Болага — модуль, олимга — технопарк

Туркия мактабларида ўқувчиларни фанларга қизиқтириш, дунёқарашини кенгайтириш ва мустақил изланишга ундаш мақсадида махсус модуль жорий қилинган. У бобокалонимиз, дунёга машҳур қомусий аллома Муҳаммад Хоразмий номи билан аталади.

Ал-Хоразмий модулининг ўзига хослик­лари, қолаверса, туркларнинг инновацияларга муносабати хусусида қардош юртда хизмат сафари билан бўлиб қайтган Ўзбекис­тон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Давлат ва жамият қурилишига инновацияларни жорий қилиш ҳамда тадқиқ этиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари ­Камол ­Тагаев сўзлаб берди.
— Икки йил аввал Туркиянинг Маориф вазирлиги ёшлар ўртасидаги жиноятчилик билан курашиш мақсадида ал-Хоразмий модулини ишлаб чиққанди, — дейди суҳбатдошимиз. — Ҳозир мазкур тажриба барча мактабларда татбиқ этилмоқда. У болаларни аниқ фанлар ва ижтимоий соҳаларга қизиқтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Ал-Хоразмий модули факультатив таълимга кирмайди. Шунга қарамай, унда иштирок этиш ихтиёрий. Болалар устозлари кўмагида замонамизнинг энг долзарб ижтимоий масалалари ёки глобал муаммоларни ўртага ташлаб, орасидан биттасини танлайди. Кейин ҳафта мобайнида шу мавзу обдон ўрганилади ва ечим изланади. Эътиборлиси, ўқитувчи мавзуга турли томондан ва мутлақо индивидуал тарзда ёндашишга ҳақли.
Айтайлик, атроф-муҳит ифлосланиши муаммоси ўрганилмоқда. Кимдир шу ҳақда шеър ёдлайди, бошқа биров хариталар асосида экологиянинг кечаги ва бугунги ҳолатини солиштирма таҳлил қилади. Учинчи одам ўзи каби кўнгилли ёшларни тўплаб, кўчаларни чиқиндилардан тозалаш бўйича акция-марафон ташкил қилиши мумкин. Ҳафтанинг охирида ҳар ким қилган ишининг тақдимотини ўтказади, хулоса ва таклифларини беради.
Мен бир нарсадан ҳайратландим: ал-Хоразмий модулида ёш бўйича чекловлар йўқ. Болалар топшириқларни бажонидил бажаради. Ушбу жараёнга ота-оталар ҳам фаол жалб қилинган. Фарзанди яхши билим олиши, янгиликларни ўрганишидан улар ниҳоятда манфаатдор. Шу боис эътиборини аямай, биргаликда ишлашга, ёрдам беришга ҳаракат қилади. Ўқитувчилардаги иштиёқни айт­майсизми. Эътиборлиси, бундай машғулотлар педагогнинг ҳафталик дарс юкламасига киритилган. Демак, ортиқча вақт ва энергия сарфлаш талаб қилинмайди. Бежиз эмаски, Туркияда кўпгина педагоглар модуль асосида ишлашга иштиёқманд.
Бундай тажрибани юртимиз мактабларида ҳам қўллаш айни муддао. Сабаби бола қанчалик кўп изланса, билими шунчалик такомиллашади. Қолаверса, ал-Хоразмий модули ўқувчиларнинг нутқ маданиятини ўстириш, ижтимоий фаоллигини оширишда ёрдам беради, жамиятни қийнаётган турли масалалар ечимига муносиб ҳисса қўшишга ундайди.
— Истанбулдаги Йилдиз техника университетининг технопаркида ҳам бўлдик, — давом этади мутахассис. — Бу масканда тадқиқотчи ва тадбиркорлар ўртасида узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Тадбиркор ўз муаммоси билан университетга мурожаат қилади. Олимлар унга мақбул ечим, яъни илмий ғоя тақдим этади. Маъқул топилганига маблағ ажратилади ва шу ернинг ўзида лойиҳа такомилига етказилади. Технопаркда бемалол ўтириб ишлашга шароит бор. Хоналар ижарага берилади. Айни вақтда олимлар 200 дан ортиқ (!) илмий ишланмани рўёбга чиқариш билан банд.
Муайян маҳсулот серияли ишлаб чиқарилишдан аввал университетга қарашли констукторлик цехида ясаб кўрилади ва синовдан ўтказилади. Агар тадбиркор кичикроқ корхона қурмоқчи бўлса ҳам муаммо йўқ — технопарк ҳудудидан ер олиши мумкин. Бундай тизим ҳам илм-фан, ҳам бизнес вакилларини инновацион фаолиятга оҳанрабодек тортади. Туркияда мени қойил қолдирган жиҳат шуки, олимлар инвесторларни эмас, аксинча, тадбиркорлар новаторларни излаб юради, уларга ишонади ва меҳнатини қадрлайди.
Йилдиз техника университетининг технопарки ташқаридан келувчи тадқиқотчилар учун ҳам очиқ. Истанбулда 50 га яқин олий ўқув юрти жойлашган. Деярли барчасида инновация марказлари фаолият кўрсатади. Шаҳар миқёсида ташкил қилинганлари ҳам бор. Улар давлат ҳисобидан молиялаштирилади. Масалан, Хўжаэли шаҳридаги инновация марказининг йиллик бюджети 300 минг АҚШ долларига тенг. Муассаса 4 минг 500 квадрат метр ҳудудни эгаллаган. Бу ерда илм-фаннинг турли соҳалари, шу жумладан, ислом дунёсидаги буюк алломалар фаолиятига бағишланган 280 дан ортиқ кўргазмали бурчак, қолаверса, замонавий лабораториялар, робототехника хоналари, тил ўқитиш маркази, кутубхона, анжуманлар зали мавжуд. Мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-­оналари, талабалар учун мунтазам равишда экскурсиялар ташкил қилинади. Бир ойда инновациялар билан танишиш истагида марказга 25 минг нафаргача киши келар экан. Талабгорлар кўплигидан олдиндан онлайн рўйхатдан ўтиш керак.
Инновация марказлари Туркиянинг
40 дан ортиқ ҳудудида фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг асосий миссияси аҳоли, айниқса, ёшларга инновация нималигини англатишдан иборат. Болалар бундай мас­канларга келиб физика, математика каби фанлар қанчалик қизиқарли ва керакли эканини тушуниб етади, илмий салоҳиятини юксалтиради. Хўжаэлида баъзи мактаб ўқувчилари билан суҳбатлашдим. Уларнинг фикрлари теран, нимани хоҳлашини аниқ айта олади. Орасида олим бўлишни истаётганлари талайгина.
Фикримча, инновация марказларини бизда ҳам кўпайтириш зарур. Юртимизда инновацион экотизимни шакллантириш, ёшларни стартап лойиҳалар яратишга ундаш борасида кўп ишлар қилинмоқда. Хусусан, вазирлигимиз назорати остида давлат-хусусий шериклик асосида ҳудудларда инновация марказлари ташкил қилиняпти. Лекин бу кам. Инновация марказлари, технопарклар университетлар қошида ҳам очилгани маъқул. Шунда ихтисослашув пайдо бўлади. Олим у ёки бу ишланмаси билан қаерга бориш ва кимга мурожаат қилиш кераклигини аниқ билади.

Наргиза УМАРОВА тайёрлади.