Чўкиш ҳолатлари кўпайган

Таълим муассасаларида ёзги таътил бошлангандан сўнг сув ҳавзаларида чўкиш ҳолатлари кўпайган. Жумладан, 2019 йил 3 июлгача 68 та чўкиш ҳолати қайд этилган бўлса, шундан 50 фоизи ёшлар билан содир бўлган.

Бугунги кунда юртимизда аҳоли учун 400 дан ортиқ умумий чўмилиш жойи ажратилган. Шунингдек, 19 мингдан ортиқ сув ҳавзаларига “Тақиқланади!” деган огоҳлантириш ёзуви ўрнатилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш, кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш соҳасида давлат назоратини ташкил этиш мавзусида ўтказган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз борди. Турли ҳалокатларнинг олдини олиш мақсадида соҳа ходимлари комплекс, қисқа муддатли назорат тадбирларини ўтказаётгани айтилди.
— Бизнинг мақсадимиз кичик ҳажмли кемалардан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш ва юк ташишда юз берадиган кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишдан иборат, — деди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кичик ҳажмли кемалар инспекцияси бошлиғи, подполковник Мақсуд Халилов. — Биз малакали кема ҳайдовчиларини тайёрлашимиз керак. Бунинг учун уларни ўқув юртларига жалб этиш зарур.
Кичик ҳажмли кемалар Адлия вазирлигида рўйхатга олинади. Агар уларда техник носозлик аниқланса, фойдаланишга рухсат берилмайди. Шу вақтга қадар 5 мингта кичик ҳажмли кемаларни рўйхатга олиш бўйича вазирликка мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 3 мингтаси фойдаланиш учун яроқли деб топилган.

Динара ЮСУПОВА