Илм-фан равнақи олимларга эътибордан бошланади

Бугун юртимизда илм-фанга ҳар қачонгидан ҳам катта эътибор қаратиляпти. Фанлар академиясининг йиллар давомида барбод бўлаёзган, деярли “ўлик” ҳолатга келиб қолган илмий-тадқиқот муассасалари тикланмоқда. Аҳволи ночор бинолардаги эски ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар янгиланмоқда. Тематик грантлар ва стартап танловлар натижасига кўра, юзга яқин илмий-техник ва стартап лойиҳа амалга оширилмоқда. Тадқиқотчилар, айниқса, илмга энди кириб келаётган ёшларнинг хорижда малака ошириши, стажировка ўташи оддий ҳолга айланмоқда.
Буларнинг бари очиқ-ойдин, элу юрт кўз ўнгида бўлаётган ишлардир. Аммо яқин ўтмишда ва­зият ундай эмасди. Олимларга ­эътибор қаратиш ҳам, уларни қўллаб-қувватлаш ҳам анча мушкул масала эди. Бугун беихтиёр айрим ҳақиқатларни эслайман.

2008 йилнинг кеч кузи эди. Техас қишлоқ хўжалиги ва механика университетида ўқишни битириб қайтган кезларим Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти қошидаги генлар инженерияси ва биотехнологияси лабораториясида ишлардим. Ўша пайтда Бош вазир Шавкат Мирзиёев олимлар билан учрашувга келди. Бир қанча академиклар, олимлар иштирокидаги йиғилишда менинг устозим академик Абдусаттор Абдукаримов янги ишланмамиз — ген-нокаут технологияси ҳақида уларга маълумот берди, Президентимизнинг юзларида мамну­ният зоҳир бўлди, янги технологияга қизиқиб, бир қанча саволлар берди.
Аммо катта академикларимиз: “Бу тадқиқотдан бирор иш чиқмайди. Аввал ўзимиз ўрганайлик, хулосамизни берайлик, кейин сизга алоҳида тақдим этамиз”, деб қарши фикр билдирди. Шунда Шавкат Миромоновичдан мени ҳайратлантирган, ватанга меҳримни ва келажакка ишончимни кучайтирган жавоб янгради: “Биз ўзбекмиз, домла! Энди шу иш чиқадими, йўқми, барибир, уни амалга оширамиз ва охирига етказамиз!”. Этим жимирлаб кетди. У кишидаги ватанпарварлик ҳисси, ғурур ва қатъиятдан лол қолдим. Қадриятларим қайта шаклланди!

Шавкат Миромонович мажлис тугагач, АҚШда қилган ишларимни суриштирди, лабораторияга халқаро грантлар жалб қилганимни эшитиб, қувонди ва кетаётиб: “Энди ўзингга маҳкам бўлиб, ишингни охиригача етказ”, деб мени қўллаб-қувватлашини яна бир бора таъкидлади. Муаммоларни суриштирди.
Ўшанда лабораториямиз асбоблари 1992 йилда сотиб олинганини, яхши натижаларга эришишимиз учун замонавий ускуналар кераклигини айтдим. Тез орада АҚШдан энг сўнгги русумдаги лаборатория жиҳозлари олиб келиб ўрнатилди. Энди ген-нокаут усулини юртимизда етиштириладиган маҳаллий пахта навларига қўллай бошладик, ушбу технология ёрдамида ғўзанинг илк маҳаллий нави — “Порлоқ” яратилди. Юртимизда фаннинг янги геномика ва биоинформатика йўналиши очилди.
2011 йилда янги навни инс­титутга тегишли 1,5 гектар майдонга экдик. Куз келиб, пахта ҳосил бергач, Шавкат
Миромонович далага кириб, лўппи-лўппи бўлиб очилган чаноқларни қўлларига олиб: “Мана, бу илм-фан меваси, — деди. — Фермерларни ҳосилни кам беряпсан, деб уришамиз, ваҳоланки, иқлимимизга мос, касаллик­ларга чидамли, серҳосил нав бўлмаса, уларнинг қўлидан нима ҳам келади?! Нафақат қишлоқ хўжалиги, балки иқтисодиётимизнинг барча соҳалари илм-фанга асосланиши керак”.
Шундан сўнг Бош вазир ген инженерияси бўйича тадқиқотлар олиб бораётган олимлар жамоаси учун Геномика ва биоинформатика марказини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.
Фанлар академияси илмий-­тад­қиқот институтлари бирин-кетин тугатилаётган қийин пайтлар эди ўшанда. Янги марказ кўзга ташланмаслиги учун у Фанлар академияси, “Ўзпахтасаноат” уюшмаси ҳамда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тасарруфида идоралараро марказ сифатида ташкил қилинди. 2013 йили 600 гектар майдонга “Порлоқ” навини экдик.
Бундан ташқари, илмий ходимлар сонини 10 нафардан 60 кишига етказиш учун маблағ берилди. Ўн киши ўша йилларнинг ўзидаёқ АҚШда ўқиб келди. Ҳозир хорижда таълим олган ходимларимиз сони 25 нафарга етган. Биз яратган нав­лар дунёнинг ўнлаб мамлакатларида патентланган ва ҳозир 50 минг гектар майдонда экиб келинмоқда.
2012 йил кузида яна бир бор янги барпо этилган пахта тажриба майдонига келган Шавкат Мирзиёев бозорларни фақат қора меҳнат эвазига тўлдираётганимиз, бундан буён илм-фанни ривожлантирмасак, бу тўкинликни сақлаб тура олмаслигимизни таъкидлаб, бизга қатор топшириқлар берди. Ўша даврда бундай гапни деярли ҳеч ким айтмас эди. Мамлакат Бош вазиридан бундай қатъий фикрни эшитиш бизни илм билан янада чуқурроқ шуғулланишга ундади.
Шавкат Миромонович АҚШда тажриба алмашиб қайтган 15 нафар ёшнинг ҳар бири билан узоқ суҳбат қуриб: “Балки атрофда тенгдошларингиз қандайдир енгил-елпи олди-сотди билан шуғулланиб, ҳашаматли ҳаёти билан мақтаниб юргандир, лекин билинглар — сизлардаги бу маънавий бойликнинг баҳоси йўқ! Кўзингизнинг ёниб тургани ва Ватан равнақи учун хизмат қилишга бел боғлаганингизни халқимиз ва мен жуда қадрлаймиз”, деди.
Бунинг исботи сифатида барчамизга илм қилиш учун энг замонавий шароит яратиб, олимларга уй-жой ажратиш бўйича топшириқ берди ва энг муҳими, келажакда бундан ҳам яхши бўлишига бизни ишонтирди.
Эсимда, мамлакатдаги ҳар бир илмий-тадқиқот институти камида бизнинг марказимиз каби бўлиши кераклигини ўша даврдаёқ раҳбарларга уқтирган эди. Бундай эътироф бизни тамомила ўзгартириб юборди.
Юқоридаги воқеаларни эслар экан­ман, Президентимизнинг аввалдан олимларга бошқача меҳр билан қараши, уларга чуқур ҳурмат кўрсатишини ўйладим. Ахир, олимлар эътибордан четда қолган бир даврда Шавкат Миромонович лабораторияларимизга тез-тез келиб, ишларимиз билан қизиқар, биздан ҳол-аҳвол сўрар, кўнглимизни кўтарарди. У кишининг ёшларга ишончи юқори бўлган ва иқтидорларни доимо кўз остига олиб, уларни ҳимоя қилиб юрганига шахсан гувоҳман. Бу ҳар биримизга ўрнакдир.

Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,
Инновацион ривожланиш вазири, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги,
Бутунжаҳон Фанлар академияси аъзоси