“Янги китоблар орзу эди”

“Беруний” маҳалласида жойлашган таълим муассасалари кутубхоналари китоблар билан етарли даражада таъминланмаган. Ҳаттоки ўз вазифасини ўтаб бўлган,
эски адабиётлар ҳам ҳозиргача ўқувчиларга тақдим этиб келинган.

Масалан, 48-умумтаълим мактаби кутубхоначиси Шаҳзода Тўлаганованинг сўзларига қараганда, мактаб кутубхонасида 600 дан зиёд китоб мавжуд бўлиб, 426 нафар ўқувчи кутубхонага аъзо бўлган. Ҳар куни
8-10 китобхон мутолаага келган. Маҳаллада болаларнинг китобга қизиқиши баланд. Шу сабабдан ҳам ора-орада китобхонлик тадбирлари ўтказилиб келинган.
Яқинда мактаб ўқувчиларидан бири Мафтуна Акбарова туманда китобхонлик бўйича ўтказилган танловда биринчи ўринни эгаллаган. Бироқ мактаб кутубхонасида илмий, сиёсий, бадиий адабиётлар етишмаслиги туфайли ўқувчиларни қамраб олиш қийин кечмоқда. Охирги марта Ёшлар иттифоқи Қуйичирчиқ тумани кенгаши томонидан мактаб кутубхонасига 36 та китоб етказиб берилган. Кутубхонанинг ташкилий ва моддий ишлари ходимлар зиммасида бўлиб келган.
Сўровнома ўтказилганда “Беруний” маҳалласида яшовчи 1 минг 375 нафар ёшнинг 433 нафари маданият ва санъатга, 426 нафари китобхонликка, 211 нафари тикувчиликка, 248 нафари спортга ва
201 нафари компьютер технологияларига қизиқишини билдирган. Ҳозир аниқланган муаммолар юзасидан амалий ишлар олиб бориляпти. Жумладан, “Беруний” маҳалласида маиший хизмат кўрсатиш биносини таъмирлаш ишлари деярли тугаб қолди. Бинода фитнес клуб, гўзаллик салони, кутубхона, компьютер саводхонлиги тўгараги, касб-ҳунар ўқув маркази, доривор ўсимликларни қайта ишлаш ва қадоқлаш ҳамда нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехи иш бошлайди. “Файзи­обод” кўчасидаги қаровсиз ётган уч қаватли бинони таъмирлаш ишлари ҳам якунланиб қолди. Энди бино қўғирчоқ театрига айлантирилиб, бу ерда кутубхона ҳам ташкил этилади.
Тумандаги “Маданият” маҳалласида ҳам ишлар қизғин паллада. Фойдаланиш учун ноқулай, қаровсиз ётган бинолар қайта таъмирланмоқда. Жумладан, бир неча йил илгари колхоз идораси бўлган бино фойдаланиш учун қулай, замонавий ҳолатга келтириляпти. Бу ерда кутубхона ва турли фанларни чуқурлаштириб ўқитишга йўналтирилган қўшимча дарслар ташкил этилади.
— Онам биринчи гуруҳ ногирони, — дейди маҳаллада истиқомат қилувчи Ҳурлиқо Холмирзаева. — Ёши катта бўлса ҳам бадиий адабиётларни севиб ўқийди. Китоблардан олган таассуротини бизга қувониб айтиб беради. Онамга қўшилиб, фарзандларим ҳам китоб мутолаасига шўнғиб кетади. Лекин ён-атрофимиздаги мактаблар кутубхонасида адабиётлар етишмаслиги, маҳалламиз ҳудудида китоб дўконлари йўқлиги туфайли битта китобни ўн марталаб ўқишга тўғри келган. Айниқса, муддатини ўтаб бўлган китобларни қайта-қайта ўқиш киши дилини хира қилади… Бешта ташаб­бус доирасида туманимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишларни кўриб, тўғриси, уйда қўл қовуштириб ўтиргим келмади. Оила аъзоларим билан бу хайрли ишларда фаол қатнашяпмиз. Ишончим комилки, тез орада Қуйичирчиқ тумани энг обод ва нурли масканлардан бирига айланади.