Олий таълим тараққиёти

Таълим соҳасида замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган, юқори малакали кадрлар тайёрлаш – бугунги кун талабидир. Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор таълим тизимини ислоҳ қилиш, муассасалардаги аҳволни яхшилаш ҳамда кадрлар сифатини ошириш борасидаги ишларни жадаллаштиради.
Қарорга кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг асосий вазифаси сифатида таълимнинг маънавий-ахлоқий мазмунини кучайтириш, ёшларни мустақиллик ғояларига садоқат, миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёт ғояларга қарши иммунитетини шакллантириш ҳамда кадрларга бўлган эҳтиёжни аниқлаб, таълим йўналишлари ва мутахассисликларини оптималлаштириш, ишлаб чиқариш ва бошқа корхоналарда талабалар амалиётини ташкил этиш каби масалалар белгиланди. Бундан ташқари, таълим сифатини ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам ишлаб чиқилди.
Тажрибали ва етарли малакага эга педагогларнинг самарали меҳнат қилишини таъминлаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ваколатига кирувчи раҳбар ва ходимларни лавозимга тайинлаш ва ундан озод этишнинг самарали тизими йўлга қўйилади. Эндиликда олий таълим муассасаларининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши, илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Инновацион ривожланиш вазирлиги билан келишилган ҳолда тайинланади.
Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Таълим сифатини яхшилаш мақсадида хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма факультетлар ва икки томонлама диплом бериш дастурлари амалга оширилади. Илғор хорижий тажрибалар асосида олий таълим муассасаларининг ўқув режалари кредит-модуль тизимига босқичма-босқич ўтказилади. Тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар учун контракт тўловларини амалга ошириш муддатлари олий таълим муассасаси ректори томонидан узайтирилади. Вазирлик олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси тайёрлайди. Олий таълим тўғрисидаги ва Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тўғрисидаги низомлар бугунги кун талабларига мос равишда қайта таҳрир этилади. Халқаро даражада илмий тажриба-синовларни амалга оширишга йўналтирилган ноёб илмий-техникавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган 7 та жамоавий фойдаланиладиган лаборатория иш бошлайди.
Соҳа ходимлари меҳнатини муносиб рағбатлантириш мақсадида “Олий таълим фидойиси” ҳамда “Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими фидойиси” кўкрак нишонларини таъсис этиш тўғрисида ҳукумат қарори лойи­ҳаси ишлаб чиқилади.
Ўқувчи-талабаларни ахборот хуружлари, ёт ғоялар таъсиридан ҳимоя қилиш, Ватан манфаати йўлида бирлаштириш мақсадида “Блогерлар клуби” фаолияти йўлга қўйилади. Ёшларни илмий-тадқиқотнинг замонавий методлари билан таништириш ва уларнинг илмий фаолиятини методик қўллаб-қувватлаш мақсадида “Докторантура мактаблари” ташкил қилинади. “Булутли технологиялар” таълим жараёнига босқичма-босқич жорий этилади.
ТОП-1000 халқаро рейтингдан қўшни Қозоғистоннинг ўнта олий таълим муассасаси ўрин олган. Бизда эса ҳали бирорта ҳам билим юрти бу рўйхатга киритилмаган.

Рўзиқул ОЧИЛОВ