Ҳафталикнинг ёрқин тадбирлари

Шу йилнинг 22 – 27 август кунлари Тошкент, Термиз, Бу­хоро ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилиши кутилаётган “Ўзбекистон – буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳасида: империя, дин, маданият” мавзусидаги маданий мерос ҳафталигининг муҳим тадбирларидан бири – бу иштирокчилар­нинг Тошкентда барпо этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлари идорасига саёҳати ҳисобланади. Улар бу ерда Усмон Қуръони, Катта Лангар Қуръони нусхаларини кўришга муваффақ бўлади.
Бу нодир манбаларни кўриш учун ҳар йили Тошкентга дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб сайёҳлар келмоқда.
Экспертларнинг фикрича, Катта Лангар Қуръони қўл­ёзмасининг умумий ҳажми 206 саҳифа бўлиб, бугунги кунгача 97 та саҳифаси сақланиб қолган. Сўнгги тадқиқот натижасига кўра, қўлёзманинг 81 варағи Россия Қўлёзмалар институтида (РАН), 16 варағи Ўзбекис­тонда сақланмоқда.
Ислом цивилизацияси маркази эса ўз моҳиятига кўра Марказий Осиёда ягона ҳисоб­ланади.
Президентимизнинг 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талабидан келиб чиқиб пойтахтимизда қурилаётган мазкур марказ улуғ аждодларимиз яратган ва бугунги кунда бутун дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий мерос маркази бўлиши кутилмоқда.
Марказ таркибида академия, Ислом санъати музейи, мамлакатимизда ва хорижда сақланаётган ноёб диний қўлёзмалар, литографик китоб­лар, буюк аллома ва дин арбоблари қолдирган тарихий ҳужжатлар, шу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқотлар билан бойитиладиган фонд бўлиши назарда тутилган.

Рисолат МАДИЕВА