Солиқлар — иқтисодий ривожланиш калити

Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Темур тузуклари” китобида: “Амр этдимки, раиятдан мол-хирож йиғишда уларни оғир аҳволга солишдан ёки мамлакатни қашшоқликка тушириб қўйишдан сақлансинлар. Негаки, раиятни хонавайрон қилиш (давлат) хазинасининг камбағаллашувига олиб келади”, деб таъкидлайди. Мана неча асрки, бу сўзлар ўз долзарблигини йўқотгани йўқ.
Бугун солиқ тизими босқичма-босқич ислоҳ қилинмоқда. 2019 йил 1 январдан кучга кирган янги Солиқ кодекси бунинг исботидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасида шундай сўзлар бор: “Фуқароларимиз солиқдан қочиш эмас, уни вақтида тўлашдан манфаатдор бўлиши керак”. Юртимизда 33 ярим миллион аҳоли истиқомат қилади. Шундан 17-19 миллиони ўз даромад манбаига эга, яъни солиқ тўлаши керак бўлган қатлам. Афсуски, атиги 4,5 миллион киши ўз зиммасидаги бурчни адо этади. Бу шундан далолат берадики, одамларимиз тўлаган солиғи бир кун келиб ўзига қайтишини билмайди. Ахир, ижтимоий ҳимоя, пенсия жамғармаси, ойлик маош, йўл, мактаб, уй-жой қурилишига кетадиган харажатлар солиқлар ҳисобидан амалга оширилади-ку.
Франция иқтисодий-молиявий са­лоҳияти юксалишига улкан ҳисса қўшган сиёсатчи Жан Баптисте Колберт солиққа тортиш санъатини тирик ғознинг патларини юлишга ўхшатган. Бу ишни шундай бажариш керакки, токи ғоз оғриқ сезмасин. Мамлакат иқтисодий юксалишига бевосита дахлдор бўлган солиқлар жуда нозиклик ва аниқликни талаб қилади.
Тасаввур қилинг, фаррош бир ойда олти юз минг сўм маош олади ва у шу арзимаган даромадидан юрт ривожи учун солиқ тўлайди. Аммо шунча пулни бир кунда топадиган айрим кимсалар солиқ тўлашдан қочиб юрса, адолат қаерда қолади? Рўйхатдан ўтмаган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар, даромадини атайин пасайтириб кўрсатувчилар, буларнинг бари давлат иқтисодиётига зарар келтиради.
Бундан ташқари, инвестицион лойиҳаларни, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, чет эл инвесторларини юртимизга кенг жалб қилиш учун ҳам адолатли солиқ сиёсати керак.
Президент ўз мурожаатномасида: “Солиқ юкини камайтириш, бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш “яширин” иқтисодиётга барҳам беришнинг ягона йўлидир. Шунинг учун бу борада таъсирчан чораларни назарда тутадиган алоҳида дастур ишлаб чиқишимиз зарур”, дея таъкидлайди.
Дарҳақиқат, янги таҳрирдаги солиқ кодексида мамлакат тараққиётининг таянчи бўлган инсофли, ҳалол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш, яширин фаолият юритувчиларни жазолаш кўзда тутилган.
Ўтган давр мобайнида корхоналар товар айланмасидан 3,2 фоиз миқдорида давлат мақсадли жамғармаларига ажратма тўлаб келган. Бу солиқ юкидан азият чекиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рақобатбардош­лилик хусусияти пасайиши, четга экспорт қилиш самарадорлигининг тушишига олиб келган. Янги солиқ концепциясида бу каби муаммолар мақсадли равишда ҳал этилган. Бундан ташқари, солиқ турлари 19 тадан 15 тага қисқариши, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи 14 фоиздан 12 фоизга, девидентлар кўринишидаги даромадлар бўйича фойда солиғи ставкаси 10 фоиздан 5 фоизга пасайтирилиши солиқ тизими учун янгилик бўлди.
Яна бир муҳим жиҳат, юртимизга келаётган инвесторларга қулайлик яратиш учун энди солиқ ставкалари турғун ҳолатда бўлади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Энди тадбиркор даромад олсагина солиқ тўлайди. Ойлик иш ҳақидан ундириладиган даромад солиғи 30 фоиздан ягона 12 фоизга туширилди. 8 фоизлик суғурта бадали бекор қилинди. Ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиздан 12 фоизга туширилди. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ ставкалари 30 фоизга пасайтирилди.
Энг муҳими, одамлар қонунларда белгилангани учун эмас, виждонан, ўз ихтиёри билан солиқ тўлаши, зиммасидаги мажбуриятини бажариши лозим. Шундагина юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишларига, эл-юрт тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Каримжон ЗАРИПОВ