Туризм тараққиёти янги босқичда

Жорий йилнинг 1 октябридан “Қарши”, “Нукус” ва “Термез” халқаро аэропортларида “Бешинчи ҳаво эркинлиги”, “Бухоро” аэропортида чет давлат фуқароларини ташишда “Очиқ осмон” тартиби жорий этилади. Бу орқали хориж авиакомпанияларига рейслар сони чекловларсиз амалга оширилади. “Очиқ осмон” йўналиши йўловчилар оқимини камида 25-30 фоизга оширади. Натижада аэропорт исталган авиакомпания самолётларини қабул қила олади.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятини тушунтириш ва ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди.

Мазкур ҳужжат туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, инфратузилмалар борасидаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, хизмат сифатини ошириш ва соҳада кадрлар салоҳиятини кучайтиришга қаратилган. Бундан ташқари, 2019-2025 йилларда туризмни ривожлантириш концепциясини амалга татбиқ этиш юзасидан бир қатор вазифаларни қамраб олган.

Фармон ижросини таъминлаш мақсадида келгусида замонавий туристик маҳсулотларни яратишга йўналтирилган “Туризм соҳасидаги бизнес ғоялар фабрикаси” фестивали ташкил этилади. Бу борадаги таклифлар таҳлилидан кейин фестивалнинг энг яхши лойиҳалари бўйича ғолиблар аниқланади. Лойиҳалар Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш бюджетдан ташқари жамғармаси томонидан ажратилувчи грантлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Мазкур амалиёт ҳудудларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, янги туристик маҳсулотларни яратиш ҳамда хизматлар экспортини ошириш имконини беради.

Шунингдек, 2020 йил 1 январдан бошлаб 20 та мамлакат фуқаролари учун 30 кунгача визасиз режим жорий этилади. Шу тариқа Ўзбекистон визасиз режим ўрнатилган давлатлар сонини 85 тага етказди.

— Ўзбекистон МДҲ ҳудудида виза режимининг либераллашуви бўйича иккинчи давлат бўлди, —  дейди бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов. — Фақат Грузия олдинда, сабаби унда 100 та мамлакатга шундай тартиб жорий этилган. Келажакда қайси давлатларнинг фуқароларига Ўзбекистонга келиши учун имтиёз яратиш хусусида ўйлаб кўрамиз.

Ҳар қандай мамлакатнинг маданияти, анъаналари ва турмуш тарзи ўша ернинг ўзига хос туристик салоҳиятини белгилайди. Муҳими буни қўлдан бой бермаслик лозим.

Янги Фармон билан 2019 йилнинг 1 ноябридан Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси энг юқори туризм салоҳиятга эга бўлган фуқаролар йиғинлари (шаҳарча, қишлоқ, овуллар ҳамда шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овулларнинг маҳаллалари) рўйхатини шакллантирига киришади.

Фуқаролар йиғинлари ҳудудларида 20 дан кам бўлмаган оилавий меҳмон уйлари яратилган бўлса ва сайёҳлар учун камида беш хил хизмат тури (яшаш ёки овқатлантириш хизматларидан ташқари) кўрсатилса, ўша ҳудудга “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” ёки “Туризм овули” мақоми берилади.

— Фармонда ёшлар туризмини ривожлантиришга доир нормалар мавжуд, — дейди  Туризмни ривожлантириш давлат  қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Абдулазиз Аққулов. — Ёшлар туризмини ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади. Келгусида Қўмита қошида очиладиган Туризмни ривожлантириш институтида ходимларни мактаб ёшидан бошлаб тайёрлаш тизими йўлга қўйилади. Болаларда саёҳат, сайёҳларга муносабат маданиятини шакллантиришга эътибор қаратилади. Ёшлар иттифоқи, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан тизимли ишларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Рисолат МАДИЕВА