5 ТАШАББУС ИЖРОСИДА МИЛЛИЙ ГВАРДИЯНИНГ ҲИССАСИ

Мамлакат ёшларининг ҳар томонлама камол топиши, чиниқиши ва ўз истеъдодларини рўёбга чиқаришида ҳар биримиз масъулдирмиз. Юртбошимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижроси ҳам айнан шу мақсадларни олға суради.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг Сурхондарё вилоят бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилоят Термиз шаҳар Кенгаши билан ҳамкорликда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Халқаро ёшлар оромгоҳида 5 та муҳим ташаббуснинг йўналишларини акс эттирувчи тадбирлар туркуми ташкил этилди. Мазкур тадбир Сурхондарё вилояти Термиз шаҳар 12-сонли Меҳрибонлик уйининг «Меҳр» оромгоҳи ва «Амударё» болаларни соғломлаштириш оромгоҳи дам олувчи 300 нафар ёшларни қамраб олди.

Спортнинг бир қанча турлари ва маънавий-маърифий йўналишлар бўйича ташкиллаштирилган тадбир оромгоҳ дам олувчи болажонлари иштирокидаги қизғин ўйинларга бой бўлди. Стадионда копток тепиб футбол мусобақасида иштирок этаётган жажжи болакайлардан тортиб, оромгоҳ ҳовлисида ерга расм чизаётган барча иштирокчиларга Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ҳам хамроҳ бўлиб, уларнинг хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватладилар. Бундай бирдамликдан қувонган оромгоҳ дам олувчилари кўтаринки руҳда белгиланган мавзуларда ўз иқтидорларини ва чаққонликларини намоён этдилар. Спортнинг волейбол, баскетбол, футбол, каратэ ва сузиш каби бир қанча турлари бўйича эпчилликларини синовдан ўтказган болажонларнинг қувончи чексиз бўлди.

Шунингдек, тадбир доирасида ташкил этилган бадиийликка ёндашилган расм чизиш маҳоратлари синови ҳам икки оромгоҳ вакиллари ўртасида уюштирилди. Болажонлар «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон» шиори остида Ватан манзараларини ранглар ёрдамида акс эттирдилар.

– Чизган суратимда юртимиз табиатини акс эттиришга ҳаракат қилдим. Самода учаётган қушлар, оқиб турган шаршаралар, заминдаги майсалар – ҳаммаси табиатимиз чиройидир. Шунингдек, Ўзбекистонимизнинг мусаффо осмони, унда баланд парвоз қилаётган қушлар тасвири Она юртимда эркинлик, тинчлик ҳукмронлигидан далолат бераётгандек менга завқ ва илҳом бағишлади – дейди рассомчилик йўналишида иқтидорини синовдан ўтказаётган 12-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Моҳичехра  Суюнова.

– Бугунги ташкиллаштирилган тадбирнинг асосий мақсади оромгоҳ дам олувчиларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга қаратилган. Юртбошимиз белгилаб берган 5 ташаббус ижроси барча жойлардаги каби Сурхондарё вилоятида ҳам кенг амалга оширилмоқда. Кун давомида ўзаро мусобақа кўринишини олган тадбир дастуридаги спорт ва маърифий йўналишларда жами 300 дан ортиқ болажонлар қатнашдилар. Ҳарбий хизматчилар болажонлар билан баҳамжиҳатликда барча шартларда ва спорт ўйинларида иштирок этдилар. Бу эса ўз навбатида иштирокчи болажонларга руҳан кўмак бўлди десам муболаға бўлмайди, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Термиз шаҳар кенгаши раиси Салоҳиддинов Жаҳонгир Ҳилолиддинович.

Кун давомида ташкиллаштирилган шартлар ва спорт мусобақалари ўз ниҳоясига етгач, барча йўналишларда ўз иқтидорларини ва чаққонликларини синовдан ўтказган болажонлар учун маданий тадбир ташкил этилди. Турли чиқишлар, қўғирчоқ театри томонидан саҳналаштирилган эртак намойишлари болажонларга манзур бўлди. Айниқса, Миллий гвардия ҳарбий хизматчиларининг тадбир сўнгидаги жанговар саҳна кўринишлари болажонларда гвардиячилар шижоатига ва ушбу касбга нисбатан катта қизиқиш уйғотди. Маданий тадбир доирасида барча шартлар ва белгиланган йўналишларда иштирок этган болажонлар диплом ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Шунингдек, келгусида бу каби тадбирлар тез-тез ўтказилиши ҳам кўзда тутилмоқда.

Наргиза Қурбонова,
Сурхондарё вилояти