Бир ойда саккизта медаль

Париж шаҳрида якунланган 51-халқаро кимё олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси тўртта медални қўлга киритди.

Мусобақада 85 мамлакатдан 300 нафардан зиёд ўқувчи қатнаш­ган. Мураккаб шартлар бўйича тўпланган баллар сарҳисобига кўра, Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчилари — Ислом Каримов ва Моҳира Болтаева кумуш, шу таълим муассасасининг яна бир вакили Улуғбек Бойирбеков ҳамда Тошкент давлат аграр университети қошидаги академик лицей ўқувчиси Диёр Ҳайитов бронза медалига сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, июль ойининг ўзида юртимиз вакиллари нақ учта халқаро фан олимпиадасида ғалаба қозонган. Даставвал ёш биологларимиз Венгриядан 3 та бронза билан қайтган бўлса, 14-23 июль кунлари Буюк Британияда ўтказилган 60-халқаро математика олимпиадасида Қоракўл академик лицейи ўқувчиси Жасурбек Имомов Ўзбекистон ҳисобига яна битта бронза медалини ёздирди.

Роҳатой ҚОДИРОВА