Сардори менман!

Гурланлик Сардор Бозорбоев Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг математика факультети талабаси. У аъло баҳоларга ўқиши билан бирга рес­публика ва халқаро миқёсдаги олимпиадаларда бир неча бор совриндорлар сафидан ўрин эгаллаган. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан Ватанимиз обрўси, шон-шуҳрати ва шарафини юксалтиришга ҳамда унинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётган бир гуруҳ ёшлар қатори “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

— Бахтим шуки, зиёлилар оиласида туғилдим. Болалигимдан меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини шууримга сингдиришган, — дейди Сардор Бозорбоев. — Эсимни танибманки, оиламизда китоб ўқиш, тарих, адабиёт ҳақидаги гурунглар ўтказиларди. 1-синфдан 5-синфгача Гурландаги 10-умумтаълим мактабида, кейин нафақат вилоятда, балки республикада ўз мавқеига эга 40-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида
ўқидим.

Фан олимпиадаларига устозим Юсуфбой Болтаев қизиқтирган. Улар доимо “Сен олимпиада ғолиби бўлиб, имтиҳонларсиз талаба бўласан, сен бунга қодирсан, фақат ўқиш ва изланишни канда қилмаслик керак”, дея таъкидларди.

Спортда катта ютуқларга эришиш учун спортчилар кунига 6-7 соатлаб машқ қилади. Олимпиадаларда ҳам ғолибликни қўлга киритиш, илм-фан соҳасида бирон натижага эришиш учун кунига 10 соатлаб ўқиш, изланиш лозимлигини устозларим ўргатди. Психологларнинг таъкидлашича, ёш бола 7 ёшгача кунига мингдан ортиқ савол берар экан. У тўлақонли камолга етиш учун камида тўқсон фоиз саволига жавоб олиши керак. Онам доимо оила, тирикчилик ташвишларидан вақт орттириб, ҳар қандай саволимга эринмасдан, ҳижжалаб жавоб беришга тайёр бўлгани менинг ютуқларим пойдеворидир.
Дарҳақиқат, Сардорнинг меҳнати беҳуда кетмади. 2017 йили талабалар ўртасида ўтказилган Қори Ниёзий номидаги республика фан олимпиадасида 1-ўринни эгаллади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаб­буси билан ташкил этилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги 1-халқаро олимпиада (AKHIMO-2018)да олтин медаль соҳиби бўлди. Йил якунида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Йил талабаси” деб топилди. 2019 йил 27—29 апрель кунлари Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган халқаро NCUMC олимпиадасида олтин медаль соҳиби бўлди.

Президентимизнинг Талабалар шаҳарчасига ташрифи доирасида Сардор Бозорбоевга эришган ютуқлари учун “Cobalt” автомашинаси совға қилинди. Қолаверса, Сардорбек Халқ таълими вазирлигида янги ташкил этилаётган Фан олимпиадалари бўйи­ча иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаментида иш бош­лади. Бу йўлда Сардорбекка омад тилаймиз!

Сумбулой НУРМЕТОВА