Имконияти чекланган, лекин ҳуқуқлари чекланмаган

Таълим олиш фуқаронинг ижтимоий ҳуқуқи. Бу ҳуқуқ ҳар бир давлат қонунчилигида кафолатланган. Ўнта бўлса, ўрни бўлак, деганидек, таълим олишда ҳам болани боладан ажратилмайди. Фақат унинг қабул қилиш имкониятидан келиб чиқиб, ёндашув турлича бўлади. Яъни жисмонан расо ҳамда даволанишга муҳтож болалар учун ўқув жараёни бир хил шаклга эга эмас.

Бош қомусимизда ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга экани, бепул умумий таълим давлат томонидан кафолатланиши белгиланган. Ёшларнинг таълим олиш ҳуқуқлари “Оила” кодекси, “Таълим тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларда ҳам мус­таҳкамлаб қўйилган.

“Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 17-моддасига кўра, стационар даволаш-профилактика ёки реа­би­литация қилиш муассасаларида даволанаётган ногирон болалар учун ўқув машғулотлари ташкил этилади.
Бу борада хорижий давлатлар тажрибаси ва қонунчилигида, хусусан, Россия Федерациясида болаларнинг стационар даволаниш даврида таълим олишининг бир нечта шакллари назарда тутилган:
даволаш муассасасига ўзининг мактабидан келиб ўқитиш;
даволаш муассасасига яқин жойдаги мактабдан келиб ўқитиш (шартнома мавжуд бўлган тақдирда);
масофавий таълим;
даволаш муассасаси тизимида махсус ўқув бўлинмасини ташкил этиш орқали таълим ва тарбия бериш.
Ўқув машғулотлари боланинг саломатлиги ва жисмоний имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда кунига кўпи билан 3,5 соат давом этади.
АҚШ ва айрим Европа давлатлари қонунчилигига асосан, жисмоний имконияти чекланган ўқувчилар бошқа болалар билан бир қаторда мактабда ўқиши учун барча шароитлар яратилиши шарт. Оғир касалликка чалинган ва узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларнинг мактабда — ўз тенгдошлари орасида таълим олиши уларнинг психологик ва ижтимоий мослашишида алоҳида аҳамият касб этади.
Германияда бемор ўқувчининг уйда ёки тиббиёт муассасасида индивидуал режа асосида ўқишига рухсат берилишида шифокорнинг хулосасидан ташқари қуйидагиларга эътибор қаратилади:
бола 6 ҳафтадан ортиқ муддат давомида мактабга бора олмаса;
касаллик туфайли дарсларни тез-тез қолдирса;
умумий аҳволи таълим олиш учун монелик қилмаса.
Боланинг синфда бошқа ўқувчилар билан бирга ўқиши учун унинг хоҳиши инобатга олинади.
Индивидуал режа асосида ўқиётган бола ўтилган материал ҳаж­мидан келиб чиқиб имтиҳон топшириши, аттестат олиши мумкин.
Бразилияда давлат тиббиёт муассасалари билан бир қаторда нодавлат даволаш ташкилотларида ҳам бемор болалар таълимида узилиш бўлмаслиги учун аниқ механизм ишлаб чиқилган.
Хусусан, 15 йилдан буён фао­лият юритаётган саратон касаллигини даволашга ихтисослашган нодавлат тиббиёт марказларидан бири “Мобил мактаб” хизматини кўрсатади. Бу хизмат тегишли лицензияга эга бўлиб, Таълим вазирлиги томонидан маъқулланган.
Ҳар бир бемор ўқувчи қаерда бўлишидан қатъи назар, даволаниш мобайнида индивидуал ўқув курси асосида ўқитилади.
Японияда узоқ вақт даволанишга муҳтож болани индивидуал режа асосида уйда ёки даволаш муассасасида фақат умумий бошланғич ва ўрта синф­лар дас­тури бўйича ўқитиш мумкин.
9-синфдан юқори синфларда ўқиш учун алоҳида ҳолларда маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилиш талаб этилади.
Бундан кўринадики, юртимиз қонун ҳужжатларида узоқ вақт даволанишга муҳтож бўлган болаларнинг таълим олиш ҳуқуқи давлат томонидан кафолатланган бўлса-да, бу тоифага кирувчи болаларни ўқитиш тартиби ва аниқ механизмлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланмаган.
Шу муносабат билан, даволаш-профилактика муассасаларида стационар шароитда узоқ муддат даволанишга муҳтож бўлган болаларга таълим беришни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойи­ҳасини ишлаб чиқиш ва унда қуйидагиларни назарда тутиш мақсадга мувофиқ:
узоқ муддат даволанишга муҳтож бўлган бола тушунчаси;
индивидуал режа тушунчаси ва уни ишлаб чиқиш тартиби;
болани индивидуал режа асосида ўқитишга рухсат бериш тартиби ва мезонлари;
педагогларга қўйиладиган талаблар ва бериладиган имти­ёзлар;
уйда ўқитиш мумкин бўлган ҳолатлар (касалликлар рўйхати);
даволаш муассасасида ўқувчига таълим бериш шакллари, шароитлари ва тартиби;
даволаш-профилактика муассасасининг таълим беришга ихтисослашган бўлинмасини ташкил этиш тартиби;
якуний имтиҳон топшириш тартиби ва бошқалар;
молиялаштириш тартиби ва манбалари.
Мазкур ҳужжатнинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши узоқ муддат даволанишга муҳтож болаларнинг бошқа соғлом тенгдошлари қатори барча ҳуқуқларидан тў­лиқ фойдаланишига имконият яратади.

Амангелди ПРЕНОВ,

Адлия вазирлиги етакчи  маслаҳатчиси