориш, ўқув адабиётлари билан таъминлаш, долзарб мавзуларда дарс ва семинарлар ташкил этиш бўйича рағбати муҳим аҳамият касб этаётир.

Айни кунда филиалимизда 57 нафар профессор-ўқитувчи, жумладан, 3 нафар фан доктори ва профессор, 17 нафар фан номзоди ва доцент фао­лият юритмоқда. Талабалар “Мактабгача таълим”, “Бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иш”, “Математика ўқитиш методикаси”, “Информатика ўқитиш методикаси”, “Рус тили ва адабиёти” (ўзга тилли гуруҳлар), “Педагогика ва психология” таълим йўналишларида таҳсил олмоқда.
Профессор-ўқитувчиларда ўзига, ўта­ётган машғулотига ва талабаларга талабчанлик билан ёндашиш туйғусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда “Педагогика фанининг қадимдан ривожланиб келган ютуқлари ва илғор хорижий таж­рибалар: инновацион ва технологик ғоялар” мавзусида профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ҳамда талабаларнинг илмий-амалий анжуманини ўтказишни йўлга қўйдик.
Кафедралар фаолиятини янада такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш, “Устоз-шогирд” тизимини такомиллаштириш учун “ТДПУ Термиз филиали: натижа, жараён ва истиқбол” мавзусида инновацион лойи­ҳалар намойишини ҳам ҳар йили ўтказишга келишиб олдик.
Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ўртасида “Оммалаштириладиган намунавий очиқ дарс”, “Инновацион ғоялар лабораторияси”, “Энг сифатли ўқув-услубий ва илмий натижа” кўрик-танловларини ташкил этиш белгиланди. Кафедралар аъзолари бу танловларда қатнашиш учун изланишлар олиб бормоқда.
Профессор-ўқитувчилар илмий салоҳияти олий ўқув юртлари сифат кўрсаткичларининг асосий индикаторларидан бири сифатида қабул қилинган. Шунинг учун илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар базасини такомиллаштириш доимий эътиборимизда. Фанлар академияси билан ҳамкорликда ёш ўқитувчилар ва талабаларни илмий-тадқиқот ишларига жалб қилиш мақсадида педагогика фанлари доктори, профессор, академик Р.Жўраев ҳамда педагогика фанлари доктори, профессор Р.Сафарова билан доимий илмий семинарлар ташкил қилинмоқда. М.Қосимова, Н.Эгамқулова, З.Назарова, Ҳ.Базорова, Р.Омонов, Т.Эшмўминова, Ф.Ҳасанов, Т.Авлиёқулов, Э.Қурбонмурадов, З.Шофиев, З.Бозорова сингари эркин тадқиқотчилар илмий изланишлар олиб бормоқда. Шу йилнинг ўзида жамоа профессор-ўқитувчиларидан Ш.Қосимов (PhD) ва Г.Эрназарова (DSc) докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди. Техника фанлари номзоди, доцент У.Абдиев, илмий изланувчилар Г.Мирсобирова, Н.Панжиева ва А.Қиёмов ҳам илмий ишларини ҳимоя қилиш арафасида турибди.
2018-2019 ўқув йилида профессор-ўқитувчиларимиз 5 та инновацион лойиҳа тайёрлади. Шундан 2 та ўқув-методик ишланма чоп этилди, 3 та дастурий маҳсулотга патент гувоҳномалари олинди.

Таълим стратегияси

Талабалар бакалаврлик даражасини олиши учун ўқитиладиган барча фанлар, малакавий амалиёт, мустақил иш, давлат аттестациялари ва курс ишлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Шу каби талабларни қамраб олган “Таълим олиш стратегияси” номли тарқатма материал тайёрланди ва гуруҳларда тақдимоти ўтказилди.

Талаба қанча соатда нечта фан ўқийди, билим, кўникма, малакалар мавжудлиги ва кетма-кетлиги, қайси таълим йўналишида қанча соат ўқилганда нима бўлади, қачон қандай тартибда назорат ишлари бўлади? Шу саволларга жавоб изладик. “Таълим олиш стратегияси”ни янада такомиллаштириш ва ундан унумли фойдаланиш жараёнининг сифатини ошириш ниятида илмий изланиш ва кузатувлар олиб бормоқдамиз.
Талабаларимиз ташаббуси билан “Инновацион бошланғич таълим” ва “Инновацион мактабгача таълим” лабораториялари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ташкилий ҳамда амалий ишлар бошлаб юборилган. “Илк ва ишончли қадам” ҳамда “Мақсадли қадам” номли илмий тўгараклар эса аллақачон иш
бошлади.
Бу каби интилишларимиз натижасида филиалда шаффоф баҳолаш тизимини шакллантиришга, профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги манфаатли муносабат фақат юқори малакали кадрлар тайёрлашдан иборат эканини ўқитувчилар онгига сингдиришга интиляпмиз. Ҳар бир профессор-ўқитувчи талабалар келажак бунёдкори эканини англаган ҳолда ўз устида тинмай ишламоқда. Бунинг самараси илмий изланишлар мазмуни ва дарс машғулотлари сифати ошаётганида кўринмоқда.

Талабалар ташаббуси

Президентимизнинг ёшлар маънавиятини юксалтириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича бешта муҳим ташаббуси ижроси ҳам талабалар ўртасида ўта масъ­улият ва жуда қизиқиш билан бажарилмоқда. Хусусан, 1-ташаббус бўйича талабаларимиз “Тафаккур синовлари” республика танловида иштирок этди. Талабалар ўртасида “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови, “Жануб зукколари”, “Ягонасан, муқаддас Ватан” каби танловлар ўтказилди.

Шу билан бирга, муассасамизда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси кўмагида “Ёш ижодкорлар” клубини очдик. Клубга филология фанлари номзоди, доцент, таниқли шоир Болта Ёриев раҳбарлик қилмоқда. Яқинда вилоят Матбуот уйида ўтказилган “Сурхон ижодкорлари” тадбирида ҳам клуб аъзолари фаол иштирок этиб, фахрий ёрлиқ ва китоблар билан тақдирланди. Клуб аъзоси, бош­ланғич таълим ва спорт тарбиявий иш факультетининг II босқич талабаси Холмурод Норқуловнинг “Дил дафтари” номли илк китоби ўқувчилар қўлига етиб борди. Клуб аъзоси Сирожиддин Чориев Қарши шаҳрида ўтказилган “Ёш ижодкорлар” ўқув-семинарининг ҳудудий босқичида муносиб иштирок этди.
Ўқув даргоҳимизда бадантарбия машғулотлари ўзгача иштиёқ билан ташкил этилмоқда. Доно халқимиз “Соғ танда — соғлом ақл”, деб бежиз айтмаган. Спорт билан шуғулланган инсон, албатта, соғлом ва ғайратли бўлишини барча ходимлар англаб етган. Дарҳақиқат,

2-ташаббус бўйича ёшларни жисмоний чиниқтириш, спорт соҳасидаги қобилиятини намоён этиши учун бир нечта тадбирлар амалга оширилмоқда.

Рус тили ва адабиёти йўналиши талабалари ўртасида “Қувноқ стартлар” спорт мусобақаси уюштирилди.

Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйида учрашув ўтказдик. Тарбияланувчилар иштирокида шашка, шахмат, волейбол, баскетбол, футбол мусобақалари ўтказилди.
3-ташаббус — ёшларнинг компь­ю­тер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишини ташкил этиш бўйича ҳам ишлар қизғин
боряпти.

Информатика ўқитувчилари фан бўйича гуруҳлар ўртасида “Заковат” ўйинини ташкил этди.

Бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иш факультети талабалари 4-ташаббус — ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича “Саёҳатчи китоб” танловини ўтказди. Бунда талаба эмас, китоб “саёҳат” қилади.

Талабаларнинг ҳар бири биттадан тарихий ва замонавий, детектив, фантастик мавзулардаги китобларни олиб келади. Келтирган китобини талабанинг ўзи, албатта, ўқиган бўлиши керак. Ёшлар ўзаро китоб алмашиб, китобини “саёҳатга” жўнатади.

Муҳим ташаббусларнинг охиргиси бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласида ҳам жамоамизда амалий ишлар бошланган.

Мактабгача таълим йўналиши талабаларидан М.Қурбонова ва Н.Абдураҳмонова дарсдан бўш вақтида Термиз шаҳридаги 11-мактабгача таълим муассасасида компь­ютер технологияларидан илк тушунча берувчи ва тикувчи сифатида фаолият олиб бормоқда.
Муассасамизда интернет тизими ва тезлигини ошириш мақсадида сервер қурилмаси ўрнатилди, локаль ва корпоратив компьютер тармоқлари, электрон ҳужжат айланиш тизими шакллантирилди.
Бугунги кунда электрон ички ҳужжат алмашиш тизими ва электрон журнал, иш юритиш, бошқарув ва назорат қилишнинг замонавий усулларига ўтишни таъминлайдиган компьютер дастурлари жорий этилди. АРМда профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун Wi-Fi зонаси ташкил этилган. Натижада турли тадбир ва якуний назорат ишларини тўлиқ онлайн тартибда ташкил этиш имкониятлари яратилди.

Халқаро ҳамкорлик

Маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деб барчани илму фанни ўрганишга даъват этган. Шу боис мустаҳкам халқаро алоқаларни йўлга қўйиш учун тинимсиз изланишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, Россия олий таълим муассасаларидан Москва шаҳар педагогика институти, Волгоград давлат ижтимоий-педагогика университети, Новосибирск давлат педагогика университетлари билан ҳамкорлик ўрнатилди. Новосибирск давлат педагогика университети олимлари томонидан онлайн тарзда ўқув ва амалий машғулотлар олиб бориляпти.
Айни пайтда Хитой давлатининг Марказий Хитой Фан технологиялари университети билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаш бўйича музокаралар ўтказяпмиз. Мазкур университетнинг 3-босқич докторанти, ватандошимиз А.Рўзиқулов билан келгусидаги режаларни белгилаб оляпмиз.

Қисқа қилиб айтганда, Низомий номидаги ТДПУ Термиз филиали профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшларининг барча саъй-ҳаракатлари битта мақсадга — таълим жараёнини замонга мос равишда такомиллаштиришга қаратилган.

Қаюм БОЙМИРОВ