Кўҳна тарих маржонлари

Термиз шаҳрида “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” маданий мерос хафталиги доирасида “Ўзбекис­тон — цивилизациялар чорраҳаси” номли халқаро археология туризми форуми ўтказилди. Унда дунёнинг 80 га яқин давлатидан таниқли архео­лог олимлар, музей ва илмий институтлар раҳбарлари, халқаро эксперт ва тадқиқотчилар иштирок этди.
— Термизга биринчи бор келишим, — дейди буюк британиялик археолог Андрео Александр. — Бу ердаги саёҳатларим ҳам, албатта, эсда қоларли бўлади. Юртингиз бой тарихга эга. Турли даврларга оид маданий қатламлар мавжудлигига гувоҳ бўлдим.
Халқаро археологик форумнинг энг муҳим воқеаси — академик Эдвард Ртвеладзе раҳбарлигида Кампиртепада олиб борилган тадқиқотлар меваси — Окс Искандарияси билан танишув бўлди.
Форум иштирокчилари Термиз Археология музейи, милодий I-III асрларга мансуб “Фаёзтепа” буддавийлик ибодатхонасига ташриф буюриб, бу ердаги қадимий экспонат ва ёдгорликлар билан танишди.
— Термиз иккинчи уйим, десам бўлади. Чунки бу ерда 25 йилдан буён археологик қазишма ишларини олиб боряпман, — дейди Француз Миллий илмий тадқиқотлар маркази профессори Пьер Лериш. — Бугун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлган анжуманда қатнашяпман. Иштирокчиларнинг аксарияти ёшлар эканини кўриб, хурсанд бўлдим.

Наргиза РАҲМАТУЛЛАЕВА