ИМТИҲОН ВА ҲАЯЖОН ёхуд абитуриентларга эслатма

Абитуриентмисиз? “Имтиҳон қандай бўларкан, талабалик бахти насиб этармикан?”, деган ўй-хаёллар сизни қийнаяптими? Унда галдаги тавсиялар сиз учун!

Имтиҳондан олдин

Фараз қилинг, имтиҳонга бир ҳафта қолди. Бу фурсат ичида ички қўрқувингизни енгинг. Бунинг учун аввало овқатланиш қоидасига риоя қилишингиз лозим. Бўлажак имтиҳон сиз учун биринчиси бўлса, жараён ҳақида тушунча ҳосил қилиш учун таниш-билишлардан сўранг. Суҳбатдошингиз ўқишга қабул қилинмаган, имтиҳон унинг учун омадсиз ўтган бўлса, унинг гап-сўзларига ­эътибор берманг. Сабаби унда салбий таассуротлар кучли бўлади. Натижада сиз ҳам унинг таъсирига тушиб қолишингиз мумкин.
“Ўқишга киролмасам нима қиламан, ота-онам кейинги йил ўқишга ҳужжат топширишимга рухсат берармикан?”, қабилидаги ўйларни унутинг. Ўзингизни хотиржам тутинг. Бунинг учун “Мен, албатта, юқори балл тўплаб, биринчилардан бўлиб ўқишга қабул қилинаман”, дея такрорланг. Энг асосийси, ўз билимингизга ишонинг. Хонангизни ёқтирган буюмларингиз билан безатинг. Имтиҳондан олдин кайфиятингизга салбий таъсир қиладиган ишларни бажарманг. Аксарият абитуриентлар сўнгги кунларда китоб ўқиб, билимини мустаҳкамлашга уринади. Аслида бу усул яхши натижа бермайди. Имтиҳондан уч-беш кун олдин китоб ўқиманг, кўпроқ дам олинг.

Имтиҳонда

Бундай пайтда ҳар бир абитуриентни ҳаяжон босиши табиий. Ҳаяжонни енгиш учун оёқ ва қўл бармоқларингизни очиб-ёпиб ҳаракатга келтиринг. “Албатта, имтиҳонни аъло баҳога топшираман!” деб хаёлингиздан ўтказинг. Ўқитувчи жараён ҳақида тушунтираётганда диққат билан тингланг. Тест варақаларини билганингизча эмас, балки ўқитувчи таъкидлаганидек тўлдиринг. Асосийси, вақтдан унумли фойдаланинг. Масалан, 3 та фандан имтиҳон бўлса, берилган вақтни учга бўлиб, тестни ишлашга киришинг. Дастлаб билган ва ишончингиз комил бўлган саволларга жавоб беринг. Сўнг қолганларига тўхталинг.
Аксарият абитуриентлар саволларга жавоб тополмай қолса, тезда тушкунликка берилади. Оқибатда миядаги мавжуд ахборотлар мавҳумлашиб, инсон стресс ҳолатига тушади. Бу сизга салбий таъсир кўрсатади. Хўш, бундай пайтда қандай йўл тутиш лозим? Дастлаб саволларга жавоб тополмасангиз, ўзингизни овутинг. Масалан, “Нодира, ўзингни қўлга ол, ҳали ҳаммаси олдинда. Нақд 25 та савол турибди. Уларга тўғри жавоб беришинг керак. Муҳими, ҳаяжонланма!”. Бундай таскинлар кишини хотиржамликка ундайди. Аммо имтиҳонда ҳаддан ташқари хотиржамлик яхшиликка олиб келмайди. Шунинг учун меъёрни унутманг.
Ҳамма саволларга жавоб топганингиздан кейин, яна бир бор жавобларни кўздан кечиринг.

Имтиҳондан кейин

Аксарият абитуриентлар имтиҳондан кейин ёдида қолган саволлар жавобини текширади. Буни ҳам ижобий, ҳам салбий ҳолат деб баҳолаш мумкин. Ижобийси бола ўзини ўзи текшириб, хатоларини топади ва келгусида буни такрорламасликка замин яратади. Салбийси эса жавоб натижалари эълон қилингунга қадар хавотирда юради ёки ўзига-­ўзи ўқишга киролмадим деб ҳукм чиқаради. Ёки аксинча, ўқишга кирдим, деб ҳаволанади. Аммо кутилган натижа бўлмаса, ҳафсаласи пир бўлиб, руҳиятига салбий таъсир қилади. Бундай пайтда ота-она фарзандига эътиборли бўлиши лозим. Ундаги руҳий ўзгаришни пайқаган ҳолда далда бериш керак. Ўқишга киролмаслик фожиа эмаслигини, бу билан ҳаёт тўхтаб қолмаслигини уқтириш шарт. Имкон қадар имтиҳондан кейин абитуриент чалғитувчи ишлар билан шуғулланиши лозим.

Феруза ТОЛИПОВА, психолог