Чоштепа – азим Тошкентнинг янги турар жой массиви

Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! 
Аждодларимиз қадимдан яхши бир удумга риоя қилишган: кенг ва мустаҳкам уй қуриш, комил фарзандлар тарбиялаш, баҳаво иқлим-шароити яратадиган мирза ва бақа тераклар экиш ва албатта, мевали дарахтлар ўстириб – боғ-роғлар барпо қилишни ўзлари учун ҳам қарз, ҳам фарз деб ҳисоблашган.
Тўғри, қишлоқ жойда қариндош уруғлари ёрдамида ҳашар йўли билан 3-4 хонали уй қуриш ҳар бир инсоннинг қўлидан келиши мумкиндир. Лекин, Тошкентдек азим шаҳар шароитида кўп қаватли, лифтли, газли, иссиқ-совуқ сувли, канализацияси ва бошқа қулайликларга эга бўлган кўп қаватли уйларни қуриш, бутун бир янги турар жой массивларини гузарлари билан барпо этиш фақат йирик ихтисослашган қурилиш ташкилотларининг ихтиёридаги ишдир.
Мана икки йилдан буён нафақат Тошкентни, балки бутун Ўзбекистонни катта қурилиш майдонига қиёс қилгинг келади. Қарийб барча шаҳар, гузар ва қишлоқларда кундузини қўя турайлигу, кечалари ҳам чироғини ёқиб, қўнғироқчаларини чалиб ишлаётган кўтарма кранлар, қум, шағал, айланиб турадиган бетон машиналарида тайёр иссиқ суюқ цемент ташиётган юк машиналари кўзга ташланади. Катта кўприклар, ер ости ва ер усти метро станциялари, обод шаҳар ва қишлоқлар барпо этилмоқда, илгари қурилганлари эса янги талаб, стандарт, эстетик дид билан қайтадан таъмирланмоқда. Амалга оширилаётган барча бунёдкорлик ишларининг орасида аҳоли истиқомат қиладиган янги турар жой бинолари қурилиши бугунги кунда алоҳида аҳамиятга эгадир.
photo5379595303478471949.jpg
ХХI аср Шарқ мегаполиси, аҳолиси 3 миллиондан ортиб бораётган пойтахтимизда сўнгги чорак асрда уй-жой қурилиши анча орқада қолган, уйга муҳтож бўлганлар сони тобора ортиб бораётган эди. Европа (27-28 давлат), Россия, Шимолий Америка, Австралия, Канада каби давлатларда маҳаллий аҳолининг сони жиддий қисқариб бориши кузатилаётган бир пайтда, Аллоҳга минг қатла шукрлар бўлсинки, фарзанд кўриш, янги авлоднинг дунёга келиши бизда яхши. Об-ҳавонинг қулай ёки ноқулай келиши, иқтисодий, молиявий инқирозларга қарамай, жаҳон статистика маълумотининг кўрсаткичлари бўйича, узоқ йиллардан буён энг серфарзанд халқ бўлиб келмоқдамиз.
Маълумки, диёримизда ҳар 15-20 йилда алоҳида уй-жой талаб қиладиган янги авлод дунёга келаяпти. Шу сабабли арзон нархда турар жой биноларини кенг кўламда ва жадал суръатлар билан қуришни давр, вазият талаб қилмоқда. Шукрлар бўлсинки, вақт келди, давр келди ва ана шундай қилина бошланди ҳам. Бугун биргина пойтахтимизнинг ҳар бир туманида 20 тадан, жами 200 дан ортиқ 7 ва 9 қаватли, кўп хонадонли уй-жой қурилмоқда. Марказий осиёликларда бир гап бор: қозоқ бойиса хотин олади, ўзбек бойиса том (уй) солади, дейди улар. Шунча уйлар, корхоналар, идоралар, “мегапланет”лар, офис бинолари, маданий-маиший муассасалар, кўприклар, ер ости, ер усти метролари қурилаётган экан бой бўлаётганимиз рост бўлсин. Бунда, айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017-2021 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори жуда қўл келаяпти.
Эзгу орзу ният, буюртмачи, қурувчиларимизнинг астойдил ва изчил хатти-ҳаракатлари натижасида пойтахтимизнинг Сергели туманида қисқа вақт ичида бутун бошли янги турур жой массивлари қад кўтара бошлади.
photo5379720634919136159.jpg
Тошкент шаҳар Сергели туманининг Чоштепа маҳалласи… Бу янги турар жой массивида 66 та 7 қаватли уйлар барпо этилмоқда. Бунинг учун Чоштепа маҳалласида 27 гектар ер ер ажратилди. Қурилиш ишлари 2018 йилнинг август ойида бошланган бўлса беш ой ўтар-ўтмас шу йилнинг 21 декабрь куни қурувчилар дастлабки, битта эмас, иккита ҳам эмас, бир йўла 21 та 56 хонадонли (квартирали) янги уйни, 2019 йилнинг апрель ойга эса яна 14 та 7 қаватли уйни фойдаланишга топширди. Уйлар бир, икки ва уч хоналик хонадонлардан ташкил топган. Биноларнинг 9 баллик зилзилагача чидамлилиги таъминланган. Ҳар бир 6 комплекс (бино) орасида болалар ўйингоҳи жойлашган бўлиб, уларда турли хил аттракционлар, спорт майдончалари, очиқ майдонларга чимлар бостирилиб, катталар дам олиши учун ўтирғич – скамейкалар ўрнатилган. Шуниси алоҳида диққатга сазоворки, бу турур жой массиви баҳаво, майин шабада эсиб турадиган шаҳар билан қишлоқ чегарасида қад кўтараяпти.
Янги уй-жойларнинг дастлабкиларини фойдаланишга топшириш маросимига Президентимизнинг ўзи ташриф буюриб, қурувчиларнинг бу ажойиб муваффақиятлари, самарали меҳнати, шижоати учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Чоштепа массивидаги уйлар инглизчадан таржима қилганда “Оқ шаҳар” маъносини берувчи “White City Construction” масъулияти чекланган жамиятнинг азамат қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда. Буюртмачи – Тошкент шаҳар ҳокимияти. Ҳозир массивдаги қолган яна 31 та турар жой биноларининг қурилиши ҳам ниҳоясига етай деб қолди. Бинолардаги хонадонларни газ, сув билан таъминлаш, сантехника асбоб-ускуналарини ўрнатиш, хоналарни пардозлаш, трансформаторларни шаҳар электр тармоғига улаш каби ишлар амалга оширилмоқда.
– Бир неча ой мобайнида уларни сифатли қилиб тугатамиз, – деди биз билан бўлган суҳбатда “White City Construction” МЧЖ жамияти раҳбарининг умумий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Рустам Азизов.
Кичик таққослаш. 1966 йилги даҳшатли Тошкент зилзиласидан кейин бир йил ўтар-ўтмас пойтахтнинг йўлдош Сергели шаҳарчасига асос солинган эди. Шунда бу ерга зилзила эпицентри – Қошғар маҳалласидан келган бир қанча оила Россиядан келтирилган ёғоч уйларга жойлаштирилган эди. Ҳозир бу пастқам ёғоч уйлар эски Сирғали маҳалласидаги баланд дарахтлар ортидан кўринмай ҳам қолди. Лекин Янги Сергели – Чоштепа маҳалласида янги кўп қаватли, барча қулайликларга эга бўлган, баланд, ёруғ турар жой бинолари қад кўтармоқда.
Айтиш лозим, сўнгги йилларда Сергели кенгайди ва Тошкент шаҳрининг энг катта туманларидан бирига айланди. Ҳозир бу ерда 12 та йирик, 300 та катта-кичик саноат корхонаси, автомобиль бозори, 1700 дан ортиқ микрофирма, коллеж, лицей, мактаб, поликлиника, савдо, маиший, илмий-маърифий, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Йилдан-йилга аҳоли сони кўпаймоқда. Тошкентдек азим шаҳарнинг кенгайиши, саноат корхоналарининг дала ерларига бостириб келиши натижасида илгари қулупной, сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштирган ерли аҳоли: деҳқон-фермер хўжаликлари, боғбонлар – чоштепаликларда уй-жой муаммоларини келтириб чиқарди.
Масалани жойида ҳал қилиш учун Сергели туманига икки марта давлатимиз раҳбарининг ўзи ташриф буюрди. Пировардида бу ерда барча инфратузилма объектлари: боғча, мактаб, поликлиника, дорихона, савдо шохобчалари бўлган янги турар жой массивини қуришга қарор қилинди. Шаҳар марказидан бироз бўлса ҳам узоқлиги эътиборга олиниб Сергелига янги транспорт тури – ер усти метроси (станцияси билан) қурилиши мақсадга мувофиқ деб топилди.
Чоштепада қурилиши режалаштирилган яна 30 дан ортиқ бинолар шу йил охирига қадар қад кўтариб, жами 3 минг 696 хонадон, янги 2020 йилни барча қулайликларга эга бўлган янги уйларда кутиб олади.
Эгалари кўчиб кирган уйларни ҳам кириб кўрдик. Хонадонларнинг киравериши, йўлаги, ошхона, ётоқхона, ванна хонаси, қўйингки, барча хоналари, лойиҳачиларга раҳмат, жуда қулай жойлашган, шифти баланд, хоналар кенг, пол паркет бўлмаса ҳам, шунга ўхшаш махсус таркет билан қопланган. Трубаларда газ, кранларда сув, газ-плита конфорларида “зангори олов” ёниб турибди.
Савоблигини айтмай қўя турайлигу, лекин Чоштепа маҳалласини бунёд этаётган қурувчиларнинг ақлбовар қилмайдиган суръати, шижоати, ишининг сифатини эътироф этмаслик инсофдан бўлмас. Қани энди ҳамма уйларнинг қурилиши ҳам шундай суръату сифат билан барпо этилса. Айтиш лозимки, маълум бир ҳажмдаги ишни бажариш учун ажратилган вақт қанчалик тиғиз бўлиб, ишнинг кўлами қанчалик кенг бўлса унинг камчиликлари ҳам шунчалик кўп бўлади, деган гап, йўл қўйилган камчиликларга кўникиш бор. Бу нотўғри, вақт, давр, ишга бўлган талаб ўзгармоқда, маълум ҳажмдаги ишни бажаришга бериладиган вақт илмий асосланиши, иш сифатли ва қурилиш материаллари илгаридан қабул қилинган стандарт ўлчовларига жавоб бериши лозим. Пировардида эса, қурувчи бажарган ишнинг ҳажми ва сифатига яраша меҳнат ҳақи, суръат ва сифат учун мукофот пулини олиши керак. Буларни барчасининг тагида эса ҳар бир инсоннинг, мутахассиснинг, иш берувчининг поклиги, одиллиги, виждони ётади. Чоштепада қурувчи, буюртмачи, лойиҳачиларга ана шу хислатлар қўл келган бўлса не ажаб.
photo5379748157069568543.jpg
Инсонни ҳайрон қолдирадиган томони шундаки, беш, боринг саккиз ойда 35 та етти қаватли уй қурилди. Ана шу муддатда хонадон эгалари бутун кўчи билан янги уйларга кўчиб киришди. Йиллаб тўхтаб қолган “долгострой”ларни кўриб, ҳа, қурса бўлар эканку, деган хаёлга борасан киши.
Чоштепадаги кўп қаватли турур жой бинолари янги технология асосида барпо этилмоқда. Бу ерда Ўзбекистонда биринчи бор турар жой биноларининг ташқи тўрт томони прессланган базальт плиталари билан қопланган. Ҳарорати ёзда 45-50 даражагача чиқиб кетаётган Ўзбекистон шароитида бундай уй-жойлар қурилиши ниҳоятда катта аҳамиятга эга. Муҳими, мамлакатимизда иссиқ-совуқдан ҳимоя қиладиган янги девор панеллари ишлаб чиқарила бошланди. Базальт номи билан юритилаётган тоғ жинси нафақат иссиқ-совуқни, буларга қўшимча равишда яна шовқинни ҳам ўтказмас экан. Йилига 8-9 ой мобайнида офтоб остида, қиш қисқа бўлса ҳам сезиларли даражада совуқ бўладиган Ўзбекистоннинг кескин континентал иқлимида ана шундай уйларнинг қурилиши кишини хурсанд қилади.
Айтгандек, мазкур қурилиш лойиҳаси доирасида хорижий қурилиш компанияларининг инновацион технологияларини кенг қўллаш амалиёти ҳам йўлга қўйилган. Жумладан, Туркиянинг “Uzguven Mimarlik” қурилиш компанияси Чоштепа мавзесида қад кўтараётган турар жой мажмуасида бевосита иштирок этмоқда.
Бундай уйлар сибирь совуғида ёки экватор иссиғида ҳам хонадонларда бир меъёрдаги инсон учун маъқул бўлган иқлим шароитини таъминлаб туради.
Яна бир янгилик. Янги уйларни қишда иситиш учун илгаригидек бутун бир турар жой даҳасига мўлжалланган марказий иситиш тармоғини қуришдан воз кечилди. Қозонхонадан километрлаб чўзиладиган ҳар бир уйга иссиқ сув етказиб беришда қанчадан-қанча ер кавлашу, трубалару, ишчи кучи сарфланар, сув, иссиқлик ва электр энергияси исроф бўлар эди. Чоштепадаги хонадонларнинг ҳар бири газда ишлайдиган 70х40х15 сантиметр ҳажмдаги қулай индивидуал иситиш мосламаси билан таъминланган. Ҳар бир хонадоннинг ошхонаси деворида ана шундай алоҳида иситиш мосламалари ишлаб турибди. Ювиниш учун ваннага, идиш-товоқ ювиш учун ошхонага иссиқ сув хонадоннинг ўзида ўрнатилган ана шу янги мослама орқали етказиб берилади. Бу тизимни бошқариш ҳам мураккаб эмас, ишлашини бир марта кўриб олган уй бекаси уни осонгина бошқара олади.
Индивидуал сув иситадиган ўчоқ (котёл)нинг ҳар бир хонадонда алоҳида бўлиши жуда қулай. Биринчидан ёққан гази, сарфлаган суви, ишлатган электр энергияси шундоққина кўзининг олдида кўриниб туради. Бу эса сув, газ ва энергия ресурсларидан унумли, тежаб-тергаб фойдаланиш имконини беради. Муҳими, тез совуқ тушиб қолган куз ойларида “Иситиш мавсуми қачон бошланар экан, совуққа қотиб шамоллаб қолаяпмиз-ку?” ёки “Бу қанақаси ўзи қуёш чиқиб ҳаммаёқ қизиб ётибдику, нега улар “отопление”ни ўчиришмайди”, деб ўтирмасдан, истаган пайтида иситиш тизимини ёқиб уйни маъқул ҳароратда тутиши ёки кун исиб кетган пайтларда иситгични ўчириб, газни, электр қувватини тежаши, оила бюджетини тергаб ишлатиши мумкин.
Якунида шуни айтмоқчимизки, Чоштепа турар жой массивига ер усти метро линияси яқинлашиб қолди, метро ишга тушгач чоштепаликлар учун пойтахт маркази ҳам бир қадам бўлиб қолади.
Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ, ЎзА