“Мақсад фақат “Spark” эмас”

Бухорода “Ёш китобхон” республика кўрик-танловининг вилоят саралаш босқичи якунланди.

10-14 ёшли ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда 86 балл ва ундан юқори натижани қўлга киритган 11 нафар ўқувчи иштирок этди. Қизғин беллашувларда вобкентлик китобхон Умиджон Шаҳобовга омад кулиб боқди.
15-19 ёш тоифасида эса вилоят саралаш босқичига 8 нафар билимдон етиб келди. Танловга пухта тайёрланган олотлик Фарангиз Исоқова аниқ ва мукаммал жавоб бериб, биринчи ўрин соҳибасига айланди.
— Бадиий китоб мутолаасини ёқимли дардга ўхшатаман, — дейди Фарангиз Исоқова. — Бўш вақтимни китоб ўқиш учун сарфлайман. Тўрт юзга яқин бадиий асар ўқиганман. Ҳар бир асар қаҳрамонини иккиланишсиз ажрата оламан. Бундан ташқари, доимий равишда газета-журналларни ҳам мутолаа қилиб, кузатиб бораман. Танловда фақат бош совринни қўлга киритиш учун эмас, Бухоро шарафини ҳимоя қилиш, шунингдек, ўз билимимни янада мустаҳкамлаш, янги дўстлар орттириш, улар билан фикр алмашиш учун қатнашяпман.
“Ёш китобхон” танловининг 20-30 ёш тоифасидаги баҳсларида энг кўп китобхон иштирок этгани аниқланди: 6 мингдан ортиқ китобсевар йигит-қиз қамраб олинган.
Кўрик-танловнинг республика бос­қичида иштирок этиш истагини билдирган 11 нафар талабгор орасида ҳунарманд, талаба ва қишлоқ мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг борлиги юртимизда китобхонлик маданияти яхши шаклланаётганидан дарак беради.
— Дастабки икки босқичда ўқувчи-ёшларнинг зукколиги, нутқи равонлиги, асарлар мазмун-моҳиятини теран мушоҳада қилиши бизни лол қолдирди, — дейди ҳайъат кенгаши раиси Раҳмон Қўчқоров. — Бироқ
20-30 ёш тоифасидаги иштирокчиларни саралаш жуда қийин кечди. Сабаби ёш нуқтаи назаридан фикрлар салмоғи ва бир асарга турли ракурсдан қараш тамойилининг шаклланиб бораётгани ҳакамлар учун ҳам қувонарли, ҳам мураккаб бўлди.
“Буюк мутафаккир ва адиб” ҳамда “Бадиий асарлар билимдони” шартларида баҳс олиб борган ёшлар бор билим ва салоҳиятини намойиш қилди. Ромитанлик Бухоро давлат университети талабаси Камол Шарипов тенгдошларидан бу борада устунлигини исботлади.
“Ёш китобхон” кўрик-танловининг 2019 йилги саралаш босқичида учта ёш тоифаси бўйича ғолибликни қўлга киритган уч нафар ёш китобхон энди финал босқичида Бухоро шарафини ҳимоя қилади.

Лайло ҲАЙИТОВА