Туризм тараққиётнинг янги босқичида

натижа қандай бўлишини вақт кўрсатади

Жорий йилнинг 13 август куни Президентимиз “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга имзо чекди. Кўпгина оммавий ахборот воситалари мазкур ҳужжат соҳадаги ислоҳотларнинг янги босқичини бош­лаб бергани ҳақида ёзган.
Ушбу фикрда жон бор. Зотан, фармонда белгиланган вазифалар кўлами, тармоқдорлиги, мазмун ва аҳамияти анча кенг. Ёндашувдаги ўзига хослик ҳам киши эътиборини жалб қилди.
Инчунин, мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган, таъбир жоиз бўлса, кўпдан бери ечимсиз қолаётган бир қанча принципиал муҳим масалалар эндиликда нафақат ижрога йўналтириляпти, балки ўша ижро механизми қай тарзда ва қайси молиявий манбалар ҳисобига ишлаши хусусида аниқ-тиниқ гап айтилмоқда.
Авиахизматлар сифати ва рентабеллигини оширишдек биз учун ҳамон оғриқли бўлиб турган масалани олайлик. Ҳар қайси сайёҳ сафари имкони борича камхарж бўлишини хоҳлайди. Бу истакнинг қондирилиши туристик хизматлар бозоридаги рақобат муҳитига бевосита боғлиқ. Яъни сайёҳлик индустрияси субъектларининг бозорда якка ҳукмронлик ўрнатишига йўл қўйиб бўлмайди. Акс ҳолда, улар ноинсоф хизмат кўрсатувчига айланади. Истеъмолчи эса нарх-навонинг асоссиз оширилишидан азият чекиши муқаррар. Бундай ҳолатни миллий авиакомпаниямиз фаолияти мисолида узоқ вақтдан буён кузатиб келяпмиз. Тўғри, маъмурий ричаглар орқали вазиятни ўзгартиришга бир неча бор уриниб кўрилди. Бироқ ҳозирча ҳаммаси қоғозда. Амалда эса аҳвол ўша-ўша.
13 августдаги фармонда қайд этилишича, келаси йил 1 январдан Ўзбекис­тонга чартер рейсларини ташкил қилган авиаташувчиларга ҳар бир сайёҳ учун қилинган харажатнинг бир қисми давлат ҳисобидан қоплаб берилади. Мантиқ тушунарли: хорижий авиакомпанияларга имтиёз бериш ҳисобига сайёҳлар оқимини оширмоқчимиз. Бу учала томон учун ҳам мақбул ечим. Асосийси, чипта нархларини белгилашда холислик вужудга келади.
Худди шундай имтиёз хорижий кинокомпаниялар учун ҳам кўзда тутилган. Шарт шуки, улар аудиовизуал маҳсулотини республикамиз ҳудудида яратиши керак. Халқаро истилоҳда “rebate” деб номланувчи бундай амалиёт дунёда кенг тарқалган. У мамлакатнинг туристик имижини ­шакллантиришга ёрдам беради. Ахир,

миллионлаб инсонлар томоша қиладиган Голливуд блокбастери, ҳинд ва турк сериалларида Бухоронинг Пойи Калони, Самарқанднинг Регистони ёхуд Шаҳрисабзнинг Оқсаройи акс этса, шу кўҳна кентларни зиёрат қилиш истагида юртимизга озмунча сайёҳ ошиқади дейсизми. Мана сизга ақлли пиар, бундан ортиқ рекламага ҳожат ҳам йўқ!

Масаланинг яна бир ижобий томони бор — Ўзбекистонда суратга олинадиган киномаҳсулотларга, биринчи навбатда, ёшларнинг назар-нигоҳи тушади. Демак, кинотуризмни ёшлар туризмини ривожлантириш воситаси сифатида қабул қилиш айни муддао.
Дарвоқе, фармонга “rebate” билан боғлиқ банд Ўзбекистон ёшлар иттифоқи қошидаги Кинематографияни ривожлантириш маркази ташаббуси билан киритилди. Бу масалани марказ мутахассислари кўпдан буён ўрганмоқда. Ҳужжатда ўз ифодасини топган амалий таклифлар сирасида юртимизда анъанавий тарзда ўтказиладиган “PROlogue” халқаро кинофестивали доирасида “LocationEXPOuz” маҳаллий кинолокацияларнинг халқаро кўргазмасини ташкил қилиш ҳамда Ўзбекистонга келаётган чет эл кинокомпанияларига бепул асосда ташкилий ва техник ёрдам кўрсатиш ҳам бор. Қолаверса,

эндиликда ўзбек киноиндустрияси вакиллари ҳар йили кино оламидаги халқаро тадбирларда қатнашиб, юртимиз кинолокацияси, кинотуризми ҳамда “rebate” тизимини тарғиб қилиш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун бир қанча манбалар, жумладан, Ёшлар иттифоқи ҳисобидан мақсадли маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, жорий йилда Иттифоқнинг молиявий кўмаги асосида Кинематографияни ривожлантириш маркази вакилларидан иборат делегация Франциянинг Канн шаҳрида ўтказилган кинобозорда иштирок этганди. Мазкур нуфузли тадбир доирасида илк бор Ўзбекистон миллий павильони ташкил қилиниб, хорижий кинопродюсерлар билан музокаралар олиб борилди. Учрашув ва тақдимотлар жараёнида юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти ҳам намойиш этилган.
Мамлакатда туристик манзиллар географиясини кенгайтириш айни вақтда ўз ечимини кутаётган яна бир муҳим масаладир. Зотан, сайёҳларнинг таъби-диди ҳар хил бўлади. Биров тарих ва маданиятга қизиқса, бошқалар оддий халқ билан яқин бўлгиси келиб, маҳаллама-маҳалла кезади. Бироқ
хоҳ катта шаҳар, хоҳ овлоқ қиш­лоқ бўлсин, замонавий инфратузилмасиз сайёҳнинг кўнглини олиш даргумон. Инфратузилмани яратиш учун эса, аввало, маҳаллий аҳолида мотивация уйғотиш зарур.

Илк қадамни давлатнинг ўзи бош­лаб беряпти. Президент фармонига кўра, жорий йил 1 ноябрдан Ўзбекис­тонда туристик мақомига эга маҳалла, овул ва қишлоқлар пайдо бўлади. Бунинг учун сайёҳлик салоҳиятига эга ҳудудда камида 20 та оилавий меҳмон уйи ташкил қилиниши ҳамда камида беш хил хизмат тури кўрсатилиши шарт. Мана шу ишларга бел боғланса, қанчалаб одамларнинг бири икки бўлиб, турмуш тарзи, дун­ёқараши, ҳаётга муносабати тубдан ўзгаришини тасаввур қилиб кўринг-а.
Гапни яна ёшларга олиб бориб тақаймиз. Иссиқ жойини ташлаб, ўзга юртларда қора меҳнат қилаётган йигит-қизларимиз оз эмас. Улар она қишлоғида сайёҳларга хизмат кўрсатиб, тузуккина даромад топиш мумкинлигини кўрса, албатта, қайтади. Ўз юртида тадбиркорлик фаолиятини бошлайди, оиласи бағрида эмин-эркин ҳаёт кечиради. Ахир, дунёнинг кўпгина мамлакатларида шундай-ку. Нега энди бизнинг қўлимиздан келмас экан. Келганда қандоқ! Қунт ва ирода керак, холос.
Баҳаво масканларни туристик манзилларга айлантириш одамлар онгу шуурини ҳам юксалтиради. Киши ўзидаги тараққиётни кўриб, ўзгалар қандай яшаётганини кўриб-билгиси, юрт, дунё кезгиси келади. Қиш­лоқдаги минг-минглаб тенгдош­ларимиз дала, мол-ҳол ва рўзғор ташвишларидан ортиб, ҳар йили саёҳатга отланса, янги таассуротлар таъсирида ҳаётга ташналиги ортса, қани эди. Шундай кунлар келишига ишонамиз! Ҳарқалай, ҳаммаси ўз қўлимизда-ку.
Шу ўринда аччиқ бўлса-да, бир ҳақиқатни айтишни лозим топдик.

Мутасадди ташкилотлар вакиллари турли-туман давраларда ёшлар туризмини ривожлантир­япмиз, дея оғиз кўпиртириб гапиришдан чарчамаяпти. Аммо бу гапларга ишониш қийин.

Сабаби, айтайлик, Тошкентдан Бухорога саёҳат қилмоқчи бўлган талаба ёки ёш оила транспорт, меҳмонхона, овқатланишга ҳамма қатори харажат қилади. Ёшлар учун махсус турлар, арзонлаштирилган чипталар, хотеллар йўқ. Хорижга тугул, ҳатто мамлакат ичида саёҳат қиламан деганлар анча-мунча харажатга тушади. Эҳ-ҳе, бундай шароитда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам бўлмиш ёшларга йўл
бўлсин!
Ўтган йили www.regulation.gov.uz сайтида ёшлар туризмини ривожлантиришга доир Президент қарори ло­йиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди. Унда юқорида тилга олинган ва бошқа қатор муаммолар ечими юзасидан аниқ таклифлар мавжуд. Таассуфки, орадан роппа-роса бир йил ўтибдики, қарор ҳали ҳам қабул қилингани йўқ…

Наргиза УМАРОВА