Назариядан амалиётга

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг тўрт ойлик малака ошириш курсларини тамомлаган тингловчилар учун битирув маросими бўлиб ўтди. Унда Давлат бошқаруви академияси ректори Р.Қосимов, Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қ.Қуранбоев ҳамда битирувчилар иштирок этди.
Институтга ҳужжат топширган минг­га яқин номзодлар орасидан дунёқараши кенг, лидерлик қобилиятига эга 55 нафар тингловчи саралаб олинган эди. Қайта тайёрлов курси ўқув режасига мувофиқ, тингловчилар 12 ҳафта давомида назарий билимга эга бўлди. Сўнг икки ҳафтага турли вазирлик ва ташкилотларда, ҳокимиятларда малака ошириш учун юборилди. Ўқув жараёнида давлат ва жамият бошқарувининг ҳуқуқий асослари, бошқарув психологияси, инновацион менежмент, тизимли таҳлил асослари, инсон ресурсларини бошқариш, бошқарувда лидерлик ва ёшлар психологияси, давлат иқтисодий сиёсати ва бошқа фанлардан назарий билим берилди.
— Биз давлат бошқарувини ўрганиш билан бир қаторда раҳбарлик тажрибамизни ҳам оширдик, — дейди Энергетика вазирлигида фаолият олиб бораётган тингловчи Мирзоферуз Негматов. — Шахсан мен ўтган тўрт ойда жуда катта ҳаётий тажриба тўпладим. Энди уни амалга татбиқ этишга ҳаракат қиламан.

Карим ЗАРИПОВ