Билим — бирламчи омил

Юртимизда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари қизғин давом этмоқда. Жумладан, “Ўзэкспомарказ” мажмуаси абитуриентлар ва уларнинг яқинларига мезбонлик қилмоқда.

— 2 август кунги синовларда 71 минг 340 нафар абитуриент иштирок этиши белгиланган эди. Шундан
1 минг 580 нафари турли сабабларга кўра имтиҳонга келмади, — дейди Давлат тест маркази тест синовларини ташкил этиш ва назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Диёрбек Қўчқоров. — 27 нафар абитуриент қоидани бузгани учун ҳудудга кириш жойида тест синовидан четлатилди. Шунингдек, телефон, шпаргалкадан фойдаланиб тартиб-интизомни бузган абитуриентлар ҳам йўқ эмас. Ҳатто гуруҳ назоратчилари орасида ҳам саволларни ишлашда абитуриентга ёрдам бераётганлари учраган. Бундай назоратчилар билан тузилган шартнома бекор қилиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда жазо чоралари кўрилмоқда. Гуруҳ назоратчисига бир смена учун 92 минг сўм пул тўланади.
“Ўзэкспомарказ”да куннинг биринчи қисмида бошланган имтиҳон 11:20 га қадар тўлиқ якунланди. Ичкаридан чиқаётган ўғил-қизларни суҳбатга тортдик.
— Саволлар нисбатан осон, барча қулайликлар яратилган, — дейди Тошкент давлат иқтисодиёт институтига ҳужжат топширган абитуриент Анвар Эргашев. — Бинога киришда обдон текширувдан ўтдим. Компьютерда ҳар бир абитуриентнинг юз қиёфаси текширилди. Шубҳали кўринган абитуриентлар бармоқ изи орқали иккинчи текширувдан ўтди. Бундай назорат жараён ҳалол ўтишини таъминлайди.
Ажабланарли жиҳати шундаки, айрим абитуриентлар тестни 15 – 20 дақиқада ечиб, залдан чиқиб кетяпти. Баъзилари эса жавоблар варақасини таваккалчилик асосида тўлдирганини айтди. Улардан бири Тошкент вилоятилик Ситора Қўшбоева буни шундай изоҳлайди:
— Жавобларни қалбимга қулоқ тутиб, тахминан белгиладим. Сабаби имтиҳонга жиддий тайёрланмагандим. Институтга ҳужжат топширган тенг­қурларимга ҳавасим келарди. Жавоблар варақасини кўриш, жараёнда иштирок этиш орзум эди. Бир томондан омадимни синадим. Омадим чопса, ўқишга кириб кетарман…
Имтиҳон натижаларини орадан бир кун ўтиб, cabinet.dtm.uz сайти орқали билиб олиш мумкин. Айтиш керакки, бу йил тест натижалари билан абитуриентнинг жавоблар варақаси ҳам сканер қилинган ҳолатда ҳавола этилаётгани ҳаммани қувонтирмоқда. Чунки абитуриент жавоблар варақаси ҳақиқатан ҳам ўзиники эканига ишонч ҳосил қилади, ортиқча саволларга ўрин қолмайди. Қолаверса, қайси саволга тўғри, қайси бирига нотўғри жавоб берганини аниқ кўра олади.
— Бу йилги тест жараёни жамоатчиликни хурсанд қилмоқда, — дейди Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев. — Илгари рўйхатдан ўтиш, ДТМ рухсатномасини олиш, тест топшириш ва тўплаган балини билиш учун абитуриент инс­титутга қайта-қайта келишга мажбур бўларди. Бу йил буларнинг барини ўз яшаш ҳудудида туриб аниқлаш имконияти яратилди. Видеокузатув камералари кўпайтирилди, мобил алоқа тўлқинларини тўсувчи воситалар ўрнатилди. Абитуриент “Фасеконтрол”дан ўтолмаса, бармоқ изи билан танийдиган воситалар қўлланиляпти. Энди тестга бировнинг ўрнига киришнинг ҳеч қандай имкони йўқ. Бинолар ичи салқин, ҳар бир партага алоҳида сув ва ручка қўйилган. Бу йил 1 миллион
66 минг 925 нафар абитуриент рўйхатдан ўтган. Шундан салкам бир мил­лион нафари тест синовларида иштирок этади. Қолгани тест синовларисиз қабул қилинадиган абитуриентлардир.

Тест синовлари юзасидан юртдошларимизнинг баъзи савол­ларига ДТМ мутахассиси Диёрбек Қўчқоров жавоб беради:

1. Савол. Тест жараёнларига кела олмаган абитуриентларга хужжат топшириш учун амалга оширган тўлови қайтариб бериладими?
Жавоб. Йўқ, қайтариб берилмайди. Чунки абитуриент учун зарур харажатлар қилиниб, тайёргарлик кўрилган. Шу боис тўлов пулини қартаришнинг иложи йўқ.
2. Савол. Абитуриентлар имтиҳон бўлаётган жойга формада келиши шартми?
Жавоб. Бундай талаб қўйилмаган. Абитуриент хоҳлаган кийимида келиш ҳуқуқига эга. Имтиҳондан тартиб-интизомни бузганларгина четлатилади.
3. Савол. 1-сменада берилган саволлар 2-сменада ҳам тушиши
мумкинми?
Жавоб. 1-сменадаги саволлар 2-сменада тарқатилмайди.

Маъмура ХЎЖАҚУЛОВА, Карим ЗАРИПОВ,
Динара ЮСУПОВА, Дилноза АТОЕВА