Сирдарёда болалар технопарки қурилади

Ҳукуматнинг 2019 йил 30 июндаги қарори билан Сирдарё вилоятида Бизнес-акселератор ўқув-амалий маркази ташкил қилинди.

Республикада ўхшаши йўқ янги муассаса Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида фаолият кўрсатади. Қизиғи, у нафақат ёшлар, балки болалар учун ҳам мўлжалланган. Тафсилотларни билиш мақсадида вазирлик ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори ўринбосари Акбархон Собирхоновга мурожаат этдик.
— Бизнес-акселератор пилот ло­йиҳа сифатида жорий йилнинг сентябрь ойида ишга туширилади, — дейди суҳбатдошимиз. — Сирдарё вилоятида бандлиги таъминланмаган ёшлар кўп бўлгани учун шу ҳудудни танладик. Марказ Педагогика коллежига қарашли иккита ётоқхона биносида жойлашади. Унда, биринчи навбатда, ишсиз йигит-қизларга касб-ҳунар ўргатиш кўзда тутилган. Замонавий бозор талабларидан келиб чиқиб, ҳунармандлик, озиқ-овқат ва енгил саноат, 3D прототиплаштириш йўналиш­лари танланган.

Тадбиркорликка қизиқувчилар ке­йинчалик ўрганган ҳунари асосида бизнес бошлаши мумкин. Айтайлик, пайпоқ ишлаб чиқармоқчисиз. Бизнес-акселератор сизга тайёр жой ва ускуналар тақдим этади. Ҳатто маҳсулотни бозорга қай тарзда олиб чиқиш ва харидорларни жалб этиш йўлларини ўргатади. Фақат даромадни бўлишишингиз керак. Бундай тизим Ҳиндистонда яхши йўлга қўйилган бўлиб, ижобий самара бермоқда. Биз айнан шу мамлакат тажрибасидан келиб чиқдик.
Бизнес-акселератор ўқув-амалий марказида бир йилда тахминан минг киши касб-ҳунар ўрганади. Уларнинг барчаси бизнес-лойиҳа яратмаган ёки инновацион фаолиятга қўл урмаган тақдирда ҳам, ҳарқалай, иш топиш учун кўпроқ имкониятга эга бўлади. Олий маълумотсиз аёллар контингентига алоҳида эътибор қаратилган. Акбархон Собирхоновнинг айтишича, озиқ-овқат ва енгил саноат йўналишлари айнан улар учун кўзда тутилди.
Марказда пазандалик, тикувчилик ёки сартарошлик сирларини ўрганиб чиққан хотин-қизлар шу ернинг ўзида буюртма олиши ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиши мумкин. Энг фаолларига, улар алоҳида ажралиб чиқмоқчи бўлса, зарур жиҳоз ва асбоб-­ускуналар бепул тақдим этилади. Яна бир гап. Бизнес-акселератор доирасида ёшлар стартап лойиҳалар яратиши ҳам мумкин. Шу мақсадда коворкинг ҳудудлари ташкил қилиниб, малакали мутахассислар иштирокида машғулотлар ўтказилади. Марказ истиқболли ишланмаларга инвестициялар жалб этишни ҳам ўз зиммасига олган.
Замонавий ахборот ва инновацион технологияларга қизиқувчи йигит-қизлар учун бепул ўқув курс­ларини очамиз. Масалан, улар 3D принтерда ишлаш кўникмаларини ўзлаштириб, маҳаллий бозорга юқори технологик ва сифатли маҳсулотлар етказиб бериши мумкин. Ҳарқалай, сирдарёлик бўлғуси новаторлардан бундан-да креатив ғоя ва ташаббус­лар чиқишига ишонаман.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бизнес-акселератор ўқув-амалий марказида болалар технопарки ҳам қурилади. Унда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари учун тўгарак машғулотлари олиб борилади. Хоналар Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан робототехника тўпламлари ва бошқа зарур ускуналар билан жиҳозланиб, болажонлар учун ҳақиқий инновацион мактаб муҳити яратилади.

Наргиза УМАРОВА
ёзиб олди.