Имкон яна ўзингда!

Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан  65 нафар шахс афв этилди

Халқимиз қанчалар бағрикенг ва адолатпарвар эканига тарих гувоҳ. Бизда кенгфеъллик, кечиримлилик фазилатлари доимо улуғлаб келинган. “Темур тузуклари”, “Қобуснома”, “Қутадғу билиг” каби китобларда бундай қадриятлар давлатни идора қилишда ҳам ниҳоятда муҳимлиги эътироф этилади.
Мисол учун, Амир Темур бобомиз “Темур тузуклари”да шундай ёзади: “Менга ёмонлик қилган, макр-­ҳийла ишлатиб, жанг майдонида менга қарши қилич яланғочлаган Бадахшон амирлари, турку тожик қўшинларининг баъзи амирлари қилган қинғир ишларидан қўрқувда эдилар. Чорасиз қолиб, илтижо билан менинг паноҳимга келганларида уларга шундай яхшиликлар қилдимки, менинг иноятим ва хайр-эҳсонимни кўриб, ўзлари шарманда бўлдилар”…

Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсонпарварлик тамойили янада ёрқин акс этмоқда. Халқимизга хос бағрикенглик, кечиримлилик, олижаноблик ва меҳр-мурувват кўрсатиш каби эзгу фазилатлар янгича мазмун-моҳият касб этаётир. Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида Ўзбекистон Республикаси Президенти “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолагани бунинг ёрқин исботидир.
Ҳеч ким хатолардан холи эмас. Бу исбот талаб қилмас аксиома. Муҳими, келгусида шу хатони такрорламаслик. Инсонга бунинг учун имкон бериш олижанобликдир. Фармоннинг мазмун-моҳиятида маҳкумлар ҳам инсон сифатида ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишга маънан ҳақли экани, шу юрт учун керакли шахс бўла олишини исботлашга имкон бериш каби тушунчалар мужассам. Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конс­титуцияси 93-моддасининг 23-бандига асосан, содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар шахс афв этилди.
Уларнинг 17 нафари жазодан тўлиқ озод қилинди, 13 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, 20 нафарига эса тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилди. Бир сўз билан айтганда, 50 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш жойларидан ота-онаси, фарзандлари ва яқинлари бағрига
қайтарилди.
Шунингдек, 14 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддати қисқартирилди ва 1 нафар шахс озодликни чеклаш жазосидан озод қилинди.
Улар орасида 4 нафар аёл, 1 нафар 60 ёшдан ошган шахс, 1 нафар чет эл фуқароси ҳам бор. Аёлларга оналик, ёши улуғ инсонга нуронийлик бахти, хорижлик инсонга туғилиб ўсган тупроғига қайтиш имкони берилди. Авф этилганларнинг 39 нафари тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашган фуқаролардир.
Фармон ижросини таъминлаш, афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш юзасидан масъул вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликларга тегишли топшириқлар берилди.
Айтиш жоиз, афв этиш амалиёти инсонпарварлик тамойилларига янада мос келиши билан амнистиядан ажралиб туради. Ушбу жараёнда бевосита юқори орган вакиллари билан биргаликда маҳалла фаоллари, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, имом-хатиблар ҳам иштирок этмоқда. Бунда маҳкумнинг қилмишидан пушаймонлиги, етказилган зарарнинг қоплангани, ёши, соғлиғи, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатлар инобатга олинади. Яъни бош мақсад шахсни жазолаш эмас, уни тўғри йўлга солиш, жиноятга шароит яратадиган сабабларни бартараф этишдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, юртимизда афв этиш амалиёти илк бор Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциясининг 25 йиллиги муносабати билан қўлланилган эди. Сўнгги уч йил давомида 7 марта афв эълон қилиниб, жами 3 минг 952 нафар шахс афв этилди.

Ҳасан УСМОНОВ