Европада олим бўлиш қийин, бизда-чи?

Ўзбекистонда илмий фаолиятга муносабат ўзгаряпти. Энди олим қандай даража ва унвонга эга бўлмасин, изланишдан тўхтамаслиги, бошқача айтганда, ўзининг илм-фан учун керакли эканини доимо исботлаб туриши лозим. Шунга яраша илм аҳлига рағбат ҳам, ҳурмат ҳам кўрсатилмоқда.

Олим уларнинг ойлик маоши дифференциал тарзда оширилаётгани, дунёдаги йирик илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда хорижда стажировка ўташга кенг йўл очилгани фик­римизни яққол исботлайди. Бироқ юртимиз илм-фанини бирданига жаҳон талаб­лари даражасига олиб чиқишнинг имкони йўқ. Аввало, эскича қараш ва стереотип­лардан қутулиш керак.
Астрофизика соҳасида етук мутахассис, ҳамюртимиз Бобомурод Аҳмедов Ўзбекистонда олимлар малакасини ошириш тизимини жорий этишни таклиф қилмоқда. У олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари фақат дарс бериш билан чекланаётганини жиддий муаммо деб ҳисоблайди. Олимнинг фик­рича, илмий-тадқиқот институтлари ва университетлар ўзаро интеграциялашиши зарур. Шундагина таълим муассасалари рақобатбардош илмий кадр­ларни тарбиялаб чиқариши мумкин. Ёшларда эса илм билан шуғулланишга мотивация кучаяди.
Мавзуни тўлиқроқ очиб бериш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти назарий астрофизика бўлими мудири
Бобомурод Аҳмедов билан юзма-юз мулоқот қилдик.
— Юртимизда олий ўқув юртлари рейтинги тузилаётганидан хабарингиз бор, — дейди профессор. — Бунда педагогларнинг илмий фаоллиги, яъни маҳаллий ва хорижий нашрларда ­эълон қилган илмий мақолалар салмоғи инобатга олинмоқда. Бошқача айтганда, биз аста-секин жаҳон стандартларига яқинлашяпмиз. Ғарбий Европада илмий сафарда кўп бўламан. У ердаги илм-фан ва таълим тизимлари мобиллик асосига қурилган. Масалан, Германия университетлари унча-мунча кишини доимий ишга қабул қилмайди. Сиз даставвал муайян муддат хорижда, имкон қадар бир нечта мамлакатда таж­риба орттириб, PhD даражаси ёки профессор унвонини олишингиз керак. Турли муассасалардаги меҳнат фаолияти олимга янги иш услубларини ўрганиш, ҳар хил муҳит ва жамоаларга мослашиш имконини беради. Четда керакли эканини исботлай олгандан ке­йингина олмон мутахассиси ўз юртида доимий позицияга эга бўлиши мумкин. Шу боис Германияда олим бўлиш ниҳоятда қийин. Рақобатга дош беролмайдиганлар саноатга ўтиб кетади.
Афсуски, рақобатбардошлик нуқтаи назаридан Ғарбдан ҳали анча орқадамиз. Бизга мобиллик етишмайди. Докторлик диссертациясини ҳимоя қилдингми, тамом, лавозиминг ҳам, маошинг ҳам тайин. Нафақага чиққунча олим ўзини ортиқча уринтирмай ишласа-да, биров ғинг демайди. Чунки собиқ иттифоқ даврида шундай бўлган — ишсизлик қораланган. Йиллар давомида биронта мақола чиқармайдиган профессорларимиз бор. Баъзилари пенсия ёшига етиб ҳам жойини бўшатгиси келмайди. Нега? Сабаби профессорлик маоши қарилик нафақасидан 4-5 баравар кўп. Бундай номутаносибликни бартараф этиш вақти келди, менимча. Олий ўқув юртлари ҳамда илмий муассасаларда фақат энг кучли — инглиз тилини биладиган, хорижда малака ошириб келаётган, тинмай илмий янгилик яратадиган кадрлар ишлаши керак. Мамлакатда олимларнинг ўртача ёши 70 га етиб турганда тараққиётга эришиб бўлмайди!
Ривожланган давлатлар тажрибасига юзлансак, нафақага чиққан етакчи олимларга нуфузли эмеритус-профессор лавозими берилади. Натижада улар маошини йўқотмаган ҳолда илмий ва олий таълим даргоҳида ўз фаолиятини бемалол давом эттириши мумкин. Фақат штатсиз ходим сифатида.
Ўзбекистон Миллий университетига қарашли Ўқитувчиларни қайта тайёрлаш минтақавий марказида ҳам дарс бераман. Очиғини айтиш керак, илмий мақола ёзишга қўли бормайдиган, илмий коллаборацияда иштирок этмайдиган ва бунинг йўл-йўриғини ҳам билмайдиган ҳамкасбларимиз талайгина. Улар дарс ўтиш билангина чекланиб қолмоқда. Педюклама катта. Шу сабабдан илм қилишга вақт етмайди. Ваҳоланки, дунёда бунга аллақачон оқилона ечим топилган. Кўпгина ривожланган давлатларда саббатикал тизими амал қилади. Бу илмий таътил дегани. Яъни университет ўқитувчиси бир-икки семестрлик танаффус олиб, шу вақтини фақат тадқиқот ишларига ёки мақола, қўлланма, монографиялар ёзишга бағиш­лайди. Унинг иш жойи ҳам, маоши ҳам сақлаб қолинади. Саббатикални Ўзбекистонда ҳам жорий қилиш зарур.
Энди бевосита фан билан шуғулланаётган олимларимизга келсак. Бу масалада ҳам оғриқли нуқталар кўп. Масалан, илмий-тадқиқот институтларида ишлайдиган камдан-кам мутахассислар дарс бериш кўникмасига эга. Айниқса, катта авлод вакиллари. Сабаб ўша-ўша — улар йиллар давомида бир хил фаолият юритишга ўрганиб қолган. Талабалар билан ишлолмайди, интерфаолликка, жонли мулоқотга одатланмаган. Натижада ёшларга илм-фан қозонида қайнамайдиган назариётчилар дарс бермоқда. Илмий муассасалар эса хом-хатала кадрлар билан тўлиб-­тошмоқда.
Шахсан мен жамоага асосан Миллий университет битирувчиларини қабул қиламан. Чунки уларнинг билим даражаси бирмунча юқори. Тўғри, барча вилоятларда университетлар, кўпларида физика факультетлари ҳам бор. Афсуски, тайёрланаётган кадрлар талабга жавоб бермайди. Биринчидан, инглиз тилидан нўноқ. Тил билмаган йигит ёки қиз халқаро илмий лойиҳаларда қандай қилиб иштирок этиши, муайян хорижий давлатда стажировка ўташи мумкин?! Ваҳоланки, ҳозир жаҳонда тан олинган олимлар сафига қўшилишимиз учун шароит бисёр. Лекин ҳамма вақт ундай бўлмаган.
Тарихдан мисол келтираман. Покис­тонлик машҳур физик олим, Нобель мукофоти лауреати Муҳаммад Абдус Салом 1946 йилда Лахордаги Панжоб университетини тамомлаб, стажировка ўташ учун Буюк Британияга жўнайди. Кембриж университетида PhD даражасини олгач, ватанига қайтади. Лекин Покистонда фундаментал фан билан шуғуллана олмаслигини тез орада тушуниб етади. Чунки шароит йўқ эди. Натижада Абдус Салом Лондонга қайтиб кетишга мажбур бўлган.
Таълимнинг фандан узилиб қолгани барча ривожланаётган мамлакатларга хос муаммо. Буни ўз вақтида англаган Муҳаммад Абдус Салом шу мамлакатлар олимларига малака ошириш имконини берадиган Назарий физика халқаро марказини очишни мақсад қилади. Марказ 1964 йилда Италиянинг Триест шаҳрида ташкил қилинди. Бу даргоҳ менинг илмий карьерамда катта роль ўйнади. Марказда дунёга машҳур олимлар билан танишдим, улардан сабоқ олдим.
Абдус Салом ўз китобларида Ғарб олимларига мурожаат қилиб шундай ёзади: “Сизлар бир нарсани унутмаслигингиз керак: Европага илму маърифат Шарқдан кириб келган. Ғарб дунёси Беруний, Муҳаммад Хоразмий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби буюк алломалардан кўп нарсани ўрганди. Тақдир тақозоси билан XX асрга келиб илм-фан бобида Ғарб Шарқдан ўзиб кетди. Энди қарзингизни узинглар”. Шу билан бирга, олим дунёда илм-фан юксалишига қоғоз сабаб бўлганини, қоғозни саноат миқёсида ишлаб чиқариш эса биринчи бўлиб Самарқандда йўлга қўйилганини, шундан кейин бу ноёб маҳсулот бошқа минтақаларга тарқалганини эслатади. Мазкур ҳолат жаҳонга илму маърифат зиёсини айнан Марказий Осиё сочганини яна бир карра тасдиқлайди.
Италиядаги Назарий физика халқаро марказида ўзбек олимларини ҳам учратиш мумкин. Лекин улар жуда оз. Шу боис минтақавий аҳамиятга эга илмий даргоҳлар, жумладан, Қозоғис­тондаги Назарбоев, Хитойдаги Фудан университетлари, Чехиядаги Альберт Эйнштейн илмий маркази ҳамда ўз вақтида Индира Ганди саъй-ҳаракати билан ташкил қилинган Ҳиндис­тондаги Астрономия ва астрофизика университетлараро халқаро маркази билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатганмиз. Ҳар йили бир нечта ходимимиз ушбу марказларда стажировка ўтаб келмоқда.
Назаримда, илмий хаблар Ўзбекис­тонда ҳам пайдо бўлиши керак. Бу ишни қўшни давлатлар билан ҳамкорликда қилиш мумкин. Ўтган йиллар мобайнида илм-фан соҳасида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим ислоҳотларни орқага суриб вақтни бой бериб қўйдик.
Ҳозир ёшларимизнинг бор-йўғи
­9 фоизи олий таълим олиш имконига эга. Ваҳоланки, қўшни Тожикистонда бу кўрсаткич 32, Қозоғистонда
68 фоизни ташкил қилади. Жанубий Корея ва Япония-ку олий маълумотлилар индекси бўйича ҳаммадан ўзиб кетган. Бизнинг ҳам қурбимиз етади! Давлат даражасида жиддий саъй-ҳаракатлар бошланган. Ўзбекистонда хорижий университетларнинг филиаллари очил­япти. Илм-фанда сон эмас, сифатга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Шу каби залворли ишларга ҳар биримиз бош қўшсак, ишонаманки, тез орада ривожланган давлатлар сафидан жой оламиз.

Наргиза УМАРОВА ёзиб олди.