Ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган

Юртимизда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз йўлини топишга қийналаётган йигит-қизларни замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш ҳамда уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мавзуни Жиззах вилоятининг баъзи туманлари мисолида ўрганишга ҳаракат қилдик.
Яқинда Пахтакор туманида ип йигирув корхонаси ишга тушди. “Paxtakor tekst”да 450 нафарга яқин аёл уч сменада ишламоқда. Уларнинг ярми ёшлардан иборат.
— Корхонага Швейцария технологияси келтирилган, — дейди ип йигирувчи Ирода Бекжонова. — Дунё стандартларига мос замонавий ускуналар ихтиёримизда. Ишлаб чиқарилган ип-калава Туркия ва Хитойга экспорт қилинмоқда. Шундай шароитда меҳнат қилаётганимдан
мамнунман.
Ёшлар иттифоқининг туман кенгаши “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси доирасида беш кишига “Боғи адам Саҳифа” фермер хўжалиги ҳудудидан жами 10 гектар ер майдони ажратди. Ушбу хайрли ташаббус асосида беш нафар зафарободлик тенгдошимизнинг ҳам бандлиги таъминланган. Энди улардан ҳар бирининг “Чирилоуқ даласи” фермер хўжалигида ўз гектари бор. Далаларда кунгабоқар, мош ва бошқа экинлар етиштирилмоқда.
“Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури доирасида яратилган имкониятлар эвазига мамлакатимизда ёш тадбиркорлар сафи йилдан-йилга кенгаймоқда. Масалан, яқинда Пахтакор туманида 215 миллион сўм имтиёзли кредит маб­лағи ҳисобига “Беҳруз Азиз” хусусий корхонаси ташкил этилиб, 11 киши иш билан таъминланди. Корхона бир кунда 250 килограмм қандолат маҳсулотларини сотувга чиқармоқда.
Форишда ҳам ёшлар бандлиги ­эътибор марказида. Туманда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари асосида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари баравж олиб бориляпти. Енг шимариб ишлаётганлар орасида Иттифоқ ташаббуси билан тузилган “Фидойи ёшлар отряди”нинг 200 нафар аъзосини ҳам учратдик.
Якка тартибдаги тадбиркор Расул Тўраев 10 нафардан ортиқ шогирди билан бирга мебель ясайди. Эшик, дераза-ромлар, юмшоқ диван ва креслоларнинг бозори чаққон. Буюртмачиларнинг қадами узилмайди.
Туманда истиқомат қилаётган Лайло Илҳомова Ёшлар марказида тўқувчилик тўгарагини очган. 20 нафардан ортиқ шогирди бор. Жавоҳир Шукуров эса 15 нафар ёшга ҳайкалтарошлик ва кулолчилик сирларини ўргатмоқда.
Хонбанди шаҳарчасидаги Ёшлар марказида “Жасмин мега сервис” МЧЖга қарашли “Фориш чеварлари” тикув цехи фаолият бошлади. Унда 61 нафар ёш хотин-қиз доимий меҳнат билан банд. Бундан ташқари, мазкур корхонанинг олис ҳудудларда очилган яна учта филиали орқали жами 191 нафар аёл доимий ишга эга бўлди. Махсус кийимлар, эркаклар костюм-шими, мактаб формаси, чойшаб ва бошқалар нафақат ички бозор, балки чет элдаги харидорлар талабини ҳам қондирмоқда.
Хуллас, ҳаракат бор жойда натижа ҳам, албатта, кўзга ташланади. Муҳими, ёшлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани йўқ. Улар давлат ва ҳукуматимизнинг доимий эътиборида.

Элдор НАВРЎЗОВ,
Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши матбуот котиби