Ёшлар академияси ташкил этилади

Бугунги кунда юртимизда илмий ва  инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Иқтидорли ёшларнинг турли халқаро фан олимпиадалари, мусобақа ва танловларда қўлга киритаётган ютуқлари мазкур амалий ишларнинг натижасидир. Республикамизда бундай ўғил-қизларнинг сафини кенгайтириш, ёшларнинг ижодий, интеллектуал ва тадбиркорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион ғоя, лойиҳа ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Иқтидорли талабалар, ёш олимлар ва тадбиркорларнинг инновацион фаолиятини рағбатлантириш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш учун зарур шароитлар яратиляпти.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 августдаги “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги саъй-ҳаракатларни янги ривожланиш босқичига олиб чиқиши шубҳасиз.
Қарорда таъкидланганидек, юртимизда ёш иқтидор соҳибларини инновацион тадбиркорлик соҳасига тизимли жалб қилиш ишлари кўлами кун сайин кенгаймоқда. Инновациялар иқтисодий ўсиш, маҳсулот ва хизматлар рақобатбардошлигини таъминлашнинг муҳим омилига айланиб бораётган асримизда иқтидорли ёшларнинг ишбилармонлар ва етакчи олимлар билан ҳамкорликда иш юритиши учун ягона тизим яратиш, илм-фан соҳасида ёш кадрлар етиштириш тизимининг узвийлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш соҳасига юқори технологияларни татбиқ этиш, илмий тадқиқотларга ёшларни жалб этиш ҳамда илмий-техник ва инновацион лойи­ҳаларни амалга ошириш учун платформалар яратиш талаб этилмоқда. Мазкур масалаларга ечим топиш ва тизимдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси ташкил этилади.
Ўзбекистон Фанлар академияси, Инновацион ривожланиш ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилаётган академия зиммасига иқтидорли ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ишларини янада жонлантириш, халқаро миқёсда мамлакат илм-фанининг рақобатбардошлилигини таъминлаш, мавжуд илмий мактаблар салоҳиятини мус­таҳкамлаш ҳамда уларнинг инновацион салоҳиятини ри­вожлантириш вазифалари юкланди. Шунингдек, академияда мамлакатимиз келажаги учун муҳим аҳамиятга эга бўлган сунъий интеллект, қайта тикланувчи энергия манбалари, робототехника ва мехатроника, фармацевтика, биотехнология, дас­турлаш, саноат дизайни, 3D моделлаш ва бошқа истиқболли йўналиш­ларда амалий, инновацион ва стартап лойиҳалари амалга оширилади.
Ёшлар академияси аъзолари учун замонавий инфратузилмага эга ша­роитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Рес­публикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-­амалий маркази, Илғор технологиялар маркази ва “Яшнобод” инновацион технопаркининг бино, лаборатория, акселератори ва коворкинг марказлари бепул фойдаланиш учун ажратилади.
Келгусида Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида дунёнинг етакчи мамлакатлари тажрибаси асосида барпо этилаётган “ақлли шаҳар” ҳудудида академия аъзолари учун замонавий инфратузилмага эга кичик ва ихчам “Science Park” ташкил этиш режалаштирилган.
Шу ўринда савол туғилади: кимлар Ёшлар академиясида ўқиши мумкин ва қабул тартиби қандай бўлади?
Академияга ўзининг инновацион лойиҳа ва ғояларига эга иқтидорли ёшлар ва талабалар, 40 ёшгача бўлган олим ва тадбиркорлардан ташкил топ­ган жамоалар танлов асосида қабул қилинади.
Муассаса фаолияти билан боғлиқ харажатлар Васийлик кенгашининг қарорига асосан Ёшлар академиясининг иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш Жамғармаси томонидан, академия аъзоларининг лойи­ҳалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar — kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги фармони асосида ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
Академия аъзоларининг малакасини ошириш ва уларни хорижий стажировкаларга юбориш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандош­лар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-­юрт умиди” жамғармаси дастурлари доирасида буюртмага асосан амалга оширилади.
Қарорга кўра, 2020 йил 1 апрелга қадар Инновацион ривожланиш вазирлиги “Ғоялар генераторлари”, “Стартаплар”, “Бизнес вакиллари” ва “Бўлажак академиклар” платформаларини ташкил этади. Мазкур тузилмалар Ёшлар академияси аъзоларининг илмий-ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, қўллаб-қувватлаш ва ривож­лантиришга яқиндан кўмаклашади.

Жавлон ВАФОЕВ