Сувсиз яшаб бўлмайди, аммо унинг қадрига қачон етамиз?

Жўмракдан шариллаб оқиб турган сув таққа тўхтаб қолди. Қишлоқ эмас­ки, қўшнининг қудуғидан сув олиб келсак. “Таъмирлаш ишлари бошланди, 10 – 15 кун сув бўлмайди”, деди маҳалламиз раиси. Сувсиз яшашнинг иложи йўқ. Машина катта бочкада сув олиб келди. Бир челак сув 2 минг сўм. Бутун “дом”дагилар кўчага чиқди. Кимдир челак, бочка, биров баклашка кўтариб олган. Ишониш қи­йин, аввал бир кунга аранг етадиган сувни бир ҳафтага етказдик.

Шу воқеадан кейин сувнинг қадрига етадиган бўлдим. Ота-боболаримиз айтганидек, нон билан сувнинг уволи ёмон.
Маълумотларга қараганда, сай­ёрамизнинг 71 фоизини ташкил этган сув захираларининг атиги 1,7 фоизи ичишга яроқли. 2018 йил 1 январь ҳолатига кўра, дунё аҳолиси 7,4 миллиарддан ошиб кетди. Чучук сув таъминоти аллақачон глобал муаммога айланиб улгурган. Яна ҳам жиддийси дунёдаги касалликларнинг 80 фоиздан ортиғи ичимлик суви танқислигидан келиб чиқар экан.
Сув танқис бўлган давлатлар аҳолиси оби ҳаёт келтириш учун бир кунда олти километрлаб йўл босишга мажбур бўлаётган бир вақтда, сизу биз жўмракни бамайлихотир очиб қўяётганимиз адолатданми?! Сув танқислиги муаммоси туфайли ер юзида бир кунда ўртача 4 минг 500 бола ҳаётдан кўз юммоқда. Оддийгина қиёс: душ қабул қилиш чоғида 10 дақиқа очиб қўйилган сув 200 нафар боланинг чанқоғини қондиришга етади. Расмий маълумотларга кўра, дунёда 2,4 миллиард одам сувдан фойдаланишда талаб даражасидаги шароитга эга эмас. 1 миллиарддан кўпроқ киши тоза ичимлик суви ичиш имкониятидан маҳрум. Бу эса ўз навбатида 250 миллион кишининг касалланишига сабаб бўлиб, улардан 5 миллионини ўлим хавфи кутаётгани сир эмас.
Тоза, чучук сувсиз инсоният бир кун ҳам яшай олмагани сингари, бусиз ҳеч бир озиқ-овқат маҳсулотини ҳам етиштириб бўлмайди. Биргина юртимиз мисолида оладиган бўлсак, фойдаланишга яроқли сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигига йўналтирилади. Афсуски, чучук сув миқдори камлиги сабабли суғориладиган ҳудудларнинг 20 фоизи шўрланган. Демак, биз ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида сувни тежаш учун янги технологияларни қўллашимиз керак.
Энг самарали усуллардан бири томчилатиб суғоришдир. Бу орқали фермер ва деҳқонларимиз 50 фоизгача сув­ни тежайди. Томчилатиб суғоришда сув ва ўғитлар айнан ўсимликнинг илдизига тушади. Тупроқ ҳар доим оптимал даражада қуруқ сақланиб, шўрланиш даражаси пасаяди, экин жадал ривожланади. Бу технологиядан фойдаланаётган деҳқон ва фермерларга давлатимиз томонидан имтиёзлар ҳам белгиланган.
Сув исрофини камайтирувчи яна бир самарали восита гид­рогелдир. Бу ҳақда ҳали кўп деҳқонларимиз тушунчага эга эмас. Гедрогел крис­талга ўхшаш полимер грануладир. Намликни ўзига сўриб олади ва ҳажми 300 баробаргача катталашади. Шу тариқа, 1 килограмм гидрогел ўзига 250 литр­гача сувни шимиб олади ва қурғоқчиликда уни экинларга узатади. Сув захиралари туп­роқ тагида жамланади, буғланиб кетмайди ва сўрилмайди. У ўсимлик, организмлар, ер ва ер ости сувлари учун зарарли эмас. Технология сув сарфини 50 фоиз­гача камайтиради. Ўсимлик илдизи қурғоқчиликда сувсизланишдан, нам миқдори ортиб кетганда чиришдан
ҳимояланади.
Илм-фанда “виртуал сув” атамаси ҳам мавжуд. Бу озиқ-овқат, кийим-бош ва бош­қа маҳсулотлар тайёрлаш учун сарфланадиган сувни англатади. Масалан, 1 килограмм мол гўштини етиштириш учун 15 минг 400 литр, пахта толасидан битта кўйлак тайёрлаш учун 2 минг 500 литр, битта пицца тайёр ҳолга келиши учун
1260 литр, смартфон ишлаб чиқариш учун 909 литр сув зарур.
Кўриниб турибдики, сувни тежаш фақатгина деҳқон ва фермерларнинг иши эмас.
Шундай экан, сувни тежашни бугундан бошлайлик! Зеро, бир томчи сув­нинг ҳам уволи бор.

Уй шароитида сувни тежаш

Бир кишининг кунлик сувга эҳтиёжи
(ичиши, гигиена ва санитария эҳтиёжлари учун) — 50 литр.

Соқол олаётганда очиб қўйилган жўмракдан бир ойда 380 литр сув исроф бўлади. Бу ишда ҳам бир стакан сув кифоя қилади.

Тиш ювиш вақтида очиб қўйилган жўмракдан бир ой­да 600 литрдан зиёд сув исроф бўлади. Буни бир-икки стакан сувда бажариш мумкин.

Сабзавот ва меваларни оқиб турган сувда ювганда ҳар дақиқада 10-15 литр сув йўқотилади.

Аслида бу эҳтиёжларнинг ҳаммаси учун идишга солинган 3 литр сув кифоя.

Карим ЗАРИПОВ