Бугун ёш полвонларимиз жаҳон чемпионлиги учун гиламга тушади

Кеча Болгариянинг София шаҳрида спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бошланди. Жаҳоннинг энг кучли ёш курашчилари ғолиблик учун баҳс олиб бораётган мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этмоқда.
Мусобақани эркин курашчилар бошлаб берди. Қуръага кўра, жаҳон чемпионатининг илк кунида терма жамоамиз аъзоларидан Камронбек Қадамов (-48 кг), Умиджон Жалолов (-55 кг) ҳамда Қудратбек Нуруллаев (-65 кг) ўз омадини синаб кўришди. Қувонарлиси, ҳар учала спортчимиз ҳам жаҳон чемпионати медаллари учун курашни давом эттирмоқда.
Дастлаб 48 кг.гача бўлган вазндаги полвонлар баҳсида иштирок этаётган ҳамюртимиз Камронбек Қадамов финал йўлланмасини қўлга киритди. У аввалига мўғулистонлик, кейин эса озарбайжонлик рақибини мағлуб этди. Ярим финалда Камронбек ҳиндистонлик спортчи устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Энди у финалда эронлик Раҳмон Муса Амоузадҳалили билан беллашади.
Қадамовнинг ғолибона одимини яна бир курашчимиз, III ўсмирлар ёзги Олимпиадаси ғолиби Умиджон Жалолов ҳам давом эттирди. Мусобақада -55 кг. вазн тоифасида иштирок этаётган Умиджон дастлаб канадалик рақибини 10:0, иккинчи даврада эса қирғизистонлик Мирбек Сарабековни ҳам 10:0, учинчи даврада ҳиндистонлик Аманни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ярим финалда ҳамюртимизга туркиялик Муҳаммад Каравус рақиб бўлди ва бу баҳсда ҳам Жалолов катта устунлик билан ғалабага эришди.
Истеъдодли курашчимиз олтин медаль йўлида эронлик Маҳди Меҳрдод Вейси билан куч синашади. Бу икки спортчи шу кунгача ўзаро уч маротаба тўқнаш келишган ва уларнинг барчасида ҳамюртимизнинг қўли баланд келган. Умид қиламизки, Жалолов Софияда ҳам бу ёқимли анъанани давом эттиради.
Ниҳоят 65 кг.гача вазн тоифасидаги полвонимиз Қудратбек Нуруллаев бронза медали учун курашадиган бўлди. У чорак финалда россиялик Батирбек Цховребовга 2:4ҳисобида имкониятни бой берди. Цховребов финалга йўл олгани боис ҳамюртимизда бронза медали учун курашиш имконияти пайдо бўлди. Бунинг учун Нуруллаев ўтиш баҳсида болгариялик Божидар Йордановни мағлуб этиши шарт. Ушбу беллашув ғолиби бронза медали тақдири ҳал бўладиган баҳсда ҳиндистонлик Маниш Госвамига қарши гиламга чиқади.
Спорт курашлари бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатининг олтин ва бронза медали учун баҳслар бугун ўтказилади.
ЎзА