Диёрбек Қўчқоров: “Тестда кам балл йиққан абитуриентларнинг ота-оналари шикоят қилмоқда”

Тест синовлари шахсни идентификациялаш воситалари, видеофиксация ҳамда доимий видеокузатув қурилмалари билан жиҳозланган катта сиғимли биноларда бўлиб ўтмоқда. 7 август куни тестлар математика, она тили ва адабиёт, чет тили, кимё, биология ва тарих фанлари бўйича ўтказилди. Шу куни синовларда иштирок этиши белгиланган 71 минг 340 нафар абитуриентдан 69 минг 489 нафари қатнашди. 1 минг 789 нафари тестга келмаган. Тартиб-қоидаларни бузганлиги учун 21 нафар абитуриент ҳудудга кириш жойи­да, 41 нафари бинода синовлардан четлаштирилди.
Шу куни Тошкент шаҳридаги “Ўзбекистон” спорт маж­муасида 1940 йилда таваллуд топган абитуриент — Николай Стаханов ҳам имтиҳон топширди.
Тест синовларида ҳамон қоида­бузарликлар учраётгани ачинарли ҳол. Ахборот ва омма­вий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда Давлат тест марказининг тест синовларини ташкил этиш ва назорат қилиш бошқармаси бош­лиғи Диёрбек Қўчқоров шу масалага тўхталиб ўтди.
— Биз абитуриентларга қои­дага хилоф усуллардан фойдаланишнинг охири войлигини қанча тушунтирмайлик, барибир турли йўл билан шпаргалкалар олиб киришга уринишлар кузатиляпти. Масалан, 7 август куни бино ичига микрочип олиб кирган абитуриент аниқланиб, имтиҳондан чиқариб юборилди. Тест синовларида жуда кам балл йиққан абитуриентларнинг ота-оналари бизга фарзандларининг бундан қаттиқ тушкунликка тушгани ва ўзига зарар етказишга ҳаракат қилгани ҳақида шикоят қилмоқда. Мен бу ота-оналарга мурожаат қилмоқчиман: сиз фарзандингизни назорат қилинг, шундай руҳий ҳолга тушгунга қадар ва тушкунликнинг олдини олиш учун эътиборли бўлинг. Олий ўқув юртига кириш истаги юқори бўлган ва фанлардан яхши тайёрланган абитуриент ҳеч қачон паст балл тўпламайди. Бу балл — болангизнинг реал билим даражаси. Тест синовларига тайёргарлик жараёнида ­эътиборли бўлиш кейинги пушаймонликларнинг олдини олади.
Эслатиб ўтамиз, Қурбон ҳа­йити муносабати билан 11 август кунига белгиланган тест синовлари Қашқадарё вилоятида 12 августга, Фарғона, Жиззах ва Навоий вилоятларида 13 август­га, Қорақалпоғистон Респуб­ликаси, Андижон, Хоразм ва Самарқанд вилоятларида 14 август­га ва Бухоро вилоятида 15 августга кўчирилди. Имтиҳон абитуриент рухсатномасида кўрсатилган соатда бўлиб ўтади.

Зарина НОРИМОВА