Ўзбекистон тажрибаси: инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун

Мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилмоқда.

Бунда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил барча ислоҳотларнинг бош мақсади ҳисобланади.
Сўнгги вақтларда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институтини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Парламент омбудсмани инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича конс­титуцивий органдир. Омбудсман ўз ваколатларини амалга оширишда давлат органлари ва мансабдор шахслардан мустақилдир ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларини таъминлаш билан боғлиқ вазият ҳақида ҳар йили парламентга тизимда бажарилган ишларни тақдим этади.
2017 йилда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, омбудсман инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашнинг янги замонавий ва самарали механизмларига эга бўлди. Конституциявий судга масалалар киритиш, унинг мажлисларида қатнашиш ва ўз нуқтаи назарини баён қилиш, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиб, ариза ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат қилиш ҳуқуқи шулар жумласидандир. Бундан ташқари, вакил инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир турли масалалар юзасидан айрим маърузаларни Олий Мажлис палаталарига, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакиллари хабарларини эшитиш тўғрисидаги таклифларни Олий Мажлис палаталарининг қўмиталарига киритиш имкониятига эга.
Қабул қилинган қонун миллий қонун ҳужжатлари нормаларини ва бу соҳада мавжуд халқаро-ҳуқуқий базани “Инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи миллий муассасалар мақомига оид принциплар” (Париж принциплари)га мувофиқлаштирди.
2019 йилда омбудсман тўғрисидаги қонун Ўзбекистонда Миллий превентив механизмни жорий этиш билан боғлиқ нормалар билан тўлдирилди. Қонунда Қийноққа солишга ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши конвенция Факультатив баённомасининг талаблари тўлиқ ҳисобга олинади.
Қонун ҳужжатларини ва ўз ваколатларини бажариш доирасида омбудсман 2018 йилда Миллий превентив механизм мандати билан қамраб олинган 73 та муассасага мониторинг ташрифларини амалга оширди. 2019 йилда Вакил 30 дан ортиқ муассасага ташриф буюр­ди. Бу соҳадаги фаол ишлар фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи давлат мустақил тизимидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга кўмаклашади.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон дек­ларацияси қабул қилинганлигининг
70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастурига мувофиқ омбудсман фаолияти йўналишларидан келиб чиқиб, парламент унинг котибияти штатини икки марта кенгайтирди ва янги ташкилий тузилмасини тасдиқлади.
Давлатимиз раҳбари омбудсманнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимини жорий этиш ва Котибият тузилмасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фаолиятга кўмаклашувчи сектор ташкил этиш бўйича таклифларини қўллаб-қувватлади.
Шунингдек, Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасалари глобал альянсида аккредитация қилиш бўйича концепция ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда.
Умуман олганда, Ҳаракатлар стратегияси асосида қабул қилинган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда, адолат ҳамда қонун устуворлиги принципларини амалга оширишда омбудсман роли ва ўрнини кучайтиришга кўмаклашади.

Саид АЗИМОВ.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) котибияти мудири