Судланди, аммо…

Қорақалпоғистонлик Самандар Кадиркулов ғўрлик қилиб, жиноят кўчасига кирди. 19 яшар йигит қилмиши қандай оқибатларга олиб келишини, жон-жигарларига қанчалик жабр бўлишини билганида-ку, шайтон измидан бормасди, албатта. Аммо сўнгги пушаймон ўзингга душман, дейдилар. Жиноятга эса жазо муқаррар.
Инсонга қасддан оғир тан жароҳатини етказгани учун Самандар судланди. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 104-моддаси билан айблов қўйилди. Жиноят иши юзасидан ўтказилган очиқ суд мажлисида Ёшлар иттифоқининг Хўжайли тумани кенгаши вакиллари ҳам иштирок этди. С.Кадиркулов қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлгани боис, Иттифоқ уни ўз кафиллигига олишини маълум қилди.
Суд мурожаатни қаноатлантирди. Самандарга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чораси қўлланилди.
Туман ҳокими Женис Ермашев суд мажлисида сўз олар экан, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик билан курашишда кенг жамоатчиликнинг фаоллиги муҳим аҳамият касб этишини, одамлар бир-бирига бефарқ бўлмаса, оқибат йўқолмаса, кўпгина муаммоларнинг олди олинишини таъкидлади.

Индира МАМБЕТНАЗАРОВА