Ҳам ўрганади, ҳам ўргатади

Минск шаҳрида I Беларусь — Ўзбекистон ёшлар IT форуми бўлиб ўтяпти.

Форумда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуранбоев бошчилигида 30 нафар ёшдан иборат делегациямиз иштирок этяпти.

Форум олдидан Беларусь ёшлар иттифоқи ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ўтказилган учрашувда томонлар ахборот технологияларини ривожлантириш борасидаги ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама этиб, истиқболли режаларни белгилаб олди.
Минск шаҳрида Беларусь — Ўзбекистон ёшларининг ахборот технологиялари соҳасидаги ёзги оромгоҳи ташкил этилди. Унда ўзбекистонлик ёш веб дастурчилар ҳам 3D моделлаштириш, робототехника, мехатроника, мобиль илова яратиш соҳаларида салоҳиятини намойиш этмоқда. Оромгоҳ иштирокчилари Беларусь Респуб­ликасининг етакчи IT компаниялари фаолияти билан танишади, тажриба алмашади ва дастурлаш бўйича ўқувларда қатнашади.
Делегациямиз вакиллари хизмат сафари мобайнида Беларусь Миллий кутубхонаси, Беларусь давлат тарих музейи, Минск шаҳри ва мамлакатнинг бошқа диққатга сазовор масканлари бўйлаб саёҳат қилади.
Беларусь — Ўзбекистон ёш­лар форуми ҳар икки мамлакат ёшлари учун ахборот технологиялари соҳасидаги замонавий муаммоларни муҳокама қилиш, янги технологиялар билан танишиш, ўзаро билим ва кўникма алмашиш учун платформа вазифасини бажаради.
Форум 9 августгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг сентябрь ойида беларуслик 30 нафар ёш дастурчи Ўзбекис­тонга таклиф этилиб, юртимиз ёшлари билан ҳамкорликда тренинглар ўтказиши кўзда тутилган.

Мухбиримиз