Хоҳиш бор, имконият ҳам!

“ҚАНИ ЭДИ ИШЛИ БЎЛСАМ…”

Нуртожи ПАРМОНОВА, “Маданият” маҳалласида яшайди:

— Ҳокимликка бир неча марта иш сўраб бордим. Натижа бўлмади. Ҳозир кунлик ободонлаштириш ишларига чиқяпман. Нима қилай, рўзғор тебратишимиз керак-ку! Тикувчиликдан бироз хабарим бор. Қандолатчилик соҳасида бўлса ҳам ишлардим. Қанийди, маҳалламизда иш ўринлари яратилса… Мен каби аёллар ишли бўлиб, рўзғорга ҳисса қўшардик.

Қуйичирчиқ туманида 54 минг нафардан зиёд хотин-қиз яшайди. Уларнинг бандлигини таъминлаш учун мос иш ўринлари — фабрика ва заводлар етарли эмас. Мавжуд иш ўринлари камлиги, узоқ ҳудудда жойлашгани учун транспортда қатнаб ишлаш жиддий муаммо туғдиради. Баъзи маҳаллаларда мактабгача таълим муассасаси йўқлиги эса аёлларнинг ишлаш орзуларини йўққа чиқармоқда.

Айни пайтда туманда бу каби муаммоларни ҳал этиш мақсадида олиб борилаётган ишлар одамларда умид уйғотмоқда. Маҳаллаларда янги иш ўринларини яратиш чоралари кўрил­япти. “Беруний” МФЙда бу борадаги ишлар анча қизғин.
Масалан, тадбиркор Кимё Зиёевага нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехини очиши учун банкдан 60 миллион сўм кредит берилди. Янги бино тайёр бўлгач, бу ерда аёллар учун иш ўринлари яратилади.
Ёки бўлмаса, ёш тадбиркор Гулноза Эргашева ҳам нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Унга “Халқ банки” 20 миллион сўм кредит ажратди. Цех ишга тушгач, яна 10 миллион сўм қўшимча кредит ажратиш кўзда тутилган. Гулноза ҳозирданоқ икки тенгдошини иш билан таъминлади.
Яна бир тадбиркор Дилбар Жуманиёзова 48-мактаб қошидаги ки­йим-кечак цехини ижарага олиб, ўқув маркази ташкил этди. Бу ердаги қисқа муддатли ўқув-курсларида 250 нафар тикувчи-мутахассисни тайёрлаш мақсад қилинган. Ҳозир гуруҳда 57 нафар хотин-қиз ҳунар ўрганяпти. Дарслар ҳафтада 3 марта, бир ярим соатдан ўтказилади. Эътиборлиси, касб ўрганувчиларга ойига 150 минг сўмдан стипендия ҳам белгиланган.
Аёлларнинг ишлаши учун қулайлик яратиш мақсадида маҳаллада 200 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси очиляпти.

Саида БЕРДИЁРОВА, 48-умумтаълим мактаби директори:

— “Беруний” маҳалласида қизлар учун тикувчилик, қандолатчилик каби тўгараклар очилиши биз учун муҳим. Шунда қизларимиз, келинларимизни бирор касбга йўналтира оламиз. Хотин-қизлар, асосан, тикувчиликка қизиқиш билдирмоқда. Шу боис мактабимизда ҳам тўгарак очдик. Ўқувчи қизлар ёз ойларида ҳам касб ўрганяпти. Ҳудудимизда тикув фабрикалари билан биргаликда қандолатчилик цехлари ҳам ишга тушганда аҳолига анча енгиллик бўларди.