Қуйичирчиқ: қирқ йилда қир, эллик йилда эл ўзгарар

Президентимизнинг бешта ҳаётбахш ташаббуси доирасида Қуйичирчиқ туманида кенг кўламли қурилиш ишлари бормоқда. Бунёдкорликларни ўз кўзимиз билан кўриш, яратиладиган шарт-шароитлар билан танишиш ва маҳаллий аҳолининг кайфиятини билиш мақсадида ижодий гуруҳимиз билан йўлга чиқдик.

Ёз чилласи. Ҳаво иссиқ. Лекин қурилиш объектларида иш қизғин. Бу ўзгаришлар одамлар, айниқса, болалар ва хотин-қизларнинг тақдирини ўзгартириб юборишини — улар орзу қилаётганидек ҳаёт тарзи яратилишини туман аҳли чуқур ҳис этмоқда. Шундан юқори ҳарорат улар кайфиятига заррача таъсир қилмай, ёшу қари меҳнатга бел боғлаган.
Қай бир инсон билан юзлашманг, ишсизликдан эзилгани, турмуш ташвишларидан чарчагани сезилиб туради. Аксига олиб туман маҳаллаларида ҳордиқ чиқариш учун на бирор боғ, на маданият маскани бор, болалар вақтини мазмунли ўтказиши, касб-ҳунар ўрганиши учун ҳеч қандай шароит яратилмаган. Катталар ҳудудда бундан 15-20 йиллар бурун ишлаган маданият уйлари, эски кутубхоналар ҳақида гапирса, гўё эртак сўзлаётгандек туюлади. Айни пайтда бундай ўнлаб иншоотларнинг барчаси реконструкция қилиняпти. Мўъжиза ҳамманинг кўз ўнгида содир бўлмоқда. Одамлар, айниқса, болалари, оиласи тақдирига ҳаммадан ҳам кўпроқ қайғурадиган аёллар 5 ташаббус замирида бутун орзулари, умидлари рўёбини кўрмоқда.
— Қўлимда ҳунарим йўқ. Болаларимиз улғайиб келяпти. Уларни ҳеч нарсага зориқтирмай катта қилиш, эртанги ҳаётига пойдевор қў­йиш учун мен ҳам ишлашим керак, — дейди Жамила Холмирзаева. — Бир неча йилдан бери дала юмушлари, кўча супуриш, тозалаш ишларига чиқаман. Оиламга, хўжайинимга озроқ наф бўлсин дейман. Президентимиз ташаббуси билан туманимизда тикувчилик, пойабзал ва пишириқ цехлари очиляпти. Ҳозир бу цехларда ишловчи аёлларимиз ўқитиляпти. Мен ҳам улардан бири бўлиб, озода кийимларда ишга келиб-кетишни, болаларим “Менинг онам тикувчи!” деб фахрланиб гапиришини орзу қиламан!
Бундан англайсизки, беш ташаб­бус қандайдир реалликдан узоқ бўлган таклиф эмас, балки халқнинг орзулари, армонлари, умуман, келажак-тақдирига дахлдор, керак бўлса, уларни рўёбга чиқарадиган ҳаётбахш даъватдир.
Тумандаги ўзгаришларни “Беруний” ва “Маданият” маҳаллалари мисолида ўргандик.