Форумда ёш хотин-қизлар фаоллигини ошириш муҳокама қилинди

Пойтахтимизда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимида фаолият юритаётган ёш хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, сайлов жараёнларида уларнинг муносиб иштирокини таъминлаш мақсадида ёш хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, сиёсий партиялар вакиллари иштирок этди.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бугун турли давлат идораларида 1 минг 400 га яқин аёл раҳбарлик лавозимида фаолият юритмоқда.
Биргина Ёшлар иттифоқи тизимида 630 дан зиёд хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Уларни давлат мукофотларига тавсия этиш, махсус раҳбарлик курсларида ўқитиш, тажриба алмашиш мақсадида хорижий давлатларга хизмат сафарларини ташкил этиш йўлга қўйилган. Сиёсий саводхон, лидерлик қобилиятига эга, халқ ичида юрган ёш ва шижоатли кадрлар эртага хотин-қизлар сиёсатини юритишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.
Форумда Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида хотин-қизлар соҳасида кўтарилган масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Қонунчилик ташаббуси, унда хотин-қизларнинг иштироки муҳокама қилинди. Сайлов жараёнларида сайлаш ва сайланиш механизми депутатлар томонидан ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилди.
Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Парламенти, сиёсий партиялар фаолиятидаги ислоҳотлар юзасидан керакли маълумотларга эга бўлди. Ёш хотин-қизларнинг лавозимда ўсишида муҳим бўлган хусусиятлар, жумладан, кучли билим, юқори салоҳият, ватанпарварлик, лидерлик ва албатта, маънавий дунёқарашнинг шаклланган бўлиши форум спикерлари томонидан тушунтириб берилди.
photo5413550571891305479.jpg
photo5413550571891305480.jpg
photo5413758585747385212.jpg
Гулноза Бобоева, ЎзА