“Бир болага етти психолог ота-она”

Яқин-яқингача халқимиз психологларга эҳтиёж сезмаган. Лекин бу уларнинг ўрнини босувчи инсонлар бўлмаган дегани эмас. Оқсоқол нуронийлар, кайвони аёллар психолог вазифасини бажарган. Айниқса, фарзанд тарбиясида уларнинг ўрни беқиёс бўлган.

Бир болага етти маҳалла ота-она деган нақлга амал қилингани сабаб болалар кўчада ҳам, уйда ҳам назоратда эканини ҳис этган.
Лекин ҳозиргидек глобаллашув, кес­кин ривожланиш даврида инсон психологияси ҳақида замонавий билимга эга бўлмай, ёшлар тарбиясида натижага эришиш мумкин эмас. Зеро, бугунги ёшлар ҳар сонияда — ижтимоий тармоқларда, телефондаги ўйин­ларда турли мафкуравий хуружлар билан рўбарў келади. Шу боис мактаб амалиётчи психологлари ўз касбининг устаси бўлиши муҳим деб ўйлайман. У таълим муассасасидаги ҳар бир бола билан индивидуал ишлаши керак. Ана шунда болалар ва ўсмирлар орасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик, умуман, барча кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мумкин бўлади. Чунки психолог боладаги ўзгаришни ўз вақтида пайқайди.
Мактаб психологи замонавий билимларни эгаллаган, соҳадаги сўнгги янги­ликлардан хабардор бўлиши, турли оқим ва секталарнинг мафкуравий кураш усулларини билиши ва уларга қарши мустаҳкам иммунитет ҳосил қилган бўлиши керак. Яна бир муҳим жиҳат, мактабда камида икки нафар психолог бўлса, улар ўқувчилар билан индивидуал ишлай олади. Зеро, биз фарзандларимизни комил инсон этиб тарбиялаш ниятида эканмиз, уларни ташқи таъсирлардан асрашимиз керак.

Насиба ЗОКИРОВА,
Миробод туманидаги 147-мактаб ўқитувчиси