Сирдарё: меҳрдан яшнаётган замин

Ватанни чин дилдан севган киши борки, киндик қони тўкилган замин учун хизмат қилади. Унинг кимлиги, лавозимининг аҳамияти йўқ. Юрт тақдирига дахлдорлик, ўз ишига ҳалол ёндашиш тараққиётга етаклайди.
Бугун Сирдарё вилояти том маънода бунёдкорлик майдонига айланган. Узоқ йиллар мобайнида Сирдарё деса, кўпчиликнинг хаёлида қолоқ бир чўл ҳудуди, республиканинг турли ерларидан келиб ўрнашган турфа феълли одамлар яшайдиган жой гавдаланарди. Бугун ана шу стереотип парчаланмоқда. Буни Сирдарёнинг заҳматкаш халқи бажармоқда.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси юртимизнинг нуфузли газета-журналлари ходимлари учун Сирдарё вилоятига махсус медиа-тур ташкил қилди. Вилоятдаги ислоҳотларнинг бориши, кенг кўламли ўзгаришлар, “Бешта ташаббус — Сирдарё намунаси”ни кўриш, маҳаллий аҳоли муваффақиятлари билан яқиндан танишиб, илғор таж­рибаларни ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида ўтказилган сафар таассуротларга бой бўлди.

Катта марралар сари

Сирдарё вилояти мамлакат иқтисодий-ижтимоий ҳамда маданий ҳаётида жуда муҳим ўрин тутади. Кўп соҳалар бўйича энг илғор ва салмоқли улушга эга ҳудудлардан ҳисобланади.

Вилоятда 2019 йилнинг январь-июнь ойларида барча жаб­ҳаларда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан юқори ўсиш суръатларига эришилди. Жумладан, саноатда ишлаб чиқариш 101,1 фоизга, халқ истеъмоли маҳсулотларини ишлаб чиқариш 115,7 фоизга ўсди. Натижада вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 4535,9 миллиард сўмни ташкил этди.
Бу йил вилоятдаги 72,6 минг гектар майдонда 193,6 минг тонна пахта хомашёси етиштириш кўзда тутилган. Бироқ пахтани вилоятнинг ўзида 100 фоиз қайта ишлашнинг имкони йўқ. Ҳатто республиканинг бошқа вилоятларига пахта хомашёсини кластер усулида етиштириш учун ер майдонлари ажратилади. Соҳани ривожлантириш мақсадида икки йил ичида пахта толасини чуқур қайта ишлайдиган ва экспортбоп тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 120,1 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши кўзда тутилган.

Ҳудудда рўйхатдан ўтган хорижий инвестиция иштирокидаги 93 та корхонанинг 52 таси қўшма, 41 таси эса тўлиқ хорижий корхона ҳисобланади. Шунингдек, вилоятда
9 минг 626 та кичик корхона фаолият юритмоқда.

Ишлаб чиқариш қуввати бўйича республикамизда ягона ҳисобланган “Сирдарё Универсал Ойна” масъулияти чекланган жамиятига қарашли корхона беш гектар майдонни эгаллаган. Фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун 100 турдан зиёд шиша идишлар ишлаб чиқарадиган корхонада мингдан ортиқ ишчи ишлайди. Уларнинг 80 фоизини ёшлар ташкил этиши янада қувонарли. Ходимларнинг хавфсизлиги таъминланиб, дам олиши учун барча шароитлар яратилган.

Ховосга ҳамма ҳавасда

Давлатимиз раҳбари 2019 йил 19 февралда Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Ховос тумани маркази Ховос шаҳарчасини барпо этишнинг бош режаси билан танишган эди. Март ойидан “Ховос сити”ни бунёд этиш учун 42 гектар ҳудудда комплекс қурилиш ишлари бошланди. Ҳокимлик ва бошқарув органлари, Давлат хизматлари агентлиги, тижорат банклари, турар жойлар барпо этилмоқда.
Саратоннинг жазирамасида усталарнинг заҳматли меҳнати шарофати билан 30 та кўп қаватли уйни қуриш ишлари қизғин кетмоқда. Бундан ташқари, эски Ховос шаҳарчасида 78 та икки қаватли уй таъмирланмоқда. Қай бир гўшага борманг, ўзгаришлардан кўзингиз қувнайди.

Сайхунобод!

Сайхунобод туманидаги “Сайхун Планет” савдо маркази ёшлар билан гавжум. Савдо марказида иккита қирқ ўринли кинотеатр, ўйин қурилмалари, савдо дўкони ҳамда алоҳида боғда аттракционлар ўрнатилди. 35 миллиард сўм маблағ сарфланган мажмуада 28 нафар ёш иш билан таъминланди.
Сайхунобод вилоятнинг бошқа ҳудудлари каби кундан- кунга чирой очмоқда. Туман ҳокимлиги биноси ёнида “Китобхонлар хиёбони” барпо этилмоқда. Кутубхона, китоб дўкони, шоир-ёзувчилар мушоираси учун шийпонлар қурилмоқда. Марказий кўча бўйлаб кўп қаватли бинолар қад ростламоқда. Туман ҳокими Ботир Мирзоқуловнинг айтишича, илгари бу ерда ҳаттоки, икки қаватли бино ҳам бўлмаган. Қурилиш ишлари якунлангач, баланд, кўркам бинолар ҳудуд кўркига-кўрк қўшиши, шубҳасиз.

“Peng Sheng”

Тарихдан маълумки, Ўзбекистон-Хитой ўзаро савдо-сотиқ, ижтимоий, маданий соҳаларда мустаҳкам алоқалар ўрнатиб келган. Бугунги кунда ҳам барча соҳаларда яқин, стратегик ҳамкорлик давом этмоқда.
Сайхунободдаги “Peng Sheng” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонасида 1 минг 600 нафар ишчи меҳнат қилади. Қўшма корхонада кафель, сантехника, уй ҳайвонлари учун озиқ-овқатлар, пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, 15 гектар майдонда гидропоника услубида иссиқхона барпо этилган. Тропик ўлкаларда ўсадиган мева кўчатлари ҳам маҳаллий шароитда етиштирилмоқда. Иссиқхонага биринчи босқичда саккиз миллион доллар сармоя киритилган бўлса, ҳозир у янада кенгайтирилмоқда.
Пахтачиликда ҳам яхши янгиликлар бор. “Peng Sheng” саноат мажмуаси билан ҳамкорликда 150 гектар майдонга томчилатиб суғориш усулида пахта экилди. Ўтган йили бу кўрсаткич 90 гектарни ташкил қилган эди. Яна бир ўзига хос томони шундаки, корхона ҳудудида “Ўзбекистон-Хитой дўстлик боғи” жойлашган. Ўзаро дўстлик, ишончнинг ёрқин рамзи бўлган боғда болалар майдончаси, спорт ўйингоҳи мавжуд. 2017 йилнинг 29 ноябрида икки мамлакат ўртасидаги мустаҳкам биродарлик шарафига очилган республикамиздаги ягона боғ нафақат сайхунободликлар, балки вилоят ёшларининг севимли масканига айланган.

Республикада ягона

Президентимиз Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ижод мактабини очиш таклифини илгари сурганди. Бугун Гулистонда мактабнинг қурилиш ишлари жадал суръатда давом этмоқда. Она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб 150 нафар ўқувчини қабул қилишга тайёрланмоқда. Илк ўқув йили учун аллақачон 600 нафар ўғил-қиз ҳужжат топширган. Бу эса ёшлар орасида илмга, адабиётга қизиқиш ортаётганидан дарак беради.
— Қурилиш ишлари ноябрь ойигача давом этади, — дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Абдушокир Абдураҳмонов. — Бу ерда нафақат сирдарёликлар, балки республикамизнинг барча ҳудудларидан келган болалар сабоқ олиши режалаштирилган. Ижод мактаби рес­публикада ягона бўлади.

Ёшлар қўшқанот бўлгай

Вилоятда 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 487 минг нафардан зиёд. Шундан 82 минг 382 нафари Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, 106 минг 267 нафари “Камалак” болалар ташкилоти аъзоси. Улар учун имкониятлар яратилмоқда.

“Yoshlar — kelajagimiz” дастури доирасида “Ёшлар меҳнат гузари” комплексини ташкил этиш учун бино ва ер майдонлари ажратилиб, ташаббускор ёш тадбиркорлар жалб қилинди. Шунингдек, 174 та бизнес лойиҳага 9 миллиард 721 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Натижада 679 та янги иш ўрини яратилди.

Биринчи ярим йилликда ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 85 та ёш оилага янги хонадон топширилган бўлса, 2019 йил якунига қадар Гулистон шаҳрида яна 90 та ёш оилага “Ёшлар уйлари” ажратилади.

Бундан ташқари, хайрли ишлар давом этиб. 2018 йил ва 2019 йилнинг 6 ойи давомида иттифоқнинг вилоят ҳамда маҳаллий кенгашлари томонидан имконияти чекланган ёшларга 39 та ногиронлик аравачаси, 12 та тикув машинаси, 5 та эшитиш мосламаси топширилган. Ижти­моий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 22 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилган.
Ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш борасида вилоятда 194 та тарғибот тадбири ўтказилди. Уларда 17 минг­га яқин ёш қатнашди. Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 4 нафар ёш суд залидан озод қилинди ва уларга озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турлари қўлланилди. Айни пайтда бу ёшларнинг бандлиги таъминланган.
Ёш оилалар ўртасида китобхонлик маданиятини тарғиб қилиш мақсадида республикада биринчи бўлиб Сирдарё вилоятида “Энг яхши китобхон оила” танлови ўтказилди. Унда ғолиб бўлган Сайхунобод туманидаги Қаршиевлар оиласига “Президент совғаси” — “Спарк” автомобили совға қилинди. Китобга бўлган оилавий меҳр, мутолаага чанқоқлик бош­қаларга ибрат бўлди.
Вилоятда ёшларни спортга кенг жалб этиш борасида қилинаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. Мисол учун, биргина 2018 йилда жами 1 минг 300 дан ортиқ спорт мусобақаси ўтказилиб, уларда 85 минг нафардан зиёд спортсевар ёш иштирок этган.
Спортда ҳам сайхунободлик ёшлар фаол. Айниқса, Жавоҳир Қурбонов каби ёшлар вилоят фахрига айланган. Болалигидан оғир атлетика билан шуғулланган Жавоҳир яқинда “Мард ўғлон” Давлат мукофоти билан тақдирланди. Отаси ўқитувчи, онаси ишчи бўлган оддий оила фарзандининг ютуқлари тенгдошларига ўрнак бўлмоқда.
Жавоҳир 2015 йили Венгрияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида оғир атлетика бўйича фахрли 1-ўринни қўлга киритди. 2016 йили Италия, 2018 йили Бухорода бўлиб ўтган мусобақада ҳам биринчиликни қўлдан бой бермади. Жавоҳир ёш бўлишига қарамай, тумандаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида болаларга оғир атлетикадан машғулотлар ўтказмоқда.
Сирдарёликлар спорт, санъат, илм-фанда ютуқларга эришаётган Гулчирой Исоқова, Мадина Маъмирова, Дилбар Холжигитова, Элбек Жуманов, Жавоҳир Давронбеков каби ёшларни фахр билан тилга олади.
Робототехника, дастурлаш тизимларини ўрганишни замон тақозо этаётир. Шуни инобатга олиб, Мирзаобод туманида 400 миллион сўм эвазига “Рақамли технологиялар ўқув маркази” иш бошлади. Мажмуада 60 дан ортиқ ўғил-қиз компьютер саводхонлиги бўйича бепул таҳсил оляпти.
— Марказимизда йигирмата компьютер бор, — дейди марказ ўқитувчиси Ҳусниддин Очилов. — Болаларни учта ёш тоифасида ўқит­япмиз. Бу ерда ўғил-қизлар нафақат дастурлаш тизимларини, балки компьютер қурилмаларини созлашни ҳам ўрганади.

Ният — эзгу, мақсад — яқин

Ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарида шундай деган: “Барча эзгу амаллар ниятга боғлиқ, ҳар бир кишига фақат ният қилган нарсаси берилади”.
Мухтасар айтганда, бугун Сирдарё том маънода бунёдкорлик марказига айланди. Одамларнинг кўзида эртанги кунга умид, ҳаётга ишонч, қалбининг туб-тубида эзгу ният мужассам.

Шерзод Маҳмудов