Ватан тилда эмас, дилда яшайди

“Ёшлар овози” газетасининг 2019 йил 19 июнь сонидаги “I Love…” сарлавҳали мақолада шаҳар ва туманларнинг марказий майдонларига битилган “I Love Navoi”, “I Love Samarkand”… cингари “ватанпарварлик” изҳорлари тобора урфга кириб бораётгани ҳақида сўз юритилади.

Муаллиф “…шу зарур бўлса, нега уни инглиз тилида ёзишимиз, ажнабий тилда изҳор қилишимиз керак?! Қайси ўзбек онаизорига меҳр-муҳаб­батини шу зайлда изҳор этади?”, деган саволни ўртага ташлайди. “Юрак”ни англатувчи шаклнинг мазмун-моҳиятига ҳам тўхталиб, унинг салбий маъноларини очиб беради. Мақолани ўқиб, Ватан ҳақидаги мулоҳазаларимни ёзишга жазм этдим.
Ватан туйғуси. Ватанга муҳаббат. Ватанпарварлик. Юртни севиш. Халқи учун жон фидо этиш…
Бугун бу жумлалар қулоққа тез-тез чалиняпти. Чалинса ҳам майли эди, баҳайбат қўнғироқли соат сингари барча соҳаларда бонг уряпти. Ёзувчи-шоирлар, оммавий ахборот воситалари, амалдорларни қўя туринг, энди ўсиб келаётган ёш авлоднинг онгига ҳам баъзи ҳолларда сохта мадҳиябозлик сингдирилмоқда. Мактабда устозим бир гапни кўп қайтарарди: “Ватан учун жон фидо этманг, шунчаки Ватан учун яшанг. Ватан учун яшаган инсон юрт ва халқи учун жон беришга тайёр туради”…
Ватан ҳақида Шавкат Раҳмон шундай сатрлар битган:

Жойлашгансан шунчалар чуқур…
Ўз тубига яширган юрак.
Сенга етиб бормоқлик учун
Узун умрим етмаса керак.

Кўряпсизки, оддий сўзлар. Лекин ҳар бир сўз, ҳарфда оғир юк, дахлдорлик туйғуси бор. Бу туйғу баъзи “зулфиячи”лар, қаерда нима дейиш ва қайси даврада ўзини қандай тутишни қойиллатадиган айрим “фаол ёшлар”нинг “ватанпарварлиги” ка­би эмас. Бу шеър чин кўнгилдан, иддаоларсиз ва таъмасиз ёзилган. Юракдан чиққан асар юракларга етиб боради.
Яқинда ижтимоий тармоққа “Адиблар хиёбони”даги Зулфияхоним, Абдулла Орипов ва Муҳаммад Юсуф ҳайкалларининг айни кундаги аҳволи видеолавҳаси жойланди. Шоира Зулфия ҳақидаги постда шундай дейилган:
“Зулфияхоним ўз суратлари акс этган, олтин суви югуртирилган медалларни кўксига таққан, башанг кийинган “қизлари”нинг йўлига қараётгандек: “Қайси қизим келаркану гулларимга сув қуяркан, ён-атрофимни супуриб, устимдаги чанг-ғуборларни тозаларкан”, деб.
Сатрларни ўқирканман, Зулфия мукофоти совриндорларининг жўшиб гапириши ёдимга тушади:
“Биз мукофотни кўксимизгамас, юрагимизга тақамиз! У чап томонимизда ураётган юракни халқ учун, юрт учун хизмат қилишга ундайди. Ватан учун яшашга даъват этади. Албатта, ўзимга билдирилган ишончни оқлаб, Зулфия онам сингари шоира бўлишга ваъда бераман”.
Шуларни ўйлаб, таъсирланиб юрган кезларим эди. Муҳим байрам арафасида туман фаол ёшларини марказга чақиришди. Борсам, катта хонада 20 нафарга яқин йигит-қиз тўпланган. Тадбирда туман ёшлари номидан гапириш керак экан.
— Болалар, кеча йиғилишда ҳоким бува бизга сохта қарсакбозлар эмас, ҳақиқий ватанпарварлар керак, дедилар. Шундай гапирингки, ҳар сўзингиздан юраклар жунбишга келсин, нутқингиздан кўзланган мақсад йиғилганларни руҳлантиришдир…
Ўйлайман, нега биз сохталикдан ҳалигача воз кеча олмадик, жамиятнинг турли жабҳаларида қаллоблик, кўзбўямачилик бўлгани етмаганидек, энди энг олий туйғуга ҳам “кўз олайтириб”, йиғилганлар нигоҳини шамғалат қиляпмиз? Тўғри, бу ёшлар фаолдир, борингки, қобилиятлидир, лекин бундай йўл билан обрў излаш, мукофотга даъво қилиш қанчалар тўғри?! Бугун нега китобни “Spark” олиш учун ўқияпмиз, Ватанни иддао билан, эвазига нимадир кутиб “севяпмиз”?!
— Сиз ҳоким буванинг эзгу ишлари ҳақида чиройли шеър ёзинг. Уларга ёқса, кўнглидан жой олсангиз, “Spark” бор.
— Пиёда юрганим яхши!
Ватан — инсон юрагининг яширин хоналаридаги пинҳон туйғудир. Уни ҳамма ҳам топа олмайди. Унгача етиб боролмайди. Ватан нелигини англаганлар эса у ҳақда ҳадеб гапиравермайди, ёзавермайди. Инсон яхши кўрган нарсасини кўнглининг энг чуқур ерида асрайди. Ҳаммага жар солишга қизғанади, ҳар жойда айтавергани ор қилади. Сохта муҳаб­бату қарсакбозликдан Ватан хўрланади!

Абдулазиз АҲМЕДОВ