Форма ёки билим?

Қиш куни эди. Талабаларнинг формасини текшириш учун бутун бир “маъна­виятчилар” жамоаси университет эшиги олдида йиғилган. Бирдан ёқасиз оқ кофта кийганим эсимга тушди…
Мана, қатор тизилиб турибмиз. Ўғил болаларда бў­йинбоғ, бизда кофта муам­моси. Аввал хотин-қизлар раиси, кейин декан муови­ни таълим муассасаси ички тартиб-қоидаларини такрорлади. Камига бизни 1 соат дарсга қўймади. Шу куни “катта” масала сабаб Навоий бобомизнинг бой мероси ҳақидаги маърузадан қуруқ қолдим. Олий даргоҳ учун хўжакўрсинга қилинган “интизом” муҳимми ёки талабаларнинг билими? Таълим сифати ҳам шундай ташвишлантирганда эди… Бу масалада ижтимоий тармоқларда тенгдошларимиз қолдираётган фикр-мулоҳазаларга эътибор берсак:

Ирода ЁҚУБХЎЖАЕВА: — Менимча, бу мутлақо бемаънилик. Тўғри, бизда баъзилар дуч келган нарсани устига ки­йишни одат қилган. Дидсизлик одамнинг жиғига тегади, албатта. Бундай ҳолда фақатгина умумий йўналиш бериш билан чекланиш лозим. Масалан, классик бичимдаги кийимда ёки босиқ жиддийроқ уст-бош­да келинсин, деб. Лекин эрталабдан қатор туриб, ҳар бир талабанинг уст-бошини текшириш кимга керак? Проректорлар билан деканларнинг бош­қа қиладиган иши йўқми?

Феруз КАРИМОВ: — Бир ўқитувчим шундай деган эди: “Менга қолса, қўй терисидан пўстин кийиб кел, аммо билиминг бўлсин”. Биринчи ўринда берилаётган ва олинаётган билим савиясига эътибор қаратиш лозим!

Отабек ҚОСИМОВ: — Бизнинг инс­титутда ажойиб муносабат бор. Жинси кийиб келсанг, “отбоқарнинг кийи­ми, мумкин эмас”; соқолингиз ўсган бўлса, “домлаларга нисбатан ҳурматсизлик”, дейишади. Кўп устозлар билан ҳурмат тилда эмас, дилда бўлади, деб тортишдим. Афсус, бу менга қимматга тушади…

Муслимбек ХУДОЙБЕРДИЕВ: — Олий ўқув юртига кирганлар ҳаммаси шу ёшгача аллақачон тарбияланиб бўлган. Уларни форма билан тарбиялашга уриниш ортиқча. Бундан ташқари, талаба мустақил шахс ҳисобланади. Уларга айрим соҳаларда бутунлай эркинлик берилиши лозим. Талабалик бу олий маълумотни фақатгина китоб ўқиш орқали олиш эмас, балки ҳақиқий ҳаётдан ҳам сабоқ олиш деганидир. Талабалар ҳақиқий ҳаётни, паст-баландни ва керак бўлса, бой-камбағални кўриши керак. Эътибор берганмисиз, фақат китоб ўқиб ёки уйдан чиқмай улғайган болалар вояга етиб, мустақил бўлганларида «шок»ка тушиб қоладилар. Фикримча, талабаларга форманинг фойдасидан кўра, зиёни кўп.

Формани ёқловчилар ҳам йўқ эмас. Эркин форма талабалар ўртасида табақаланишни кучайтиради дегувчиларга ­эътироз билдира олмаймиз. Чунки форма тартиб-интизомни таъминлайди, ижтимоий фарқларни камайтиради. Аммо бундай қатъий тартиб мактабда ўрнатилиши керак, олий таълим муассасасида эмас. Бола мактабда тартиб-интизомни ўрганган, ақл-ҳушини йиғиб олган бўлса, кейин муаммо бўлмайди. Форма олий ўқув юрти обрўсини акс эттирмайди.

Динара ЮСУПОВА