“SQB Аёллар клуби” ташкил этилди

Жорий йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида аёлларнинг ўрни ва нуфузини мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар сафига билимли, ташаббускор ва ташкилотчи аёлларни жалб этиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишларга танқидий баҳо берилиб, бир қатор вазифалар белгиланди.

Шундан келиб чиққан ҳолда “Ўзсаноатқурилишбанк”да “SQB Аёллар клуби” ташкил этилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари, банкнинг бир гуруҳ фаол ходималари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Баситханова мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши борасида кенг ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Аёлларимиз бугун соғлиқни сақлаш, таълим-тарбия, илм-фан, маданият, санъат, саноат ва бошқа соҳаларда самарали меҳнат қилиб, юртимиз ривожига беқиёс ҳисса қўшмоқда.

“Ўзсаноатқурилишбанк”да меҳнат қилаётганларнинг салмоқли қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Хусусан, бугунги кунда банкда жами 1750 нафарга яқин аёл хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган “SQB Аёллар клуби”нинг мақсади банк тизимида хотин-қизларнинг салоҳиятини янада ривожлантириш, етакчилик қобилиятини кучайтириш, сиёсатчи, раҳбар ва жамоат арбоблари сифатида ўзларини намоён қилиш ҳамда мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ахборот ва мафкуравий ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг иштирокини кенгайтиришдан иборат.

Рисолат МАДИЕВА