Фикрни эмас, фикрлашни ўргатинг

Замонавий педагогикада болага қандай ўқишни ўргатиш, билим олишга йўналтириш энг самарали усул экани ўз исботини топди. Яъни донишмандлар айтганидек, ноқобил ўқитувчи ҳақиқатни шунчаки айтади-қўяди, яхшиси эса уни топишга ўргатади.
Бу ҳақиқатни бугунги кунда бизнинг педагог-олимларимиз, ҳатто кўпчилик ота-­оналар ҳам чуқур англаб етди. Афсуски, амалда бунинг самараси унчалик сезилмаяпти. Интернет ва бошқа манбаларда кўп­лаб қўшимча маълумотлар, адабиётлар бўлишига қарамай, ҳамон ўз устида ишлашга эринчоқлик қилаётган, ўқувчилар учун мўлжалланган дарсликлардаги маълумотлар билан чекланиб, наридан-бери дарс ўтиб юрган педагогларнинг борлиги бу орзу ҳали-бери рўёбга чиқмаслигини кўрсатаётгандек, гўё.
Айни пайтда юртимиз умумтаълим мактабларида 450 мингга яқин педагог фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг қанчаси ўз устида мустақил ишлаш кўникмасига эга, маҳоратини мунтазам равишда ошириб боришга табиий эҳтиёж сезади? Бу саволлар ниҳоятда оғриқли бўлиб, уларга ўз вақтида ечим топиш зарур. Ўқувчининг ўз устида ишлаши учун етарлича муҳит яратиб, унда мустақил изланиш кўникмасини шакллантирган ўқитувчигина ҳурматга лойиқдир. Ҳеч бир мураббий ўзининг асосий вазифаси тарбияланувчиларни ақлий меҳнатга ўргатишдан иборатлигини ва бу вазифа ўқитишдан ҳам муҳимроқ эканини унутмаслиги лозим.
Кўпинча ёш оила вакиллари турмуш ташвишлари билан бўлиб, мутолаага вақт тополмайди. Илк фарзанди мактабга чиқиб, дарс тайёрлаш, уйга берилган вазифаларни бажариш чоғида ота-онасидан кўмак сўраса, улар ўқиш ва ўрганишдан тўхтаб қолгани учун изза бўлади. Табиийки, бундай оилаларнинг фарзандлари билан ишлаш педагогларга икки карра машаққат. Чунки улар нафақат ўқувчини тарбиялаши, балки ота-­оналарига бола билан уйда қандай шуғулланишни ҳам ўргатиши зарур. Бусиз таълим-тарбияда муваффақиятга эришиб бўлмайди. Ўз навбатида, ёш оилаларнинг маънавий-маърифий савиясини юксалтириш Ёшлар иттифоқининг чекига тушади. Иттифоқ тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ёш ота-оналарнинг педагогик билимларини бойитишга қаратилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиши зарур.
Яна бир оғриқли масала ҳам борки, бу жараёнда устоз меҳнати, таълим ва илмнинг қадрига етмаган айрим ота-оналар ҳамкорликдан бўйин товлаб, тирикчилик ташвишларидан ортиб, бўш вақти йўқлигини рўкач қилади. Ҳатто боласини кийинтириб, тўйдириб қўйганини иддао қилиб, “Таълим ва тарбия сизнинг — мактабнинг вазифаси”, демоқчи бўлади. Ота-онасининг муаллимига бундай муносабатини кўриб улғаяётган бола ўқитувчисини қандай ҳурмат қилади? Унинг ортидан қандай
эргашади?
Сўнгги йилларда кўплаб ўқувчи-ёшларимиз илм-фан,­ санъат ва спорт йўналишларидаги нуфузли халқаро мусобақаларда юқори ўринларни эгаллаб келяпти. Лекин бир ўйлаб кўрайлик, бу ютуқларда кимнинг улуши кўпроқ? Ўқитувчинингми ёки ота-онанинг? Албатта, бундай натижаларда ўқувчининг таланти ва иқтидори, педагогнинг маҳорати жуда муҳим. Шу билан бирга, ота-она боланинг истеъдодини юзага чиқаришга, пухта билим олишига, ўз устида ишлашига шароит яратиб бермаганида, қўллаб-қувватламаганида, яхши устоз-муаллимларга топширмаганида бу ютуқлар қаерда эди?!
Ислом динида ота-онанинг фарзанд олдидаги бурч­лари аниқ белгиланган. Улар орасида ўғил-қизнинг саводини чиқариш, касб-ҳунар ўргатишга алоҳида урғу берилган. Шундай экан, боланинг кундалик эҳтиёжини қондириш билан чекланиш тўғри эмас.
Хулоса қилиб айтганда, ўқитувчи ўқувчини меҳнат қилишга ўргатиши, бу иштиёқни унинг вужудига сингдириши лозим. Мустақил фикрга, ўз устида ишлаш кўникмасига эга ўқувчи келажакда ҳамма нарсага ўз кучи, тиришқоқлиги билан эришади. Шундагина энг улуғ мақсадимиз — интеллектуал ривожланган, фаол фуқаролик позициясига эга авлодни вояга етказамиз.

Абдулазиз АҲМЕДОВ