Анзират бувилар кўпайсин!

Кейинги вақтда жамиятимизда оилавий ажримлар сони ортиб бораётгани кишини ташвишга солади. Ачинарлиси, бундан фақат эр-хотин азият чекмайди. Балки фарзандлар тақдири, камоли ҳам хавф остида қолади.

Таҳлилларга кўра, Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг 6 ойи мобайнида ажралиш арафасида турган оилалар сони 782 тани, шундан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги ажримлар 376 тани ташкил этяпти. Оилавий ажримларга аксар ҳолларда эр-хотин ўртасидаги ўзаро келишмовчилик ва учинчи шахс аралашуви (қайнона-қайнота ва бош­қалар) сабаб бўлмоқда.

Вилоятда ҳолатнинг олдини олиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Бу борада “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармасига қарашли “Келин-куёвлар инновацион мактаби”ни алоҳида тилга олиш жоиз.
“Келин-куёвлар инновацион мактаби”да янги ҳаёт остонасида турган келин-куёвлар учун оилавий ҳаёт психологияси, диний-ахлоқий тарбия, репродуктив саломатлик каби 6 хил йўналишда малакали мутахассислар томонидан 80 дақиқалик ўқув машғулотлари, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оиладаги низоларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий ва психологик асослари ҳақида дарслар ташкил этилган. Шу йилнинг ўзида бу ерда 380 нафар ёш ўқув машғулотларида иштирок этган.
— Айни пайтда Сурхондарёда оилалар сони 621 минг 867 тани ташкил этади, — дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси бошлиғи Дилфуза Жўраева. — Шундан 128 минг 496 таси ёш оила. Жорий йилнинг 6 ойида вилоятда 440 та оилавий ажримнинг олди олинди, бунинг эвазига 635 нафар бола ярим етимликдан сақлаб қолинди. “Келин-куёвлар инновацион мактаби”нинг машғулотларида иштирок этаётган ёшлар томонидан қўшимча дарс соатларини кўпайтириш сўралаётгани қувонарли.
Ҳозир вилоятда “Маҳалланинг Анзират бувиси” номли кўрик-танлов ўтказилиши режалаштирилган. Унда эл дардини тинглай оладиган, халқ билан ҳамнафас, бир сўз билан айтганда, оилалардаги турли низоларга ечим топадиган онахонлар саралаб олинади. Ғолиб­ликни қўлга киритган номзодлар ўз маҳалласининг “Анзират бувиси” сифатида фаолият кўрсатади. Даставвал улар “Оила” илмий-­амалий тадқиқот маркази ви­лоят­­ бошқармаси қошидаги махсус курс­­ларда малака оширади.

Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА