Мажбурий меҳнатга йўл қўйилмайди!

Одам савдоси ва мажбурий меҳнат инсонни ҳуқуқ ва эркинлигидан айиради. Кишининг шахсий дахлсизлиги ва қадр-қимматига путур етказади, турли хўрлик ва камситишларга дучор этади.

Маълумотларга қараганда, дунё бўйича одам савдосидан жабр кўрганлар 200 миллионга етган. БМТ ахборотида ҳар йили дунёда ўртача 2,5-3 миллион киши бу иллатнинг қурбонига айланаётгани, 1 миллионга яқин аёллар ва болалар алдов йўли билан чет элга олиб кетилиб, сотиб юборилаётгани таъкидланяпти. Расмий маълумотларга кўра, 2008 йилда респуб­ликамизда мингдан ортиқ шахс (35-40 фоизини аёллар, 10-15 фоизини эса болалар) одам савдоси билан боғлиқ жиноятлардан жабрланган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 249 нафарни ташкил этган.
Юртимизда инсон манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатилган. Жумладан, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид 60 дан ортиқ халқаро ҳужжатга қўшилган ва БМТ томонидан мазкур соҳада қабул қилинган 6 та асосий шартнома иштирокчиси. Хорижий давлатлар билан уюшган жиноятчилик, одам савдосига қарши курашишга қаратилган 30 га яқин шартнома ва келишувларни имзолаган. 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ва шу йилнинг ўзида “Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинган.
Бу ҳақида сўз кетганда, юртимизда одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган кўплаб чора-тадбирларни санаш мумкин. Лекин ҳамон бу мудҳиш жиноятдан жабрланаётганлар борлиги мутасаддиларни сергак торттириши лозим.
Яқиндагина Президентимиз “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолагани соҳадаги муаммоларни бартараф этиш зарур эканлигини эслатди.
Ҳозирги пайтда одам савдосидан жабр кўрганларни аниқлаш ва уларга ёрдам бериш, ижтимоий реабилитация қилиш, фуқароларга тиббий, психологик ёрдам кўрсатиш, жиноятга аралашган ҳамда унга йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш, жиноятга йўл очаётган шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўриляпти.
Одам савдосига аралашиш, унинг қурбонига айланиш ҳоллари нотўғри ахборотга эга бўлиш ва уни яқинлари ўртасида талқин қилиш билан ҳам боғлиқ. Шу боис жамоат ташкилотларини ўзаро ҳамкорликка чорлаш, малакали мутахассислар ёрдамида аҳолига одам савдоси ва унинг салбий оқибатларини кўрсатиш, тушунтириб бериш мақсадга мувофиқ.
Шуни инобатга олган ҳолда, фармонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, салбий омилларни аниқлаш ва унга қарши курашиш чоралари белгиланган. Шунингдек, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясини қайта ташкил этиш, жамоат такшкилотлари билан яқин ҳамкорликда ишлаш, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш ҳамда ижросини назорат қилиш, амалга оширилаётган чора-тадбирлар мониторингини юритиш, маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва маърузалар тайёрлаш каби вазифалар ўрин олган.

Ҳасан УСМОНОВ