“Кушон хазинаси”

Шу йилнинг 22-27 август кунлари Тошкент, Термиз, Бухоро ва Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистон — цивилизация ва йўллар чорраҳаси: империя, дин, маданият” мавзусида маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтади. Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ташаббуси билан, Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси кўмагида ташкил этилган матбуот анжуманида бу ҳақда маълумот берилди.

Анжуманнинг дастлабки куни Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида Кушон империяси даври (I аср)га оид ноёб буюмлар намойиш этилади. “Кушон хазинаcи” деб номланган эксклюзив кўргазмадан Сурхондарё вилоятидаги Далварзинтепа қадимги шаҳар қазилмаларида топилган афсонавий “Далварзин олтини” ўрин олган. Кўплаб хорижлик олимларнинг қизиқишига сабаб бўлган бу хазина  1972 йили академик Э. Ртвеладзе бошчилигидаги бир гуруҳ археологлар томонидан топилган. I асрга тегишли оғирлиги 36 кг бўлган энг катта олтин буюмлар илгари ҳеч қаерда намойиш этилмаган.

Ҳафталик доирасидаги “Ўзбекистон — цивилизациялар чорраҳасида” археологик конференциясида дунёнинг таниқли шарқшунослари маъруза қилиши кутилмоқда.

Тадбир иштирокчилари Сурхондарё вилоятидаги қадимий шаҳар харобалари, тарихий обида ва диққатга сазовор жойлар, эрамизнинг I-III асрларига тегишли Будда ибодатхонаси мажмуаси, Фаёзтепа, Термиз археология музейига саёҳат қилиши кўзда тутилган.

  Рисолат МАДИЕВА