Ҳар бир касбнинг залвори, рағбати бор

Альпинистлар табиатнинг турли тўсиқларини бардош билан енгиб, мукофотига улкан тоғ чўққисини забт этиш нашидасини татиб кўради.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Давлат мукофоти совриндори Йўлдош Аъзамни кино санъатининг моҳир альпинистларидан десак, адашмаймиз.

1909 йил 10 май куни Тошкент шаҳрида туғилган чақалоққа яхши ният билан Йўлдош, деб исм қўйилди. У болаликдан санъатга ошуфта бўлиб улғайди. 1930 – 1936 йилларда “Совкино” ва “Востоккинофильм” студияларида роль ўйнади.
Ю.Райзманнинг “Ер чанқоғи”, Наби Ғаниевнинг “Юксалиш” фильмлари Йўлдош Аъзамни маҳоратли актёр сифатида кашф этди. Кейинчалик таниқли актёр ўзини режиссёрлик соҳасида ҳам синаб кўрди.
Унинг режиссёрлигида 1956 йили “Гулбаҳор”, 1958 йили “Мафтунингман”, 1959 йили “Фурқат”, 1961 йили “Истиқбол йўли”, 1965 йили “Ойдин саҳифа”, 1969 йили “Ўткан кунлар” каби фильмлар яратилди.
Эътиборлиси, Йўлдош Аъзам ижодида ўзбек халқининг тарихий ва замонавий ҳаёти саҳифаларини миллий руҳда кўрсатишга интилиш кўпроқ сезилади. Актёрлар билан образлар устида чуқур ишлаш, барча ҳаракатларни қаҳрамон характери ва ички дунёсини очиб беришга қаратиш режиссёр ижодига хос. Шунинг учун ҳам ижодкор бошчилигида суратга олинган фильмлар ҳалигача эътиборда. Далил ўрнида қаҳрамонимизнинг “Мафтунингман” фильмига тўхталиб ўтсак.
Режиссёр фильмга ўзгача иштиёқ билан қўл уради. Актёрларни танлашга синчковлик ва қаттиққўллик билан ёндашади. Бош роллардан бирини ижро этган Клара Жалилова фильмга қандай кириб келганини қуйидагича хотирлайди:
— Олдинига режиссёр “бу қизнинг фақат овозини оламан, ўзи тўғри келмайди, бўйи паст”, деб синовдан қайтариб юборган. Икки ой давомида бош қаҳрамонга лойиқ актриса изланди. Топилмагач, бу роль ўзимга насиб этди.
Фильмни хотирлашни давом эттирар эканмиз, яна бир қаҳрамон — хоразмлик тракторчи ҳамда унинг севги тарихидаги рақиби, фарғоналик шоф­ёр ҳам суратга олиш жараёнида турли қийинчиликларга дуч келганини эслаш қизиқ. Хоразмлик Шариф умрида трактор минмаган экан. Шунинг учун суратга олиш жараёнида тормоз ўрнига газни босиб, жамоанинг ҳаётини хавф остида қолдириш каби ҳолатлар ҳам юз берган. Фарғоналик шофёр эса партнёри билан рақсга туша олмагани ва ҳамроҳининг оёғини босиб олгани учун “айиқ полвон” деган лақаб олган эди. Аслида бу саҳна кастинг учун тайёрланган бўлган.
Бундай вазиятлар юзага чиққанида фильм яратувчиси Йўлдош Аъзамнинг баъзан даккиси, баъзан ижодкор сифатида берган маслаҳати актёр ва актрисаларга том маънода мактаб вазифасини ўтади. Аслида “Мафтунингман” фильмини миллийликка­ суғорилган ижод маҳсули десак, тўғри бўлади.
Йўлдош Аъзамнинг энг катта ютуғи фильмнинг биринчи ўзбек комедияси сифатида яратилганида эди. “Мафтунингман” фильми турли қўшиқлар, кутилмаган воқеалар тасвири ва кастинг жараёнлари билан эсда қолган.
Ҳозиргача “Сартарош”, “Дўппи тикдим”, “Мафтун бўлдим” қўшиқлари халқимиз қалбидан жой олиб келади. Бу Йўлдош Аъзамнинг ўзбек кино санъати “альпинисти” эканининг
далилидир.

Ситора ПЎЛАТОВА,
Ўзбекистон давлат санъат ва
маданият институти талабаси.
ЎзА