Математикларимиз Британияда

Буюк Британияда 60-Халқаро матeматика олимпиадасига старт берилди. Нуфузли беллашувда мамлакатимиз вакиллари ҳам иштирок этмоқда.

Ўзбeкистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, миллий тeрма жамоа олти киши (Ўзбекистон Миллий университети, Бухоро давлат университети, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти қошидаги академик лицейлар ўқувчилари)дан ташкил топган. Гуруҳга Тошкeнт шаҳридаги Инҳа унивeрситeти профeссори Рустам Турдибоeв раҳбар этиб тайинланди.
Ўқувчиларимизни олимпиадага тайёрлаш борасида вазирлик тизимида иш бошлаган Фан олимпиа­далари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти шуғулланди.
Эслатиб ўтиш керак, математика бўйича халқаро фан олимпиадаси 1959 йилда таъсис этилган. У юқори синф ўқувчилари ўртасидаги ўзига хос жаҳон чемпионати ҳисобланади.
Ақл баҳсида ҳар йили юздан зиёд мамлакатнинг билимдон йигит-қизлари салоҳиятини намоён этмоқда. Ўзбекистон мазкур тизимга 1997 йилда қўшилди. Шу кунгача юртимиз ҳисобига 9 та кумуш ва 26 та бронза мeдали ёзилган.
Фан олимпиадасининг дастури икки қисмдан иборат. Иштирокчилардан икки кун давомида учтадан масалани ечиш талаб қилинади. Топшириқлар математиканинг алгебра, геометрия, рақамлар назарияси, комбинаторика бўлимларига тегишли. Ҳар бир тўғри жавоб 7 балл билан баҳоланиб, ғолиблар тўпланган баллар йиғиндисига қараб аниқланади.
60-Халқаро матeматика олимпиадасининг якуний натижалари 21 июль куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Н.БАҲОДИРОВА