“Бизнес — ижодкорлик”

Президент соврини учун ўтказилган “Ташаббус — 2019” кўрик-танловининг республика босқичида Навоий вилоятидаги “EXPORT FISH PRODUCT” МЧЖ раҳбари Обиджон Саидов “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори” йўналишида 1-ўринга муносиб деб топилди.

Файласуф Суқротнинг олдига бир одам келиб: “Мукаммал инсон бўлишим учун бой бўлганим афзалми ёхуд камбағалми?”, деб сўрабди. Шунда Суқрот: “Ҳар иккаласининг ўртасидаги тадбиркор бўлганинг яна ҳам афзалроқдир”, деб жавоб берган экан.
Тадбиркорлик азалдан жамиятнинг моддий фаровонлиги, юрт тараққиётининг муҳим омилларидан бири бўлиб келган. Соҳибқирон Амир Темур “Азми қатъий, тадбиркор, ҳушёр, мард ва шижоатли бир киши мингта тадбирсиз ва лоқайд кишидан афзалдир”, дея таъкидлагани бежиз эмас.
Балиқ етти хазинанинг бири дейишади. Ота-боболаримиз азалдан уни ҳалол ва пок луқма сифатида эътироф этиб келган. Аҳолининг балиқ маҳсулотига эҳтиёжини қондириш, шу орқали оиласининг фаровонлигини таъминлаш истаги ёш тадбиркор Обид Саидовни балиқчилик корхонасини ташкил этишга ундади. Тадбиркорлик оламига эндигина кириб келаётган ҳар бир инсон, аввало, ўз бизнес режасини тузади, уни ҳимоя қилади ва ишончли шериклар топади. Буларнинг ҳаммаси ўз-ўзидан бўлмайди, бунда яхши ғоя, тинимсиз ҳаракат ва албатта, атрофдагиларни мақсадига ишонтира олиш қобилияти ўта муҳимдир.
Муваффақиятга осонгина эришиш мумкин эмаслигини англаган тадбиркор айни шу жиҳатлар устида тинимсиз ишлади. Дастлаб у “Хонадонда интенсив балиқ етиштириш” лойиҳаси асосида Кармана туманида ёпиқ кўринишда интенсив балиқчилик комплексини барпо этди. Бу ерда асосан 4 хил турдаги, яъни африка лаққаси, венгер карпи, телапия, сибирь осётр балиғи етиштирила бошланди. Кейинроқ балиқни қайта ишлаш цехида 20 турдаги ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Дудланган балиқ, сел­ёдка ва балиқ котлети, колбаса ва сосискаларини қадоқланган ҳолда эл дастурхонига тортиш тадбиркорнинг ўзига бўлган ишончи, эзгу мақсадга интилишини оширди.

У аҳдида қатъий туриб, ишда давом этаркан, таж­риба билан билим уйғунлашгани сайин машаққати енгиллаша бошлаганини ҳис қилди.
Жорий йилнинг илк баҳор кунларида балиқчилик комплекси ҳудудида ишга туширилган “Фаввора” экзотик ресторан-оилавий сайилгоҳи бугун маҳаллий аҳолининг энг севимли масканига айланган. 3,5 миллиард ўз маблағи ва “Ипотека банк”нинг Навоий филиалидан олган 11 мил­лиард сўм кредит ҳисобига ташкил этилган бу комп­лексда айни пайтда 100 нафар ишчи-хизматчи фао­лият юритмоқда.
Натижалардан руҳланган тадбиркор фаолиятини кенгайтириш мақсадида жорий йил бошида ­Навоий ва қўшни Самарқанд вилоятидаги
50 дан ортиқ хонадонда кластер усулида ёпиқ кўринишдаги балиқ етиштириш мини комплексини ташкил қилди. Бу 50 хонадон иш билан таъминланди деганидир. Лойиҳа ишга тушиши биланоқ, интенсив ҳовузларда африка лаққа балиғи човоқлари етиштириш бошланди.
Мазкур лойиҳа Президентимизнинг Навоий вилоятига ташрифи чоғида тақдим этилди ва истиқболли режалар тўғрисида тегишли кўрсатмалар олинди.
— Балиқчилик мураккаб соҳа, — дейди Обид Саидов. — Балиқ нобуд бўлмаслиги учун турли дармондорилар ва махсус ўтни канда қилмаслик керак. Бу эса бойитилган юқори калорияли балиқ емини ишлаб чиқаришни тақозо этмоқда. Шу кунларда Германиядан 650 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция жалб қилиб, юқори қувватда ем ишлаб чиқариш ускуналарини олиб келиш устида иш олиб бормоқдамиз.
Тадбиркорлик ва омилкорлик иқтисодий юксалишларга йўл очади. Буни ёш тадбиркор мисолида кўриб турибмиз. Ундан муваффақият учун нималар муҳим, дея сўрадик.
— Кўпчилик тадбиркорлик учун биринчи нав­батда сармоя зарур, деб ҳисоблайди. Менимча, авваламбор, яхши ғоя керак, — дейди Обид ­Саидов. — Мен ўзгаларнинг фикрига қулоқ тутиш ва ўзимнинг ғояларимдан-да яхши таклифларни қабул қилишга ҳаракат қиламан. Агар ғоянгизни қалбан ҳис этиб, севсангиз, албатта, муваффақиятга эришасиз. Муваффақиятсизликлардан тушкунликка тушмайман. Мен учун бизнес — қайсидир маънода ижодкорлик, инсонларга яхшилик қилиш имконияти.
Тадбиркорнинг олдида қатор вазифалар турибди. Жорий йилда ишлаб чиқариш ҳажмини 30 миллиард сўмга етказиш, ишчилар сонини яна 100 нафарга ошириш, қайта ишлаб чиқарилган ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар турини кўпайтириб, унинг 40 фоизини МДҲ мамлакатларига экспорт қилиш.

Рисолат МАДИЕВА