Қандай китоб ўқияпсиз, китобхон?

Таҳририятга ёзувчиликдан анчайин йироқ танишим янги нашрдан чиққан қиссасини кўтариб кириб келди.

Китобни қўлимга олиб ҳайратда қолдим. Муқовада ўткир фалсафий сюжетни ифода этувчи суратлар жойлаштирилган, саҳифалар қоғози ҳам сифатли, ҳарфлари тиниқ… Китобнинг кириш қисмига сўзбоши таниқли адабиётшунос томонидан ёзилган.
Суҳбат асносида мухлисларини ўз қиссаси ҳақидаги мақтовли фикрларини тўлқинланиб сўзлаётган “ёзувчи”нинг телефони бирдан жиринглаб қолди. Қўнғироқ қилган кимса ҳам қиссани роса мақтади чоғи, муаллифнинг “оғзи қулоғига” етди. Эмишки, бу китобни китобхон раҳбар икки кунда ўқиб чиқибди. Қисса қаҳрамонлари ҳақидаги таассуротлари ҳам ажойиб. Китобни фалон, фалон ёзувчиларнинг асарларига тенглаштирса арзирмиш.
Дарров камина учун дастхат ёзилган китобнинг мутолаасига киришдим. Мақсад тақриз ёзиш эди. Китобни ўқиб чиқиб ҳафсалам “пир” бўлди, шаштим сўнди, кайфиятим бемор одамникидай ўзгарди. Бошдан-оёқ қуруқ баён, воқеалар ҳиссиз, бадиий бўёқсиз келтирилган, йигит ва қизнинг ишқий саргузаштлари, саксонинчи йиллардаги айрим раҳбарларнинг ахлоқсизликлари, мулланинг мунофиқлиги тасвирланган лавҳалар китобхонга фақат ва фақат маънавий зиён етказади холос.
Ҳа, бугун одамлар, айниқса, ёшлар нега китоб ўқимай қўйди, деган савол қаршисида ўйга толарканмиз, китобхоннинг савиясини туширадиган, дидини ўтмаслаштирадиган китоблар кўпайиб бораётгани ҳақида қайғуришимиз керак. Айрим мулоқотларда китоб ўқимасликнинг асосий сабаби интернет дея хулосага келадиганлар ҳам топилади. Ҳолбуки, бугунги кунда ахборот технологияси ривожланган, ёшлар бирор кунини интернетсиз тасаввур қилолмайдиган Америка, Жанубий Корея, Янги Зеландия каби давлатларда китоб мутолаасига муносабат тобора юксалиб бормоқда.
Кўпчиликнинг асосий диққатини жалб қиладиган бемаза сериаллар, олди-қочди кўрсатувлар китоб дунёсидан узоқлаштиришнинг “оҳанрабо” усули десак тўғрироқ бўларди. Назаримда сериаллар ва савияси паст китоблар бир-бири билан эгизакдек, томошабин ва китобхонни юзаки фикрлашга, енгил-елпи ҳаёт тарзини танлаб яшашга ўргатаётгандек.
Яқинда интернет сайтларидан бирида Ҳерман Ҳессенинг китоб мутолааси ҳақидаги публицистикасини ўқиб қолдим. Адиб кўпчилик китоб ўқишни билмаслиги, нима учун ўқиётганини тузукроқ тушуниб етмаслигини таъкидлар экан, жуда таъсирчан бир ўхшатишни келтиради.
Китоб ўқишни билмайдиган одам тиббиётдан мутлақо бехабар беморга ўхшайди, яъни, қайси дори кераклигини билмасдан ҳар бир қутичадаги доридан татиб кўраверади. Аслида мутолаа борасида ҳам бир киши ўзи учун зарур, янги куч, руҳий таъсир бахш эта оладиган китобларни топа билиши мақбул эмасмикин, дейди у. Яна у фикрини давом эттириб, мингта лоқайд ўқувчидан ўнта яхши китобхон афзал деб ёзади.
Дарҳақиқат, мутолаа бобида савиясиз китобларни ўқиб ўзини овунтирибми, алдабми юрганлар ҳам бор. Шу билан бирга китоблар сонини кўпайтиришга ишқибозларни ҳам ора-сирада учратиб турибмиз.
Кўрик-танловлардан бирида ёш китобхон қирқта китоб ўқиганини билдирди. Шунда ҳакамлардан бири Алишер Навоийнинг “Ҳазойин ул- маоний” асарини бир ойдан бери ўқиб тугатолмаётганини айтиб, иштирокчининг бунга қандай улгурганини сўради. Иштирокчи ҳам дадиллик билан ўқиб улгураман, деди. Ўқиган китоблари рўйхатида Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи борлигини кўриб, ҳакам Раззоқ сўфи образи ҳақида савол берди. Ёш китобхон ҳам гапни роса “олиб қочди”, образ ҳақида бир сўз демади. Бинобарин, ўз қизи Зебига фожиалар эшигини очган Раззоқ сўфи эди. У мажруҳ муҳитнинг битта яратувчиси. Романни ўқий туриб Раззоқ сўфини танимаган ўқувчини қандай қилиб яхши китобхон деб аташимиз мумкин.
Яна бир бошқа иштирокчи Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романини ўқиганини таъкидлади. Савол-жавоб жараёнида Отабекнинг рақиби ким эканлигини айтиб беролмади. Ҳақиқий китобхон эса ўзи севган китобининг ҳар бир воқеасини ёдлаб олади, ўзига ёққан диалогларни сув қилиб ичиб юбориши керак. Демак, китоб мутолаасида ҳам жиддий муаммолар учраб турибди.
Президентимиз ташаббуси билан китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, 5 та ташаббус доирасида ҳам кенг кўламли, хайрли ишлар қилинаётганига гувоҳ бўляпмиз. Таълим ва тарбия муассасалари кутубхоналарига, маҳалла фуқаролар йиғинларига таниқли инсонлар, зиёлилар, раҳбар кадрларнинг китоблар совға қилишлари яхши анъанага айланди. Жойларда янги китоб тақдимотлари ўтказилмоқда. Афсуски, келтирилаётган китоблар билан бирга мақоламиз ибтидосида айтиб ўтганимиздек, бадиий савия жиҳатидан талабга жавоб бермайдиган китоблар “ҳадя”си ҳамон давом этмоқда. Улар ҳам китоблар жавонидан жой олаётир.
Шундай экан, таълим муассасаларида дунёқараши кенг, савияси баланд ўқитувчиларни китоб мутолааси тарғиботида фаол иштирокини таъминлаш керак. Кутубхоналарда, китоб дўконларида энг яхши китобларни ўқишни тавсия этадиган тарғиботчи-мураббийлар бўлса…
Ҳерман Ҳессега ўхшатма қилиб айтадиган бўлсак қалбимизга, руҳимизга шифо, маънавиятимизга куч, жисмимизга қувват бағишлайдиган китобларни топа билишимиз, уларни ўқиб қалб хасталикларидан халос бўлишимиз даркор.
Маъмура АБДУРАҲИМОВА,
Фарғона вилояти.

ЎзА